Одамлар нега боқиманда бўлиб қолмоқда?

Орамизда ҳамма нарсани давлат ёки ҳокимият қилиб бериши керак, деб ўйлайдиган ва уларга суяниб яшаётганлар топилади. Ҳозир замон ўзгаряпти, технологиялар ривожланяпти. Шунга қараб жамият ҳам, одамларнинг дунёқараши ва интилишлари ҳам ўзгариши керак. Тўғри, ҳамма ҳам косасини кўтариб, давлатга кўз тикиб тургани йўқ. Кимдир ўқиш ёки оиласини боқиш учун хорижга кетяпти, биров арава суриб, рўзғор тебратяпти...

Аммо жамиятда бефарқлик, ижтимоий масъулиятсизлик, боқимандалик ҳолатлари кўп учрамоқда. Мисол учун, уй олдида чиқинди тўпланса, нега мен тозалайман, кўчамизни таъмирлаш керак бўлса, нега биз қиламиз, деймиз. Масъулиятдан қочамиз, уни кимгадир юклашга уринамиз ёки кимдир қилиб беришини кутамиз. Мен ҳам шу жамиятда яшаяпман, унинг бир бўлагиман, уни яхши томонга ўзгартириш учун ҳаракат қилишим керак, деган фикр бизга бегона бўлиб қолгандек гўё. Хўш, айрим одамларнинг боқиманда бўлиб қолишига нима сабаб бўляпти, унинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Қуйида экспертлар бу ҳақда фикр билдиришди.

Мусулмон одам боқиманда бўлмайди

Тошмуҳаммад Абилов, Иштихон тумани бош имом хатиби:

- Тарихда пайғамбарларнинг ҳаммаси бирор касб билан шуғулланган. Жумладан, Муҳаммад салаллоҳи алайҳи васаллам савдогар, Нуҳ алайҳиссалом уста, Довуд алайҳиссалом темирчи, Закариё алайҳиссалом дурадгор бўлган. Одамлар ҳам доим бирор касб билан шуғулланишга буюрилган.

Китобларда ёзилишича, бир йигит масжидга эрта-ю кеч ўтириб қолибди. Пайғамбаримиз “Бу йигит ким”, деб сўрабдилар? Йигит масжидда ўзини ибодатга бағишлаганини айтишибди. “Буни бола-чақаси йўқми, уларнинг ризқини ким беради”, деб сўрабдилар. Йигитнинг бола-чақаси бор, уларнинг ризқини йигитнинг акаси бериб туради, деб жавоб қайтаришибди. Шунда Пайғамбаримиз “Бу йигитдан унинг акаси яхшироқ экан, мусулмон одам боқиманда бўлмайди” деган эканлар.

Кейинги пайтда жамиятимизда бирор ишнинг бошини тутмаган, боқимандалар кўпайиб бормоқда. Жума куни масжидга бир йигит муҳтожларга пул бериляпти экан, саратонга чалинганман, менга ҳам ёрдам беринглар, дорига пул керак деб келди. Тўғриси, бақувват, кўриниши дуруст бу йигитнинг гапи ҳаммани ҳайрон қолдирди. Суриштирсак, бемор эмас, ҳеч бир муҳтожлик жойи йўқ. Ишлагиси келмайди, бу унинг учун осон пул топиш йўли, яъни фирибгарликни касб қилган экан.

Орамизда боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ёки ёлғизлар бор. Уларга давлат томонидан тегишли тартибда ёрдам кўрсатилмоқда. Бироқ тўрт мучаси соғ, ўзига тўқ  бўлса ҳам тиланчиликни касб қилган, берсанг ейман, урсанг ўламан қабилида давлатдан ёрдам оладиган боқимандалар уларнинг ҳаққига шерик бўлишдан қўрқмаяпти. Динимизда бир кунлик озиқасидан кўп таоми бўлган инсон мискин, фақир ҳисобланмайди, унга садақа бериш ҳаромдир дейилган. Давлат томонидан имконияти чекланган, етим ва муҳтожлар учун тайинланган ёрдамни ўзига тўқ кишиларнинг олиши уларнинг ҳаққини ейиш билан тенг.

Пайғамбаримиз айтдиларки, ким тиланчиликдан битта эшик очадиган бўлса, Аллоҳ унга фақирликдан етмиш эшикни очади. Шунинг учун оилада фарзандларимизга ўрнак бўлиб, ҳалол луқма едириб, тўғри тарбия берсак, мусулмон одам бирор касб билан шуғулланиб, ҳалол ризқ топиши вожиблигини ўргатсак, диёнатли фарзандлар тарбиялаган бўламиз.

Қўлдан берганга қуш тўймайди ёхуд инсонга эътибор керак

Мирзо Ихтиёров, журналист:

- Кейинги пайтларда айрим одамларнинг боқиманда бўлиб бораётганлиги ҳақидаги гаплар тез-тез қулоққа чалиниб турибди. Шундай одамлар ҳам борки, қўлини совуқ сувга теккизмасдан ёки остона ҳатлаб кўчага чиқмасдан туриб бирор эҳтиёжи, ками-кўсти бўлса барчасини давлат, маҳаллий ҳокимлик  қилиб бериши керак деб ҳисоблайди. Хўш, бу ҳолат қандай юзага келди?

Тўғри, кейинги пайтларда фуқаролар мурожаатларига бўлган эътибор тубдан ўзгарди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил устувор аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Бу жараёнда мутасадди раҳбарлар маҳаллаларга бориб, уйма-уй юришни, одамларни қийнаётган муаммоли масалалар билан қизиқишни бошлади. Ҳақиқатан ҳам “қўли калта”,  куни ўтиши учун бирор ишни бошлай олмаётганлар ҳам аниқланяпти. Уларга озгина ёрдам кўрсатилса, дейлик, ишини бошлаб олиши учун имтиёзли кредит ёки субсидия ажратилса, қайсидир фаолият турини бошлашига туртки берилса етарли. Ўз “аравасини тортиб” кетаётганлари ҳам бор. Бундай кишиларга балиқ эмас, қармоқни берсангиз бўлди, аслида.

Аммо, давлат идораларининг халққа хизмат қилиши асносида шундай тоифа одамлар шаклландики, уларни кўриб ёқа ушлайсиз, холос. Доимий равишда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашимизга, вилоят сектор раҳбарларининг  сайёр қабулларида иштирок этишимизга тўғри келади. Ана шу  қабулларга  келадиган айрим кишиларни таниб ҳам қолганман. Уларни оддийгина қилиб “дежурный” деб қўя қоламиз. 

Ана шундай сайёр қабулларнинг бирида вилоятимиз туманларидан бирида яшовчи аёл “Туман ҳокими менга ёрдам бермаяпти”, “Аёллар дафтари”га киритмаяпти. Менда унинг қасди бор”, деди. Сектор раҳбари томонидан ҳолатни холис ўрганиш ва хулосамизни бериш тавсия этилди биз, журналистларга. Орадан бир муддат ўтиб, ўша туманга ҳақиқий ҳолатни ўрганиш, аёлнинг яшаш шароити билан танишиш, маҳаллий ҳокимлик томонидан нега унга ёрдам кўрсатилмаётганлигига аниқлик киритиш мақсадида ижодий гуруҳ юбордик.

Маълум бўлдики, мурожаат қилувчи аёлга бир эмас, икки эмас, бир неча марта моддий ёрдам кўрсатилган экан. “Бечора аёл” икки қаватли намунали лойиҳа асосида қурилган янги бинода яшар, уйининг ёнида эса у кишига қарашли бўлган савдо дўкони ҳам бор экан.

Ҳолбуки, бугун қанчадан қанча бемор, якка-ёлғиз, давлатнинг ёрдамига ҳақиқатда эҳтиёжи бўлган одамларимиз бор. Юқоридаги аёлга ўхшаган “навбатчи мурожаатчи”лар виждони уйғониб, шу ҳақда ўйлаб кўрсалар, давлат идоралари вакиллари эса одамларни камбағалликдан чиқариш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш борасидаги ишларни амалга оширишда ҳақиқий эҳтиёжмандларни тўғри танласалар яхши бўларди.

Айрим ҳолларда масъулларнинг ўз қабулига келган юқоридаги каби “шартакилик” қилиб, одамларни эътиборини тортган ҳолда уялмасдан “дод-вой” қиладиганларга эътибор қаратиб, уни тинчитиш мақсадида қўйган талабларини мунтазам бажариб келаётганлиги ҳам “бер-бер” дейишдан тўймаётган “боқиманда”лар сонининг ортишига сабаб бўлаётгандир, эҳтимол! Қолаверса, “Қўлдан берганга қуш тўймас”, деган нақл бор халқимизда. Шунинг учун, аввало, одамларимизни меҳнатга ўргатсак, “қора қозон”и ҳар куни қайнаб туриши учун касбга йўналтирсак, давлат учун ҳам, жамият учун фойдадан холи бўлмайди.

Яна бир жиҳат. Юқоридаги фикрлар орқали мурожаат билан келадиганларнинг ҳаммаси ҳам боқиманда бўлади, давлатдан бирор нарса ундириш илинжида юради, демоқчи эмасмиз. Танганинг иккинчи томони бўлганидек, баъзи ҳолларда давлат идоралари вакилларининг ҳам фуқаролар мурожаатига эътиборсиз қараб, уларнинг мурожаатларини сохта далолатномалар тузган ҳолда ёпиб юборишлари ҳақида ҳам эшитиб қоламиз. Аслида, касаллик ёки рўзғордаги етишмовчиликлар сабаб моддий кўмак ёки имтиёзли даволаниш учун мурожаат қиладиганлар ҳам бор. Улар минг бир истиҳола билан, ноиложликдан ёрдам сўрайди. Афсуски, мана шундай ҳолатларда мутасаддилар томонидан қилинган мурожаатнинг эътиборсиз қолдирилиши ёки фуқароларни мужмал ваъдалар билан ортга қайтарилиши уларда давлат идораларига, мансабдор шахсларга бўлган ишончнинг сўнишига олиб келади.

Инсонга кўп нарса керак эмас, озгина эътибор берилса бас. Ҳеч бўлмаганда уларнинг дардига шерик бўлиб, мурожаатини тинглаш, масаланинг ечими юзасидан тўғри тавсия ва йўналиш беришнинг ўзи ҳам етарли бўлади баъзида.

Боқимандалик характер эмас, у оилада шаклланади

Суюн Каримов, профессор:

- Одам борки, тўқ, фаровон яшашни истайди. Аммо бундай ҳаёт кечиришнинг ягона йўли ҳалол меҳнат эканлигини ҳамма ҳам англаб етавермайди. Негаки, оилада болаликдан меҳнат қилишга, ҳалол ризқ теришга ўргатилмайди. Аксарият ота-оналар фарзандини жуда эрка, талтайтириб, айтганини муҳайё қилиб тарбиялайди. Яна шундай тоифадаги ота-оналар борки, бирор ишнинг бошини тутмайди. Куни давлатдан ёрдам сўраш, ҳокимият эшигида сарғайиш билан ўтади. Ҳатто, фарзандларини, уларнинг тарбиясини қариндошига ишониб, ўзи хорижга кетаётганлар ҳам топилади орамизда. Энди ўйлаб кўринг, бундай ота-оналардан фарзандлари нимани ўрганади, қандай тарбия олади, улар келажакда ким бўлиб етишади-ю, катта ҳаётга қандай қадам қўяди?

Касбим ўқитувчи бўлгани учун яхши биламан. Бола мактабга “суяги қотган” ҳолда келади. Унгача тарбияси, дунёқараши оила муҳитида шаклланиб бўлган бўлади. Мактабда, лицейда, техникумда, олий ўқув юртида болага асосан таълим берилади. Бу даргоҳларда бериладиган тарбия, маҳалла аҳлидан олинадиган ибрат эса оилада берилган тарбияга қўшимча бўлиши мумкин, холос. Агар бошланғич тарбия пойдевори лойдан ясалган бўлса, унинг устига қандай қилиб пишиқ ғиштдан сифатли иморат қуриш мумкин?

Оилада фарзандларимизга ўрнак бўлиб, меҳнатсеварликни, китоб ўқишни, тўғри яшашни ўргатсак, бола ҳаётининг кейинги босқичларидаги тарбияни ҳазм қила олади, уни таълим билан уйғунлаштириб, бойитиб боради. Қолаверса, келажакда дангаса, ишёқмас, ота-онасининг нафақасига кўз тикиб, боқиманда бўлиб ўтирмайди. Улуғ адиб Ғафур Ғуломнинг “Ҳасан кайфий” ҳикоясида айтилганидек, “ақл ва меҳнат омон бўлса”, соғлом фикр тантана қилади. Соғлом фикрлайдиган инсондан эса ўзига ҳам, жамиятга ҳам фақат манфаат келади.

“Олтин балиқча” эртагини билмаган одам бўлмаса керак. Тешик тоғораси бутун бўлишини умр бўйи орзу қилган кампир омадга юз тутдию, маликага айланди. Афсуски, ношукрлиги учун яна тешик тоғораси билан қолди. Айтмоқчи бўлганим, ҳозирги тинч, фаровон кунларимизга шукр қилиб, боқимандалик кайфиятидан воз кечиб, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз, фарзандларимизни ўқитиб, илмли, ҳунарли, халқимизга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбиялашимиз керак.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Халқимиз яхши яшашини, ривожланган давлатлар қаторига чиқишни истаймиз. Лекин ҳеч ким меҳнатсиз, машаққатсиз натижага эришмаган, эришолмайдиям! Президент келиб йўналиш беради, вазифа қўяди. Уларни ким амалга оширади? Одамлар қачон уйғонади? Биз анча нарсада кечикканмиз. Агар эндиям уйғонмасак олдимизга қўйган катта мақсадларимизга етолмаймиз. Биров келиб биз учун ҳеч нарса қилиб бермайди”.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.