Одамларни севмоқ - саодат ёхуд журналист Аҳмад Нарзиқуловни эслаб

Аҳмад ака ўзига хос одам эди. Бундай дейишимнинг сабаби шундаки, ҳозирда ҳам касбидан қатъий назар, у кишининг даврасида бўлган ёши катталардан сўраб қолгудек бўлсангиз, бу ажойиб фазилатли инсон ҳақидаги хотираларини фахр билан айтиб беради. Ҳар қандай суҳбат ва баҳсларда вазиятдан чиқиб кета олишига ҳамма ҳавас қиларди.

Энди, яъни 30-40 йил ўтгандан кейин англаб турибманки, Аҳмад ака китоб, газета-журналларни кўп мутолаа қилган, одамлар, айниқса мутахассислар ва касб усталари билан мулоқотдан эринмаган. Бир жамоада ишлаганимизда қўлёзмамизни кўрсатсак, қайси туман ёки қайси соҳадан бўлмасин, барибир маслаҳат бера оларди, чунки кўп одамни танир ва кўп соҳадан тасаввурга эга эди. Бунинг ҳаммаси, табиийки, у кишининг кучли зеҳни, қизиқувчанлиги, иштиёқи ва, муҳими, бағрикенглиги сабабли эди.

Таҳририятда тушликдан ёки иш вақти тугандан сўнг Аҳмад ака ўтирган хонада, албатта, қисқа, лекин қизиқарли суҳбат бўларди, устознинг ҳаётий ҳикоялари ва латифаларини мириқиб эшитардик. Тўй-маъракаларда ҳам у кишига яқинроқ жой эгаллашга интилардик.

Келинг, энди муштарийларга қаҳрамонимни таништира қолай.

Аҳмад Нарзиқулов 1923 йилда Самарқанд туманидаги Урганжи қишлоғида туғилган. Хоразм шевасида гаплашадиган ва халқ ўртасида Туркманқишлоқ сифатида танилган бу маскан аҳли қадимдан маърифатли бўлган. Аҳмад ака яхшигина хиргойи қилар, жуда кўплаб бадиий асарлардан монологларни ёддан биларди, ҳатто бинойидек шеърлар ёзган. Бинобарин, акаси ветеринар бўлса-да, қишлоқда ҳофиз сифатида танилган. Зиёли сулола - Шукуровлар билан яқин маслакдош бўлгани, мактабдаёқ газеталарга ул-бул ёзиб юргани боис адабиёт муаллимлиги касбини танлади ва адашмади. Уруш даври ва тикланиш йиллари қийинчилиги бундай зиёлиларга эҳтиёжни янада оширганди.

Аҳмад ака СамДУ дипломини олгач, тўққиз йил мактабда ўқитувчилик қилди, тез-тез мақолалар ёзиб, тилга тушди, натижада уни 1958 йилда  Самарқанд туман газетасига масъул котибликка чақиришди ва умрининг охиригача ана шу шарафли касбнинг завқу шавқи билан яшади.

- Журналистика шунақа соҳаки, унда раҳбар ва ходим деган тушунча бўлмайди, - дерди у киши. - Мухбирни лавозими эмас, қалами кучига қараб баҳолашади. Ёзмайдиган ёки ёмон ёзадиган журналистга мухбир эмас, редакция ходими сифатида муносабатда бўлишади.

А.Нарзиқулов ана шу нуқтаи назар билан ишлади. Самарқанд ва Паст Дарғом туман газеталарида масъул котиб, муҳаррир ўрибосари, вилоят газетасида бўлим мудири бўлиб ишлаган чоғларида кабинетда ўтириб қолмади, бир мухбир қатори мақола ёзди, ёзганда ҳам энг долзарб муаммоларни кўтариб чиқди, ўнлаб таҳлилий мақолалари ва фельетонлари ўша даврда нуфузли расмий идораларда муҳокама этилди. Айниқса, устознинг Чўпонота тепалиги тарихи, бу қўрғоннинг тарихий ва табиий аҳамияти хусусида ёзган мақолалари, мазкур тепалик Самарқандни мўътадил ҳаво билан таъминлаши ва у ерда иморатлар қурилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги чиқишлари катта шов-шувга сабаб бўлди. Минг афсуски, йиллар ўтиб, бу хатоликлар яна такрорланди.

Аҳмад ака бир муддат вилоят радиосида бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатган бўлса-да, "Зарафшон" у кишининг иккинчи уйи эди, бутун жамоани дўсти, укаларидек кўрарди. Шу сабабли нафақага чиққандан сўнг ҳам таҳририятдан узоқлашмади. Хусусан, ҳижрий қамарий жадвалларнинг замонавий шарҳларини тайёрлаб, деҳқончилик табиий шароитлари тўғрисида қимматли хулосалар берди.

Агар ҳаёт бўлганида Аҳмад ака бугун 100 ёшга тўларди. Шу сабабли бу фидойи ҳамкасбимизни йўқлашга жазм этдик. Бинобарин, газеталар тахламларида тарихимиз шарҳи бўлиб турган мақолалари устоз номининг абадийлигини таъминлаб тураверади. Ҳар бир журналист ана шундай саодатга мушарраф бўлишини истаб қоламиз.

Фармон ТОШЕВ.