Ўғирланган мақола “неча пул”га тушади?
- Бир журналист ёзган мақолани олиб, ўз номимдан нашрга берган эдим. Энди у ўзига етказилган маънавий зарар учун компенсация сўраяпти. Унинг талаби тўғрими?
- Маънавий зарар деганда фуқарога туғилишидан ёки қонунга мувофиқ тегишли бўлган моддий бойликларга дахл этувчи ёки унинг шахсий номулкий ҳуқуқларини (ўз номидан фойдаланиш ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи ҳамда ақлий фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза қилиш ва бошқалар) бузувчи ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ортидан етказилган маънавий ёки жисмоний оғриқ ва изтироблар тушунилади.
Маънавий зарар, жумладан, қариндошларини йўқотиш, фаол ижтимоий ҳаётни давом эттира олмаслик, ишсизлик, оила ёки шифокор сирининг ошкор этилиши, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишбилармонлик обрўсини туширадиган ёлғон маълумотлар тарқатилиши, жароҳат ёки соғлиққа етказилган шикаст оқибатида маънавий изтироб чекишдан иборат бўлиши ҳам мумкин. Маънавий зарар уни етказган шахснинг айбидан қатъи назар, қопланиши лозим. Уни қоплашнинг ҳар хил шакллари, хусусан, зарар етказувчига узр сўраш мажбуриятини юклаш, иш жойига тиклаш, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ҳамда пулли шакли ҳам мавжуд. Бироқ маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий изтироблар хусусиятига қараб суд томонидан белгиланади.
- Қўшнимнинг бузоғи тез-тез арқонини узиб ҳовлимга ўтади ва экинларимни пайҳон қилади. Яқинда бузоқни менга етказилган зарар учун, деб молхонага қамаб қўйдим. Бу ҳаракатим учун жавобгарликка тортилмайманми?
- Бу қонун ҳужжатлари ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахсга тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, яъни асоссиз бойлик орттириш ҳисобланади. Асосларсиз бошқа шахснинг ҳисобидаги мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) мазкур мол-мулкни жабрланувчига қайтариб бериши шарт. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1030-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Асоссиз орттирилган мол-мулкни қайтариб бериш мажбурияти, шунингдек, мол-мулкни эгаллаб олиш ёки тежаб қолиш асоси кейинчалик бекор бўлганда ҳам юзага келади. Мазкур қоидалар қўлга киритувчининг, жабрланувчининг, учинчи шахсларнинг хулқ-атвори натижаси бўлганлигидан ёки уларнинг иродасидан ташқари содир бўлганлигидан қатъи назар, қўлланилади.
Саволларга Паст Дарғом туманлараро иқтисодий суди раиси Луқмон Асатов жавоб берди.