Океанлар сувости вулқонлари сайёрамиз иқлимига таҳдид солмоқда

Олимлар сувости вулқонлари фаоллиги ошиши хатарли тус олаётганини қайд этди. Илгари океанлар тубидаги вулқонлар отилиши қуруқликдагидан кам деб ҳисобланарди. Аммо янги тадқиқотлар бундай эмаслигини кўрсатди.

Ҳозирда океан туби улкан иссиқлик ва қайноқ масса чиқарадиган хатарли дошқозонга айланган. Вулконологлар айнан ана шу ерости энергияси сайёрамиз иқлимига доимий таъсир ўтказаётганини таъкидлайдилар. Илгари қайд этиб келинган парник эффекти эмас, ана шу океанлар остидан юзага ажралиб чиқаётган улкан энергия сув юзаси ва Ер иқлимига жиддий таъсир ўтказиб сайёра юзаси исишига олиб келмоқда. Ер остидан отилиб чиқаётган барча вулқонларнинг 80 фоизи сув остида рўй бермоқда. 2009 йилда Вест Мата вулқони шундай куч билан отилдики, унинг қуввати АҚШни бемалол энергия билан таъминлашга етарди.

Гидротермал сувости мегаустунлари жуда тез тарқалади. Лидс университетида шундай отилишларнинг математик модели тузилди. Аниқланишича, бунинг учун бутун бир қитъанинг энергияга бўлган эҳтиёжини қоплашга етадиган қувват ҳосил бўлар экан. Айнан ана шу сувости вулқонлари фаоллиги янги-янги ороллар пайдо бўлишига олиб келади. Аммо инсон буни сезмайди. Вулқон сув қаърининг айнан қаеридан отилишини башорат қилиш ўта мураккаб вазифа.

Баъзан сувости вулқонлари қуруқликда кучли силкиниишларни вужудга келтиради. Мисол учун, 2019 йилда Ҳинд океанида қудратли вулқон жунбушга келди. Бу бутун дунёда бир неча кучли зилзилаларни келтириб чиқарди. Франциянинг Майота оролида уйғонган вулқондан ер қопиғи ёрилиб кетди, ундан 10 минг миль нарида ҳам кучли зилзила қайд этилди.

Тадқиқотчилар гидротермал суюқлик мегаустунлари пайдо қиладиган улкан энергия сирларини ўрганишга эндигина киришдилар. Дастлабки хулосалар шуки, Ер юзаси иқлими исиб бораётгани, музликлар эриши тезлашаётгани, кутилмаган қурғоқчилик, ёнғинлар, сув тошқинлари, селлар рўй беришида океан тубидан отилаётган қудратли вулқонларнинг таъсири катта.

“Мир новостей” (2021 й. 18-сон) ҳафтаномасидан Т.Шомуродов тайёрлади.