Округ матбуот маркази тузилди
Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг йиғилиши ўтказилди.
Округ комиссияси раиси Х.Муҳаммадиев бошқарган мажлисда шу йилнинг 9 июль куни ўтказиладиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига Самарқанд вилояти ҳудудида кўрилаётган тайёргарлик, бу жараёнда комиссиянинг вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Шундан келиб чиқиб, комиссиянинг иш режаси, комиссия аъзоларининг вазифалари тақсимоти, комиссия ҳузурида матбуот маркази ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Комиссияси аъзоларига гувоҳномалар топширилди.
Йиғилишда Марказий сайлов комиссияси томонидан 22 май куни Тошкент шаҳрида округ комиссиялари раис, ўринбосар ва котиблари иштирокида ўтказилган ўқув-семинар тафсилотлари ҳақида маълумот берилди. Жойларда участка комиссиялари учун семинарлар ташкил этишда эътибор қаратиш зарур бўлган масалалар қайд этилди.
Туман ва шаҳарлар ҳокимлари тақдимномасига асосан округ ҳудудида сайлов участкаларини тузиш, бунда сайловга оид қонунчиликда белгиланган нормалар юзасидан фикрлар билдирилиб, комиссия аъзоларига зарур тавсиялар берилди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар бўйича комиссия қарорлари қабул қилинди.