Олий Мажлис депутатлари Самарқанддаги айрим таълим-тарбия масканларининг ютуқ ва камчиликларини ўрганди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, O’zLiDeP Самарқанд вилояти Кенгаши аъзолари партия фаоллари Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали фаолияти билан танишди.
Учрашув давомида депутат Н.Ризаев мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, айниқса малакали олий маълумотли кадрлар тайёрлашни жадал ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар олиб борилаётганлигига тўхталди.
Қайд этганидек, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри, Пайариқ, Оқдарё ва Ургут туманларида 10 га яқин олий таълим муассасалари ҳамда уларнинг филиаллари фаолияти йўлга қўйилган.
Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиалида бугунги кунда 2 та факультет, 5 та кафедра, 16 та бакалавриат таълим йўналишлари мавжуд бўлиб, 2 039 нафар (бакалавриат кундузги 1 778 нафар, сиртқи 261 нафар) талаба таҳсил олмоқда. Филиалда ўтган йили профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар томонидан 5 та дарслик, 3 та ўқув қўлланма, 3 та монография, “Web of Science”, “Scopus” халқаро илмий-техник маълумотлар базалари илмий журналларида 24 та мақолалар нашр этилган бўлиб, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк агентлиги томонидан 1 та ихтиро учун патент, 2 та муаллифлик гувоҳномаси, 2022 йилда 3 та, 2023 йилда 4 та муаллифлик гувоҳномалари олинган.
Тадбирда институт ўқитувчи ва талабаларнинг таклиф ва мулоҳазалари эшитилди.
Депутатлар, шунингдек, Самарқанд давлат чет тиллар институти Нарпай хорижий тиллар факультетида профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлар билан учрашди.
Тадбирда сўз олганлар юртимизда хусусий таълим муассасаларига қамраб олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди ва институт фаолларининг, ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Институт декани Хусниддин Маманиёзов талаба ёшларни ётоқхона билан таъминлаш таклифини билдирди. Мазкур масала депутат Н.Ризаев томонидан назоратга олиниб, ижобий ечим топилиши билдирилди.
Оқтош шаҳарчасида жойлашган давлат хусусий шерикчилик асосидаги “Оқтош кўзмунчоқлари” НМТТдаги учрашув ҳам мазмунли кечди. Болалар ва тарбиячилар депутатлар билан мулоқотда бўлди.
4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига бунёд этилган мазкур объект, З миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ҳисобидан қурилган.
- Нодавлат мактабгача таълим ташкилотида ҳозирги кунда 25 нафар ишчи-ходимлар фаолият олиб бормоқда, - дейди НМТТ мудираси Мадина Шамсиддинова. - Бу ерда ташкил этилган гуруҳларда бугунги кунда 150 нафар болажон тарбияланади. Уларнинг 25 фоизи боғчага имтиёзли тарзда қабул қилинган. Боғчада гимнастика, инглиз ва рус тиллари, ментал арифметика бўйича ўқув машғулотлари чуқурлаштирилган ҳолда олиб бориляпти
Учрашув давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар ҳеч шубҳасиз, мактабгача таълим соҳасига ҳам тааллуқли бўлиб, ушбу йўналишдаги ишлар Нарпай туманида ҳам йўлга қўйилганлиги мазкур НМТТ фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланаётганлиги таъкидланди.
Абдулазиз Йўлдошев.