Олий маълумотли ҳамширалар қачон ўз мақомига эга бўлади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 6 декабрдаги қарорига мувофиқ олий маълумотли тиббиёт ҳамшираси мақоми жорий этилди. 2007-2008 ўқув йилидан бошлаб барча тиббиёт олийгоҳларида олий маълумотли тиббиёт ҳамширалари тайёрлаш уч йиллик бўлимлари очилди.

Қарордан асосий мақсад ўрта бўғин тиббиёт ходимлари савиясини юксалтириш, уларнинг малакасини оширишни рағбатлантиришдан иборат эди. Хусусан, олий маълумотга эга тиббиёт ҳамшираларига тариф ставкасининг 10 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланган.

Аслида ушбу қарор жарроҳлик, реабилитация, шошилинч тиббий ёрдам, туғруқ бўлимларида олий маълумотли тиббий ҳамширалар ишлашини назарда тутган. Шунингдек, бу бўлимда таҳсил олганлар тиббиёт коллежларида дарс беришлари мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Энди мақсадга кўчсак. Ушбу мақоланинг ёзилишига 2-3 нафар ҳамширанинг таҳририятга келиб мулоҳаза билдириши сабаб бўлди.

- Биз бошқа факультет талабалари қатори контракт пули тўлаб ўқидик, - дейди исм-шарифини, манзилини сир тутишимизни сўраган ҳамшира аёллар. – Ректорга раҳмат, дарсимизни шундай жойлаштириб бердики, кечки сменадагилар ишини ҳам давом эттиришди, бизни ўша даврларда пахта теримига ҳам жалб этишмади.

- Хўш, бунинг нимаси ёмон?

- Курсдошларимиздан бирор киши ҳам ҳалигача бош ҳамшираликка тайинланмади. Биздан олдин ва кейин битирганларда ҳам аҳвол шу. Қарорда белгиланган қўшимча ҳақ тўланмайди. Яшириб нима қиламиз, ҳаммамиз оддий одамларнинг фарзандлари, контракт тўловларини бир амаллаб амалга оширганмиз.

- Раҳбариятга мурожаат қилмадингизми?

- Эҳ-ҳе, қанча айтдик, бефойда, қайта талаб қилаверсак, бир амаллаб ишлаб турган штатимизни ҳам қисқартиришади. Ана, бир ўрганиб кўринг, ишга олмагани бир томону, олий маълумотли ҳамшираларнинг қанчасини ишдан бўшатишган.

- Эҳтимол, уларнинг малака савияси, маҳорати етишмагандир ёки хато қилгандир?

- Мумкин, аммо ўзингиз ўйланг, ўқишга кирганларнинг кўпчилиги 3-5 йилгача иш стажига эга, тағин ишлаб туриб ўқиган, яна қанақа малака ҳақида гап бўлиши мумкин? Дипломни олганимиздан кейин ҳам бизга коллеж маълумотидаги ҳамширалар сифатида муомалада, муносабатда бўлишади.

Мана, сиз ҳам «Кимга мурожаат қилдингиз?», деб сўраяпсиз. Айтинг-чи, Президент қарори ижроси билан ким шуғулланиши керак, раҳбарлар эмасми? Биз аниқ биламиз, ушбу қарор бўйича ҳеч ким ҳеч кимга ҳисоб берган эмас. Агар ҳолат таҳлил қилинганида, ҳисоб берилганида олий маълумотли ҳамшираларни рағбатлантириш ёки аксинча, агар бу штат ўзини оқламаган бўлса, институтларда шу бўлимни бутунлай тугатиш ҳақида бир фикрга келишарди. Ишонмасангиз, ана, истаган шифохона ёки вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларидан ёзма равишда сўраб кўринг, аниқ жавоб ололмайсиз.

Келинг, азиз муштарий, бу гал сал бошқачароқ йўл тутайлик. Ушбу мақола вилоят, туман соғлиқни сақлаш идоралари, ихтисослашган шифохоналар раҳбарлари учун савол тарзида бўла қолсин. Уларнинг жавоблари, фикр ва таклифлари асосида мавзуни давом эттирамиз.

***

Ушбу мақола шу йил 16 февраль куни Zarnews.uz веб-сайтига қўйилди,  “Зарафшон” газетасининг 16 февралдаги  20-сонида босилди. Ҳеч кимдан жавоб бўлавермагач, аввал халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши сессиясида иштирок этган Вазир ўринбосари Э.Боситхоновага айтилди, кейин Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмоновнинг телеграммига юборилди. 12 май - Халқаро ҳамширалар куни баҳона ушбу масалага муносабат билдирилар, деган мақсадда республиканинг айрим ижтимоий тармоқларига ҳам жўнатдик. Бироқ ҳануз жимлик.

Шу боис ушбу мақолани такрор тарзда эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик. Ёзинг, кўтарилган масалага Сизнинг фикрингиз қандай?

Фармон ТОШЕВ.