Олий таълим муассасаларида ўқув бинолари етарлими?

Бугун олий таълим муассасаларида талабалар анъанавий ёки онлайн тарзда таълим оляпти. Самарқанддаги анъанавий дарс жараёнлари билан танишиш мақсадида айрим олий таълим даргоҳларида бўлдик.

Самарқанд давлат университетида

Бу ерда анъанавий дарслар 1- ва 4-курс талабаларига ташкил этилган. Душанба, сешанба кунлари 4-курс талабаларига, ҳафтанинг чоршанба, пайшанба, жума, шанба кунлари 1-курс талабаларига анъанавий дарслар бўлиб ўтмоқда. 2-, 3-курс талабалари эса онлайн тарзда таълим оляпти.

Шунингдек, магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг фақат 1-курслари учун анъанавий дарслар ташкил этилган.

Университетда дарс соатлари 80 минутдан 60 минутга қисқарган, хоналарни шамоллатиш учун танаффусга 20 минутдан вақт ажратилган.

Ўзбек филологияси факультетида ҳозирча дарслар бир навбатда ўқитиляпти. Агар 2- ва 3-курс талабалари ҳам анъанавий дарсларга жалб этилса, дарслар икки навбатда ўқитилади. Рус филологияси, география ва тарих факультетларида ҳам ўқув хоналари камлиги боис барча курсларни бир навбатда ўқитиш имконияти йўқ. Математика факультетида шароит янада оғир.

- Биринчи курсларимиз 20 та гуруҳдан иборат, ҳозирча 511 нафарни ташкил этяпти, - дейди ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари Ўткир Нишонов. – Ўқув хоналаримиз камлиги боис 1-курсларни икки навбатда ўқитяпмиз. Агар 2- ва 3-курс талабаларига ҳам анъанавий дарслар бошланса, аудиториялар етишмайди.

Шунингдек, математика факультетида кечки таълим шакли талабалари учун ҳам анъанавий дарслар бошланган. Уларга дарслар соат 17:00 дан 19:20 гача белгиланган.

Ўзбек филологияси, рус филологияси, география, тарих ва математика факультетларида анъанавий дарс­ларда ҳар бир партада биттадан эмас, икки нафардан талаба ўтирибди. Агар талабалар партага биттадан ўтирса, жойлар етишмайди. Ҳатто ўзбек филологияси ва математика факультетларида умумий лекция дарсларида аудиторияда 2-3 тагача гуруҳ талабалари қатнашаётганига гувоҳ бўлдик. Факультет раҳбарлари бундай ҳолатни ўқув хоналари етишмаслиги, гуруҳлар бўлиб ўқитилса, қўшимча дарслар учун иш ҳақи тўланмаслиги билан изоҳлади.

Бундан ташқари, университетда бу йил табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишни истовчи талабгорлар ҳам кўпайган. Масалан, рус филологияси факультетига 80 нафардан ортиқ, тарих факультетига эса 300 нафардан кўпроқ талаба табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган. Ушбу ҳолат ҳам ўқув хоналарининг етишмаслигига сабаб бўлган.

Бугунги кунда Самарқанд давлат университетининг 9200 ўринга мўлжалланган 11 та ўқув биноси мавжуд. Университетда кундузги, кечки, сиртқи бўлим талабалари эса 27800 нафарни ташкил этмоқда. Маълумотларга кўра, бугун университетда анъанавий дарсларга қатнашаётган биринчи ва тўртинчи курс талабаларининг сони 9 минг нафар атрофида. Ҳозирча ўқув бинолар етарли. Аммо талабалар анъанавий дарсларга қайтарилса, ўқув хоналари етишмайди. Масалан, география факультетида бу йил 200 нафар қабул квотаси асосида, 67 нафар табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабалар ўқишга қабул қилинган. Факультетда умумий талабалар сони 760 нафарни ташкил этади, ўқув хоналари эса атиги 11 та экан. Бошқа факультетларда ҳам аҳвол шундай. Ушбу муаммо бир-икки йил ичида пайдо бўлмаган, балки йиллар давомида кузатилган. Бироқ, муаммога ечим топилмаган.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида

Институтда 1- ва 2-курс талабаларига анъанавий дарслар ташкил қилинган. 3-, 4-курс талабалари якуний назорат ишларини топширяпти.

Дарслар 60 минутдан бўлиб, танаффусга 10 минутдан вақт ажратилган. Дарслар икки навбатда олиб бориляпти.

Биз архитектура, қурилишни бошқариш, қурилиш факультетларидаги анъанавий дарс жараёнларини кузатдик. Газ босими пастлиги сабабли ўқув хоналари совуқ, иситиш батареялари ишламаяпти. Бўлажак архитектор ва қурувчилар полининг бўёғи кўчиб кетган эски хоналарда таҳсил оляпти. Ўқув хоналаридаги эшик, дераза, пол, шифтлар ниҳоятда эскириб кетган, замон талабларига жавоб бермайди.

- Институтнинг саккиз қаватли 1800 ўринли бош биноси капитал таъмирланяпти, - деди ўқув ишлари бўйича проректор Абдуазиз Раҳимов. – Пандемия туфайли май ойидан буён таъмирлаш ишлари тўхтаб қолди. Бино таъмирига 43 миллиард сўм маблағ сарфланди. Ишлар тугагач, факультетларимиз замонавий шарт-шароитларга эга янги бинога кўчирилади. 

Биз институтнинг таъмирланган биносини ҳам бориб кўрдик. Ичкари хоналар таъмирдан чиққан, баъзи хона жиҳозлари ҳам келтирилган. Фақат бинонинг ташқи қисмидаги ишлар чала.

- Бино 70 фоиз таъмирдан чиққан, фақат хоналардаги иситиш тизимини созлаш ва ҳовлидаги чала ишларни тугатишимиз керак, - деди “Сармоя сервис” МЧЖ иш юритувчиси Мақсуд Халилов. – Аслида бино 4 августда топширилиши керак эди, маблағ тушмагани боис ишимиз ортга сурилди. Энди 16 февралгача топширишни режалаштирганмиз.

Бугун институтнинг 2625 ўринли ўқув биноларида бакалавр йўналишидаги 5061 нафар талаба таҳсил оляпти. Шунингдек, институтда 206 нафар магистратура, 800 нафар сиртқи йўналишларда таълим оладиган талабалар ҳам бор. Бош бино фойдаланишга топширилса, ўқув бинолар сиғими 4425 ўринли бўлади. Шунда ҳам талабаларни бир навбатда қамраб олиш имкони бўлмайди.

Ўқув хоналарининг етишмаслиги биргина Самарқанд давлат университети ёки Самарқанд архитектура-қурилиш институтида эмас, балки вилоятимиздаги бошқа олий таълим даргоҳларида ҳам оғриқли масалалардан бири ҳисобланади. Ҳар йили қабул квоталарининг оширилиши, қўшимча табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабалар ўқишга қабул қилиниши олий таълим муассасаларида ўқув хоналарининг етишмаслигига сабаб бўлмоқда.

Хўш, олий таълим даргоҳларида қабул квоталари режалаштирилаётганида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талаба ўқишга олинаётганда ўқув биноларининг сиғими ҳисобга олинмайдими? Ҳисобга олинса, нега янги, қўшимча бинолар қурилмаяпти?

Хуршида ЭРНАЗАРОВА,

Бахтиёр МУСТАНОВ,

«Зарафшон» мухбирлари.