Олти асрлик ришталар ёки Бошли ва Самарқанд тарихи ҳақида

Амир Темур 1396 йилда Доғистондаги Бошли қалъасини эгаллагач, у ердан 20-25 ёшли минг нафар жангчи йигитни Самарқанд ва Бухорога олиб келган.

Амир Темур асос солган Турон давлати нафақат Марказий Осиё, балки жаҳон тарихида ҳам муҳим ўрин тутади. Соҳибқирон қисқа вақт ичида кучли ва марказлашган давлат барпо этиб, унинг сарҳадларини кенгайтириш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш йўлида йирик ҳарбий юришлар олиб борди. Унинг саркардалик маҳорати, сиёсий заковати ва давлат бошқарувидаги қатъияти туфайли Турон давлати ўз даврининг қудратли мамлакатларидан бирига айланди.

Амир Темур 1386-1388 йилларда уч йиллик, 1392-1396 йилларда беш йиллик, 1399-1402 йилларда эса етти йиллик ҳарбий юришларда бўлди. Бу юришлар давомида Эрон, Ироқ, Сурия, Кавказ, Усмонлилар давлати, Олтин Ўрда ҳамда Ҳиндистон ҳудудидаги кўплаб мамлакатлар Темур салтанати таъсирига тушди. Манбаларда қайд этилишича, Соҳибқирон мингдан ортиқ жангларда иштирок этиб, деярли барчасида ғалаба қозонган.

1391 йил 18 июнда Самара вилоятидаги Кандирча дарёси бўйида Амир Темур ва Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон ўртасида йирик жанг бўлиб ўтади. Манбаларга кўра, ҳар икки томондан 200 мингдан ортиқ аскар қатнашган ушбу жангда Амир Темур ҳал қилувчи ғалабага эришган. Бу зафар Турон давлатининг мустақиллиги ва қудратини янада мустаҳкамлайди.

1395 йил 15 апрелда эса Терек дарёси бўйида Тўхтамишхонга қарши иккинчи жанг юз беради. Бу сафар Амир Темур қўшини таркибида 250 мингга яқин жангчи қатнашган. Жанг яна Соҳибқироннинг буюк ғалабаси билан якунланиб, Олтин Ўрданинг сиёсий қудратига жиддий зарба берилади.

1402 йил 20 июлда Анқара яқинида Амир Темур ва Усмонлилар султони Йилдирим Боязид ўртасида ўрта асрларнинг энг машҳур жангларидан бири бўлиб ўтди. Амир Темур қўшини 200 минг, Боязид лашкари эса 160 минг аскардан иборат эди. Жанг натижасида Амир Темур ғалаба қозониб, бутун Шарқ ва Ғарб дунёсида катта шуҳрат қозонди.

Бу юришлардан кейин Самарқанд нафақат сиёсий, балки маданий ва иқтисодий марказ сифатида ҳам юксалди. Турли мамлакатлардан минглаб жангчилар, ҳунармандлар, деҳқонлар ва чорвадорлар Самарқандга олиб келинди. Улар шаҳар ва атроф ҳудудларнинг тараққиётига катта ҳисса қўшдилар.

Тарихнинг бу маълумотларини келтиришимизга сабаб бор. Гап шундаки, 1960 йилларда Самарқандда Доғистон маданияти кунлари ўтказилади. Шу тадбирда қизиқарли тарихий маълумотлар юзага чиқади. Яъни, самарқандлик бир неча отахон доғистонлик меҳмонлар билан суҳбатда ўз аждодлари Доғистондан келганини айтишади. Уларнинг сўзларига кўра, Амир Темур 1396 йилда Доғистондаги Бошли қалъасини эгаллагач, у ердан 20-25 ёшли минг нафар жангчи йигитни Самарқанд ва Бухорога олиб келган. Уларнинг 500 нафари Самарқандга, қолгани Бухорога жойлаштирилган.

Орадан олтмиш йил ўтиб, 2026 йил май ойи бошида доғистонлик бир гуруҳ меҳмонлар Самарқандга келиб, ўша жангчилар авлодларини излашга ҳаракат қилди. “Бошли тарихи” асари муаллифи Муҳаммадрасул Ибрагимов бу масала юзасидан вилоят архивлари, маданият бошқармалари ва зиёлиларга мурожаат этган.

“Бошли тарихи” асарида қайд этилишича, ўрта асрларда Бошликент Чандар (Шандан) давлати таркибига кирган бўлиб, у ерда туркий қумиқлар яшаган. Қизиқ жиҳати шундаки, Самарқанд ва Бошли ҳудудларида Чақар, Иника, Қоводиён, Новодон, Хозора, Манас, Айрончи, Дамчилар, Қирқчилтон каби ўхшаш маҳалла ва жой номлари сақланиб қолган. Масалан, Самарқанд шаҳрида Амир Темур мақбараси яқинида Чақар маҳалласи, Паст Дарғом туманида эса Иника Чандир маҳалласи мавжуд.

Пастдарғомлик тадқиқотчи Абдураҳмон Абдуҳакимовнинг “Чандир - минг уйли жондир” асарида ҳам Иника Чандир ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган. Доғистоннинг Бошликентида ҳам Иникъ овул ва Чақар овул маҳаллалари мавжудлиги тарихий манбаларда қайд этилган.

Бу каби тарихий ўхшашликлар ва манбалар қардош халқлар ўртасидаги азалий алоқаларни яна бир бор тасдиқлайди. Шу боис, тарихий меросни ўрганиш, қардош халқларни ўзаро яқинлаштириш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш бугунги кунда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шарифжон Сахатов,

тарихчи, музейшунос.