Тарих қатидаги ҳақиқат: Бухоро амирлиги қандай тугатилган эди? (3-қисм)
Туркистон фронти инқилобий-ҳарбий бюро учлигининг аъзоси А.Машицкийнинг 1920 йил сентябрда В.И.Ленинга ёзган маълумотномасида Бухоро шаҳри маркази яксон қилингани, Регистон ва Арк ёндирилгани, Арк ертўлалари ва омборхоналаридаги бутун бойликлар - олтин, кумуш, бриллиантлар талангани, бунда қизил армия бевосита қатнашгани ҳақида хабар берган. Қарийб 15 сентябргача давом этган Бухоро таловининг гувоҳи бўлган Туркистон комиссияси аъзоси Г.Сафаров ўз маълумотларида шундай ёзган эди: “Бухорога келган қизил қўшинлар, энг аввало, талончилик билан шуғулландилар. Улар ҳаммани ва ҳамма нарсани таладилар. Умуман қизиллар Бухорони талаш учун келган эдилар”.
Даҳшатли жанглар натижасида Эски Бухоронинг тинч аҳолисидан анчагина қисми, шунингдек, шаҳар деворлари орқасида жон сақлаган атроф қишлоқларнинг кўпгина аҳолиси ҳалок бўлди. Воқеаларни ўз кўзи билан кўрганлардан бирининг гувоҳлик беришича, ўлганлар шу қадар кўп эдики, уларни йиғиштириб олишга улгуриб бўлмасди. Қадимий Бухоронинг деярли ярми ёниб бўлган, 4/5 қисми харобалар остида ётар эди. Айниқса, энг қадимий меъморчилик обидаси бўлган Арки олий катта шикаст кўрди, қизил қўшин артиллерияси унга қараб тўғридан-тўғри ўқ ёғдирган эди.
Бухоро шаҳри босиб олингандан сўнг қизил армия амирлик таркибидаги 27 та вилоят (беклик) ва Бухоро шаҳри атрофидаги 11 та туманни ҳам бирин-кетин эгаллади ва бу билан Бухоро амирлигига барҳам берди. Амирлик ҳудудида кейинчалик Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилди.
Бугунги кун нуқтаи назаридан туриб, Бухородаги сентябрь фожиаларига назар ташланса ва мушоҳада этилса, бир ҳақиқат ойдинлашади. Бухородаги амирлик тузуми ҳақиқатан ҳам келгуси тараққиёт учун тўсиқ бўлиб турарди. Ёш бухоролик жадидлар мамлакатни европача андазадаги ривожланган давлат даражасига кўтариш, Бухорода демократик тузум ва ҳуқуқий жамият қуриш учун чин дилдан интилган эдилар. Бироқ улар амирлик тузумини ўз кучлари билан йиқита олмай, большевиклар ва қизил аскарлар билан иттифоқ тузиб, қаттиқ адашдилар ва жиддий хатога йўл қўйдилар.
Бутунроссия Марказий Ижроия Комитети ва РСФСРнинг Туркистон ишлари бўйича комиссиясининг 1920 йил 10 сентябрдаги қарори билан РСФСР ҳукумати ва РКП(б) Марказий Комитетининг Бухоро Халқ Совет Республикасидаги вакили этиб Туркистон комиссияси раисининг ўринбосари В.Куйбишев тайинланди. В.Куйбишев янги ҳукумат бошлиғи Файзулла Хўжаевга ишонч ёрлиғини топширди, унда “РСФСРнинг асосий талаби Бухоро давлати мустақиллигини ҳурмат қилиш, барча рус фуқаролари ва ташкилотларини ҳамда Бухоро мустақиллигини ҳурмат қилишга ундашдан иборат” эканлиги таъкидланган эди. Амалда эса В.Куйбишев Бухородаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган барча ислоҳотларга очиқдан-очиқ аралашиб, совет андазасини ўрнатишга ҳаракат қилди.
Амирлик пойтахти босиб олингандан кейин сентябрь ойи бошларида Бухорода ҳокимият Муваққат Бутунбухоро инқилобий қўмитаси ихтиёрига ўтди. У дарҳол Туркистон комиссияси раҳбарлигида илгаридан тайёрлаб қўйилган манифестни эълон қилди. Унда Бухоро давлати “Мустақил Бухоро Совет Республикаси” деб кўрсатилган эди. Шунингдек, манифестда яна амирликдаги мавжуд ерлар давлат ерларига айлантирилиши, солиқларнинг тартибга солиниши, ерлар эса ерсиз ва кам ерли деҳқонларга бўлиб берилиб, уларнинг меҳнат қуроллари билан таъминланиши, суд ишларини тартибга солиш, таълим тизимини янгилаш, ўлим жазосини бекор қилиш, инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ёзилганди. 1920 йил 11 сентябрда инқилобчи “Ёш бухороликлар” партияси тарқатилиб, унинг кўпчилик аъзоси Бухоро Коммунистик партияси таркибига киришди.
1920 йил 6-8 октябрда амирнинг ёзги саройи - Ситораи Моҳи Хосада чақирилган Бутунбухоро халқ вакилларининг I қурултойида Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) тузилганлиги тантанали равишда эълон қилинди. Бу янги давлат тузуми жиҳатидан халқ демократик республикаси эди. Унинг зиммасига қисқа муддат ичида ўрта асрчилик анъаналаридан мерос қолган амирлик Бухоросини демократик давлатга айлантиришдек тарихий вазифани бажариш тушди. Қурултойда давлат ҳокимиятининг олий органи – Бутун Бухоро Марказий Инқилобий Қўмитаси ва дастлабки ҳукумат таркиби – Бухоро Халқ Нозирлар Шўроси узил-кесил тасдиқланди.
Бухоро амирлиги даврида мамлакат 32 та (баъзи манбаларда 27 та) вилоят (улар бекликлар ҳам дейилган)дан иборат бўлган, бу вилоятлар амлокларга бўлиниб идора қилинган. Мамлакат пойтахти – Бухоро шаҳри атрофидаги ҳудуд 9 та туманга ажратилиб, бу туманлар ва Бухоро шаҳрини амир номидан қушбеги (Бош вазир) бошқарган. Бу маъмурий бўлиниш фуқароларга яхшироқ хизмат кўрсатиш манфаатини ҳам, бошқаришнинг қулай бўлиши манфаатларини ҳам унчалик қондирмас эди. Шу сабабли 1920 йил кузида зудлик билан БХСРда дастлабки маъмурий-ҳудудий бўлиниш ўтказилиб, у вилоятлар, туманлар, кентлар, амлоклар ва қишлоқларга ажратилди. Бухоро Республикасининг пойтахти – Бухоро шаҳри муҳим сиёсий-маъмурий марказга айланиб, бу ерда республиканинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини, унинг иқтисодий ва маданий ривожланишини бошқарувчи барча ташкилотлар тўпланди.
1920 йил октябрда Тошкентда РСФСР билан БХСР ўртасида муваққат ҳарбий-сиёсий битим тузилди. 1921 йил 4 мартда Москвада РСФСР билан БХСР ўртасида иттифоқ шартномаси имзоланди. Бироқ бу шартномалар мустақил сиёсат юритишга ҳаракат қилаётган ёш Бухоро давлати арбоблари фаолиятини муайян даражада чеклашга олиб келди. Хусусан, Иттифоқ шартномаси мустақил Бухоро давлати ҳудудида совет қўшинлари (қизил армия) туришини “қонуний” асослаб бердики, мазкур ҳол БХСР ички ишларига совет Россиясининг тўғридан-тўғри ҳарбий жиҳатдан қуролли аралашувидан бошқа нарса эмас эди.
Хоразм воҳасида бўлгани сингари Бухоро тупроғида ҳам қизил аскарларнинг босқинчилиги ва Бухоро халқининг турмуш тарзига ёт бўлган большевистик усулдаги инқилобий ўзгаришларнинг зўрлик билан жорий этилиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлди. Бу ҳолат Бухоро жамиятини таназзулга олиб келди, мамлакатни уруш оловига ташлади, иқтисодиётга ва халқнинг турмуш даражасига ҳалокатли таъсир кўрсатди.
Бухоро Халқ Совет Республикаси ва Хоразм Халқ Совет Республикаси ўзбек халқи давлатчилиги тарихида муҳим ўрин тутади. Шарқдаги дастлабки халқ республикалари бўлган бу давлатлар қисқа муддат ичида катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Ўрта асрларга хос монархия тузуми ва қолоқликдан, якка шахснинг ҳукмронлиги устувор бўлган истибдоддан, диний мутаассиблик ва жаҳолатдан демократик ўзгаришлар томон катта қадамлар ташланди. Тараққийпарварлар ва зиёлилар (асосан “Ёш бухороликлар” ва “Ёш хиваликлар”)дан ташкил топган Бухоро ва Хоразм ҳукуматлари мамлакатда демократик ислоҳотларни қарор топтиришда жуда қийин шароит ва вазиятларда иш олиб боришларига қарамасдан, ўз фаолияти давомида айрим хато ва камчиликларга йўл қўйса-да, шунингдек, доимий равишда большевикларнинг зуғуми ва Марказнинг тазйиқи остида сиёсат юритишга мажбур бўлган бўлса ҳам ўз тарихий вазифасини уддалай олди.
Бухоро Халқ Совет Республикаси ва Хоразм Халқ Совет Республикасининг демократик ислоҳотлар томон босиб ўтган йўли ўша давр учун ҳам, бугунги кун нуқтаи назаридан олиб қаралганда ҳам машаққатли ва улуғ йўл бўлди. Бухоро ва Хоразм Республикалари атиги 4-5 йил ичида дунёвий ислоҳотлар жорий қилинаётган демократик давлатга айлана бошлади. Афсуски, бу жараёнлар мустабид совет режими томонидан сунъий равишда тўхтатиб қўйилди ва нисбатан мустақил бўлган бу давлатларнинг мавжудлигига барҳам берилди. Бухоро ва Хоразм Республикаларининг тугатилиши билан камида уч минг беш юз йиллик тарихга эга ўзбек халқининг миллий давлатчилик ҳалқаси деярли узиб ташланган эди.
Қаҳрамон Ражабов,
тарих фанлари доктори, профессор.
Муаллиф ҳақида: Қаҳрамон Ражабов – 1962 йилда Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Тарих фанлари доктори, профессор. Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти етакчи илмий ходими.
Олимнинг Туркистондаги жадидчилик ва истиқлолчилик ҳаракатлари, совет режимининг қатағон сиёсати, шаҳарлар тарихи, Туркистон АССР, БХСР ва ХХСР тарихи ҳамда Туркистондаги тарихий шахслар ҳаёти тўғрисида 105 та китоби ва 1200 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалари эълон қилинган.