Она тили – олтин сандиқ
Улуғ Турсунов - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари номзоди, профессор. 1905 йилда Қўқон шаҳрида туғилиб, узоқ йиллар Ўзбекистон давлат университути (ҳозирги СамДУ)да ишлаган. Умрининг қирқ йилини ўзбек тили тарихи, фонетикаси, грамматикаси, терминологияси, лексикологияси, диалектологияси ва фразеологиясининг долзарб масалаларини ўрганиш, тадқиқ этишга бағишлаган, дарсликлар яратган.
Самарқанд тилшунослик мактабининг асосчиси Улуғ Турсуновнинг ўзбек тили ҳақидаги фикрлари қадрли.
«Ўзбек тили ўз тарихида бир қанча босқичларни ўтаган. Ҳозирда тарихда кўрилмаган ривожланишга эга бўлди. Келажакда яна ривожланиши ўз–ўзидан маълум. Албатта, бу келажакнинг иқтисодиёти ва маданиятига боғлиқдир. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, биз ёзган илмий асарлар агглютинатив ва флектив тилларнинг чоғиштирмали морфологик анализ асосига қурилган. Бу чоғиштирмали анализи максимал равишда туркий тилларининг, шу жумладан, ўзбек тилининг характерли специфик хусусиятларини очиб беради.
Илмий ишларимиз натижасида шу факт тасдиқландики: она тили, бу олтин сандиқ. Она тили, хусусан, ўзбек тилини асосли равишда ўрганув учун, шу тилларда бўлган бошқа тил элементлари билан ҳам ошна бўлиш керак».