Онаси қабрини излаган фарзанд

Қабристонга бориб зиёрат қилиб туриш одатим бор. Яқинда Жомбой туманига иш юзасидан бориб бир маҳалланинг қабристонига йўл-йўлакай зиёратга кирдим.

Машинамда иш кийим, қўлқоп ва бошқа меҳнат қуроллари олиб юраман. Кийимимни алмаштирдим-да, қабристонга кириб ўтганлар ҳақига тиловат қилдим.

Сўнг савоб илинжида баъзи тикан босган қабрларни тиканлардан тозалай бошладим.  Бироз ўтгач, бир киши келиб: "Ҳорманг, ука! Мен қабристон қоровулиман, сиз Равшан бобога ким бўласиз" дея савол берди.

Салом-аликдан сўнг "Қайси Равшан бобо?.. Мен меҳмонман, маҳаллага иш юзасидан келган эдим, зиёрат учун қабристонга кирдим", дедим.

Қаерданлигимни, исмимни сўради.

"Аслида Тойлоқда туғилганман, шаҳарда яшайман" дедим.

Сўнгра қоровул уялгандай бўлди-да қўлимдаги ўроқни беришимни сўради.

- Қўяверинг, хижолат бўлманг, менинг одатимга айланган бу юмуш, - дедим.

Сўнгра қоровул бир-иккита воқеани сўзлаб берди.

- Равшан бобонинг тўрт нафар филдек ўғиллари бор. Бари ичиб, чекиб юради. Қачон кўрсам уларга қабристонга келиб, отаси қабрини тозалашларини тайинлайман, айниқса, кенжа ўғли Ҳамдамга "Отангни қабрини обод қилиб қўй, уялмайсанми?" дея кўп танбеҳ бераман. Фойдасиз. Гоҳида йўлимдан чиқиб қолади-да юзи қип-қизил шолғомдек бўлиб "Ҳай, қоровул бобо, отам қалай, қараб қўяяпсизми, келинг, бир ҳақ берайин", дея вақиллайди. Шунингдек, қишлоғимизда баъзи олифталар бор, менга 4-5 минг сўм пул бериб, ота-онасини қабрини тозалатади. Мен бажараман. Аммо ўйлаб қоламан: фарзанди бўлсанг, ўзинг қабрни меҳрингни бериб тозаласанг бўлмайдими?..

Баъзиси умуман келмайди. Қабрлари тиканзор, баъзилари қаровсиз. Баъзиси хорижда ишлайди. Кимдандир телефон рақамимни олиб, телефон қилади - "...қараб қўйинг", дейди.

Бир онахоннинг қизи Дубайга кетиб, анча вақт "йўқолиб кетган" эди. Яқинда қабристонда кўриб қолдим. Тўмпайган, тикан босган, қабр тоши қўйилмаган бир қабр ёнига ўтириб дуо қилиб ўтирган экан. Олдига бориб, саломлашдим ва "Онангнинг қабри бу эмас, мана бу", дея ўнта қабрдан кейинги рақамланган қабрни кўрсатдим...

Хулоса ўзингиздан, биродарлар!

Юсуф Салимов.