Оқдарёда бахши-шоирлар бўлганми?
Афсуски, бу саволга мутахассислар, маданият, адабиёт, санъат соҳасида фаолият юритаётган мутасаддилардан аниқ жавоб ололмаган эдик. II Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш жараёнида яна шу саволга жавоб изладик.
- Оқдарёнинг Ғўлва қишлоғида Парда бахши яшаган. Бу ҳақда газетада 80-йилларда мақола берилган эди, - дейди “Оқдарё овози” газетаси муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев. - "Ленин йўли" газетасининг 1985 йил 26, 28-сонларида чоп этилган, журналист Абдимурод Рўзиевнинг "Парда шоир Дўсёр ўғлини биласизми?" сарлавҳали мақоласини топдик. Унда Парда шоир ва у кишининг оталари Дўсёр бахши, уларнинг авлодлари ҳақида батафсил маълумот берилган. Оқдарё бахшичилик мактабининг асосчиси Парда шоир Дўсёр ўғлидан бизга кўплаб термалар, қўшиқлар мерос бўлиб қолганлигининг гувоҳи бўлдик. Бу тарихий воқеа ҳамда фактлар қалбимизда миллий ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотди.
Ўтган асрнинг 60-йилларида СамДУ ўзбек филологияси факультети толиби Абдимурод Рўзиев ўзининг "диплом иши"да айнан оқдарёлик бахши шоирлар ҳаёти ва ижодини ўрганишни мақсад қилиб, илмий иш бажаради. Орадан йиллар ўтгач, газета учун мақолани тайёрлайди:
- Студентлик йилларида бизни ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари, халқ шевасини ўрганиш ва тўплаш учун бир ойлик "командировка"га жўнатишди, - дейди мақола муаллифи. - Курсимиздаги талабалар билан вилоятимизнинг бир қатор қишлоқларида бўлиб, халқ дурдоналарини тўпладим. Иштихоннинг Митан қишлоғидан Олим шоир, Пайариқдан Алим латифачи, жомбойлик Қирон ўланчини ўшанда топиб, мулоқотда бўлгандик. Улардан бири Оқдарёда Парда шоир борлигини айтганида, албатта, шу одам билан ҳам учрашишни кўнглимга тугиб қўйдим.
Мен Парда шоирни излаш баҳонасида халқ оғзаки ижоди намуналарига қизиқувчилар билан йўл-йўлакай танишдим. Ленин номли колхознинг Темирак қишлоғидан 62 ёшли Карвон бобо, Гулистон колхозининг Янгикент қишлоғидан Рашид нақалчи каби ҳозиржавоб кишиларни учратдим. Улардан "Москва" колхози (ҳозирги Карл Маркс номли колхознинг Эшон қишлоғи)да Парда шоирнинг истиқомат қилаётганлигини билиб олдим.
1968 йилнинг асад ойи бошлари. Эшон қишлоғига бошловчи йўл бошида зиёли бир одамдан Парда бобонинг уйини сўрадим.
- Ҳа, Парда шоирми, шу йўлдан тўғри кетаверасиз, ўнг томондан яна битта торгина йўл чиқади. Ана шу сўқмоқ бўйлаб борсангиз бахшининг уйи олдидан чиқасиз, - деди.
- Кечирасиз, бахши дедингизми? - сўрадим нотаниш кишидан. - Бизлар томонда у кишини шоир, бахши дейишади. Чунки ўтиришнинг гули, кишини ҳеч зериктирмайди. Узоқ-узоқларга ҳам бобони қўярда-қўймай олиб бориб достон, терма ва ғазаллар айттиришади.
Кўнглим таскин топди. Демак, адашмабман. Назаримда, хазина топиб олгандек эдим.
- Ассалому алайкум!
- Ва алайкум ассалом, кел, кел, чорпояга чиқ, - деб илтифот кўрсатди бобо. Ичкаридан ўрта бўйли, ёши 60 ни қоралаган бир аёл чиқиб келди-да, сўрашгач, бўш чойнакни олиб кетди.
- Бу киши каминанинг маликаи хиромони бўлади, - деб таништирди бобо аёлининг орқасидан кулимсираб.
- Хўш, қани, хизмат, қаерлардан сўраймиз, йигит?
Мен мақсадимни тушунтиргач, бобо қошларини чимириб, кўркам соқолини панжалари билан оҳиста силади.
Бобонинг ёши 70 дан ошган бўлса-да, анча тетик ва бардам эди. Уй ишларига ҳам аралашиб кетаверар, ўт ўриб молларига берарди.
- Ҳа, майли бир оз дамингни ола тур, айтсак айтдик-да, - деди бобо термалар айтиб беришга розилик билдириб.
Парда шоир ёшлигини эслади: "Менинг отам Дўсёр Эргаш Жуманбулбул ўғли билан яқиндан таниш эди. Бундай олиб қараганда, қуда-қудағайчилик бўлгани учун борди-келдимиз бор эди. Отам баъзан мени ҳам Қўшработга олиб борар, достон, шеърхонлик кечаларида қатнашарди. Эргаш Жуманбулбул ўғли ҳам бизнинг қишлоққа келиб, ҳафталаб қолиб кетар, кеч пайтларида ўлан, терма, ҳатто достонлар айтишиб, кўнгилларининг чигалларини ёйишар эди. Отам ҳам дўмбира чертиб достон, термалар айтарди. Менинг саводим йўқ. Лекин эшитганларимни ҳеч ҳам эсимдан чиқармайман, уларга баъзан ўзим ҳам қўшимча байтлар тўқиб тураман.
Ҳали-ҳали эсимда, кунларнинг бирида қишлоқдошларимиздан бири бобони тўйга таклиф қилди. У киши мени ҳам бирга олиб борди. Айни туш пайти давра кенг олинган. Ўтирганлар бобони ҳурмат билан тўрга таклиф этишди. Дастурхон атрофида ўтирганлар бободан бирор нарса айтиб беришни сўрашди. Бири "Чигиртка"ни эшитмоқчи бўлса, яна бири достонлардан парча айтиб беришни сўрар, яна бири Машраб ёки Ҳазрат Навоий ғазалларидан эшитиш истагини билдирарди. Кўпчилик маъқуллагач, бахши асосан достон куйларди.
Ўзбек халқ достонларида ғирот, ғиркўк, чавандозлик, паҳлавонлик каби сўзлар кўп ишлатилади. Парда бахши репертуарида ҳам отга меҳр қўйиш, ана шу жонивор орқали жанг майдонларида паҳлавонлик кўрсатиш мумкинлиги ишонарли қилиб тасвирлаб берилган:
От йигитнинг йўлдоши
Ўғил давлатнинг боши.
Қиз дегани кўнгил ҳуши,
Ғирот керакдир йигитга,
Отни минсанг олтойдан сўнг тўлатиб,
Доим берсанг арпасини элатиб,
Аччиғланиб отни миниб чиққанда,
Душманлардан орни олар йиғлатиб.
Кўпкаридан солиб кетсанг қулатиб,
Бир арғумоқ от даркордир йигитга.
- Парда шоир Дўсёр ўғлининг қобилияти, тасаввурининг кучлилигидан, унинг хотирасига шунча достон ва термалар, ғазалларни сиғдира олганига қойил қолиб, катта таассуротлар билан университетга қайтдим, - дейди муаллиф мақола сўнгида.
А.Рўзиев орадан ўн етти йил ўтгач яна шоирнинг хонадонига ташриф буюради. Афсуски, Парда шоир Дўсёр ўғли 86 ёшида оламдан ўтган эди. Сўнг у бобонинг уч ўғил фарзанди - Оқбўта, Абдуҳаким ва Карим Пардаевлардан 25 набираси, 57 чевараси борлиги ва уларнинг касб-корлари, боболари тўғрисидаги хотираларини ёзиб қолдирган.
Биз эса орадан 36 йил ўтгач, яна шу мавзуга қайтдик. Бу эътиборсизлик бизнинг Оқдарё адабий-маданий муҳити тараққиётидаги, айниқса, бахшичилик санъатидан йироқлашиб кетган туманимиз ёшлари маънавияти олдидаги хатомиздир. Қўшни Пайариқ, Булунғур, Жомбой, Тойлоқ, Нарпай, Нуробод ва бошқа туманлардаги бахшилар ижоди ва уларнинг халқаро фестивалларда иштирок этиб, халқимиз орасида, тўйларимизда термалар айтиб эришаётган ютуқларига ҳавас қилсак арзийди. Оқдарёда эса бахшиларимиз, айниқса, устоз-шогирдлик анъаналарига содиқ ёш санъаткорларимизнинг дўмбира чертиб, Дўсёр бахши, Парда шоир боболаримизнинг руҳини шод, халқимизни хурсанд этишларини орзу қиляпмиз.
Биз Парда шоирнинг кейинги авлодларини суриштириб, бир қанча маълумотлар йиғдик. Парда бобо яшаган, бахши ва шоирлар гурунгининг гувоҳи, мезбони бўлган уйни набира ва чеваралари ҳанузгача бузмасдан, дўмбираларини ҳам асраб келишган экан. Ўтган йил уй бузилган, аммо суратини сақлаб қолишибди. Парда шоир Дўсёр ўғлининг эсдалик учун қолдирилган ягона сурати бор. Ғўлва (Эшон) қишлоғида яшовчи аҳоли деярли бахши шоирнинг авлодлари, оғайни-уруғлари, десак муболаға эмас.
Фермер ва тадбиркор Абдуназар Абдураҳмонов она томондан шоирнинг қариндоши экан. Кўплаб шеърлари, хусусан, чигиртка термасини ёддан айтиб бериши Парда бобонинг бахшичилик санъати ҳамон авлодлари қонида давом этаётганидан далолатдир. Парда шоирнинг тўнғич фарзанди Оқбўта бобонинг набираси Бахтигулнинг ёшлигидан адабиётга, шеъриятга ҳаваси катта эди. Бахши боболари ҳақида эшитган воқеалар, термалар, қўшиқлар унинг ҳамон хотирасида сақланиб қолган.
Тақдирни қарангки, Эргаш Жуманбулбул ўғлининг қиз эвараси Ҳикмат она Нурбоеванинг ўғли, чевараси Комил Қаршиев Парда шоирнинг чевараси Бахтигул Оқбўтаева билан турмуш қурган ва ҳозирда уч нафар фарзандни тарбияламоқда.
Оқдарё достончилик мактабининг асосчиси Парда шоир Дўсёр ўғлининг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Шоирнинг қабрини ободонлаштириш, яқин кунларда туманимиз миқёсида хотира тадбири ташкиллаштириб, вилоятимиздан ташриф буюраётган бахшиларини кутиб олиш, "Самарқанд бахшилари" фильмига оқдарёлик бахшиларнинг ҳаёти ва ижодлари тўғрисидаги тасвирларни тушириш чора-тадбирлари белгиланмоқда. Оқдарёлик бахши Парда шоир Дўсёр ўғли ҳақида самарқандлик бахшилар термалар ёзиб, қўшиқлар куйламоқда.
Ойгул Маматова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Халқаро "Олтин мерос" хайрия жамоат фонди туман муассасаси раҳбари.