Ўқитувчи аттестацияни қандай «ҳазм қиляпти»?
Мактаб ўқитувчилари шу пайтгача ҳар 5 йилда аттестациядан ўтказиларди ва буни вилоят халқ таълими бошқармаси назорат қиларди. Саволлари ҳам умумий бўлиб, имтиҳонда ўқитувчиларга ўз фанига тегишли бўлмаганлари ҳам бериларди. Шунинг учун аттестациядан ўтиш ўқитувчи учун жуда қийин эди. Имтиҳон саволлари мураккаб бўлгани боис аттестация жараёнида шаффофлик йўқолиб, таниш-билишчилик ва бошқа қинғирликлар авж олгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Таълим тизимида аттестация жараёнини соддалаштириш ва адолатли ўтказиш мақсадида янги тартиб жорий этилди. “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб, педагог ходимларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифасини бериш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг расмий веб-сайтидаги махсус портал орқали амалга оширилиши белгиланди. Педагогларни аттестациядан ўтказиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига юклатилди.
Шунингдек, педагог ходимларга барча малака тоифаларини бериш, талабгорларни аттестациядан ўтказиш соддалаштирилди. Бунда педагог ходимларга малака тоифаларини бериш бўйича навбатдаги аттестациядан ўтказганлик учун йиғим ундирилмайдиган бўлди. Фақат ушбу фармонга кўра, навбатдан ташқари аттестациядан ўтказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилиши белгиланди.
Хўш, бугун жойларда педагогларни аттестациядан ўтказиш жараёни қандай кечяпти? Ҳақиқатда адолатли тизим жорий этилдими?
Айни кунларда Самарқандда вилоятдаги педагоглар малака тоифаси олиш учун аттестациядан ўтказилмоқда. Имтиҳон олинаётган аудитория ички ишлар ходимлари томонидан назорат қилинмоқда. У ерга бегона киши киритилмайди, педагогларнинг шахсини тасдиқловчи паспорти текширилиб, қўл телефони ва шпаргалкасиз имтиҳонга киритиляпти. Залга махсус шифрланган компьютерлар қўйилган ва ҳолатни тасвирга олиш учун видеокамералар ўрнатилган. Тест жараёнларини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимлари назорат қилмоқда.
Ўқитувчи компьютерга мактаби ва исм-фамилиясини киритганидан сўнг, саволлар кетма-кет тарзда экранда намоён бўлади. Педагог жавоблар вариантидан бирини белгилаганидан сўнг, кейинги савол экранга чиқади. Имтиҳонда фаннинг мураккаблигига қараб 1 соатдан 1,5 соатгача вақт берилади. Компьютерда барча саволларга жавоб берилгач, экранда ўқитувчининг умумий бали чиқади. У шу ернинг ўзида малака тоифасини олган ёки олмаганлигини билади. Аввалгидек ҳеч ким ўқитувчига “ёрдам” бермайди, тўғрироғи, ёрдам беролмайди.
- Имтиҳон саволлари экспертлар томонидан ҳар хил вариантда тузилган, - дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходими Хуршид Йўлчибоев. – Шунинг учун ҳам ўқитувчиларга бир хил саволлар тушмайди. Улар бир-бирига халақит қилмаслиги ва кўчирмаслиги учун шундай қилинган. Имтиҳонда 40 та саволнинг барчасига тўғри жавоб бериб, 100 балл олган ўқитувчилар ҳам бўлди. Айниқса, вилоятда математика ва тарих фанларидан кучли билимга эга педагоглар бор экан. Аммо, ўқитувчиларда компьютерни билиш саводхонлиги етарли эмас.
Ўқитувчиларнинг айтишича, интернетда тарқалган саволларнинг кўпи бошқа фанлардан тушган эмиш. Аслида аттестация саволлари ҳеч қаерга чиқарилмайди. Шуниси таассуфлики, интернетда ҳақиқатда аттестация саволлари берилган сайтлар бор экан. Интернетдаги саволларга ишонмаслик ҳақида ўқитувчилар огоҳлантирилган бўлса-да, баъзилар шу саволлар асосида тайёрланганини айтишди. Нима бўлган тақдирда ҳам бугун ўқитувчи ўз фанини мукаммал ўрганишга ҳаракат қиляпти.
- Авваллари аттестация имтиҳони компьютерда олинмасди, бизга саволлар қоғозда чиқариб бериларди, - деди Жомбой туманидаги 51-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Мафтуна Нурматова. – Саволлар мутахассислик фанларидан кўра педагогика, психология, методикадан тузилган бўларди. Энди саволлар мутахассислик фанидан тузилган, дейишяпти. Шунинг учун дарсликлар асосида имтиҳонга тайёрланиб келдим. Ўзим 2-тоифали ўқитувчиман, аттестациядан ўтиш вақти келгани учун менга ҳозирча мутахассислик бўйича маош тўлашяпти. Агар имтиҳондан ўтсам, 1-тоифа беришади ва иш ҳақим ошади.
- Имтиҳон саволларининг 39 тасига жавоб топиб, 97,5 баллни қўлга киритдим, - деди Иштихон тумани 35-умумий ўрта таълим мактаби ўзбек тили (давлат тили) фани ўқитувчиси Насиба Узоқова. – Ўтган йилнинг октябрь ойида 2-тоифа олгандим. Бу сафар муддатидан олдин ўз хоҳишим билан келиб 1-тоифага ўтдим.
Бу йил аттестация имтиҳонидан юқори балл тўплаб, тоифасини ошираётганлар талайгина, аммо тест синовларидан ўтолмаётганлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Самарқанд тумани 21-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, 25 йиллик меҳнат стажига эга Саҳоба Атақулова 70 балл билан олий тоифага ўтолмади.
- Олий тоифа олиш учун 75 балл тўплаш керак, - деди у. – Саволлар жуда енгилдек туюлганди, ҳатто берилган вақтдан олдин ҳаммасига жавоб бериб бўлдим. Аммо негадир етарли балл тўплай олмадим. Менимча, бир-бирига ўхшаш саволларда чалғидим. Аслида 2018 йилгача олий тоифали ўқитувчи эдим. Ўша йили аттестациядан кам балл олиб, 1-тоифага тушдим. Бу сафар муддатидан олдин топширмоқчи эдим, аммо бўлмади.
Суҳбат жараёнида шу нарсага амин бўлдимки, аввалги аттестацияга ўқитувчилар бу қадар кучли тайёрланмаган. Сабаби, аттестация “гаплашилган”. Эндиги аттестация жараёни адолатли бўлиб, фақат билим талаб қилинаётгани ўқитувчини ўқишга, изланишга, дарсликларни кўздан кечириб чиқишга ундамоқда. Етарли балл тўплай олмаган педагоглар ҳам кейинги сафар фақат ўз устида ишлаб, билимини янада мустаҳкамлаб келиши тайин. Аммо миш-мишларга қараганда, аттестациядан “ўтказиб бериш” учун пул сўраётганлар бор эмиш. Буни қандай тушуниш мумкин? Тасаввур қилинг, тест синовлари шаффоф ўтаётган бўлса-да, ҳалигача фарзандини олий таълим муассасасига ўқишга киритиш учун кимларгадир пул бериб юрган ота-оналар йўқ эмас. Ўзига ишонмайдиган ўқитувчилар ҳам худди шундай йўл тутаётгани аниқ. Бундай вазиятдан унумли фойдаланиб қолишни истовчилар топилади, албатта.
Тўғри, аттестация имтиҳонига ҳамма талабгорлар ҳам тўлиқ қатнаша олмаяпти. Ҳозирча рўйхатга олинганларнинг 2 фоизи турли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган. Улар учун маълум кун белгиланиб, алоҳида имтиҳон олиш режалаштирилган. Бу ҳам ўқитувчиларга берилаётган имконият. Педагоглар аттестацияси шаффоф ўтса, мактабларда таълим сифати ошишига аминмиз.
Хуршида Эрназарова.