Ўқув йили тугади, хўш, пандемия даврида таълим-тарбиянинг узлуксизлиги таъминландими?

Пандемиянинг илк кунидаёқ барчани бир савол қизиқтирарди: энди фарзандларимизнинг ўқиши нима бўлади, таълим беришда узилиш бўлмайдими?

Карантин даврида таълим тизими самарадорлигини туширмаслик, миллионлаб ўқувчи-ёшларнинг билим олиши учун етарли ва самарали чора-тадбирлар белгилаш кун тартибидаги муҳим масалалардан бири эди. Халқ таълими вазирлигининг ўз вақтида олиб борган амалий чора-тадбирлари ўқувчилар таълим жараёнини узлуксизлигини таъминлашга хизмат қилди. Тан олиш керакки, бу борада бизда етарли кўникма ва малака мавжуд эмас эди. Аммо шароит ва имконият барчани бирлашиб ишлашига мажбур қилди.

Юртимизда йўлга қўйилган масофавий таълим, онлайн дарсларда нафақат ўқитувчи ва ўқувчилар, балки ота-оналар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшди.

Карантин эълон қилинганидан сўнг тўлиқ онлайн тарзда ўқувчилар билан мунтазам мулоқотни йўлга қўйдик. Кузатувлар шуни кўрсатдики, ўқувчиларимиз онлайн дарсларда анча фаоллашди. Бунинг менимча икки муҳим сабаби бор: биринчиси, онлайн дарсларга эркин ва масъулият билан қатнашиш, иккинчиси, оила аъзоларининг назорати. Қолаверса, карантин шароитида уйда ҳар бир ўқитувчи ўз  устида кўпроқ ишлашига ҳам яхши имконият бўлди. Шахсан ўзимнинг тажрибамдан айтсам, ўқувчилар билан дарс дастури доирасида савол-жавоб ва мулоқотдан ташқари қатор ижодий ишларни бажаришга ҳам эришдик. Жумладан, Президентимизнинг беш ташаббуслари ижросини таъминлаш учун ўқувчилар ўртасида онлайн тарзда турли танлов ва мусобақалар ташкиллаштирдик. Натижада соғлом рабоқат вужудга келди, ўқувчиларнинг янги қирралари очилди.

Дарслар тугагандан кейин ўқувчилар онлайн мулоқот каналлари орқали бизга саволлар билан мурожаат қилиши, интернет тармоғида маълумотлар базасидан унумли фойдаланишлари уларнинг иқтидори ва интилувчанлигини оширди.

Коронавирус пандемияси масофавий таълимнинг ҳам эффектив томонлари борлиги, ўқитувчиларнинг ижодий қобилияти учун ҳар хил вақтни оладиган расмий ҳужжатлардан кўра аниқ ва манзилли топшириқлар муҳимлигини кўрсатди.

Шаҳноза Раҳмонова,

Самарқанд шаҳридаги 62-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.