Ўқувчини калтаклаган ўқитувчига интизомий чора кўрилди
Самарқандда ўқитувчи дарсда ўзини тутолмаган ўқувчини калтаклаётгани акс этган видео тарқалган эди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ҳолат бўйича батафсил маълумот берди.
Қайд этилишича, воқеа 16 декабрь куни Самарқанд шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида география дарсида содир бўлган. Ҳолат юзасидан мактабнинг навбатдан ташқари педагоглар кенгаши йиғилиши ўтказилган. Кенгаш баённомасига кўра, ўқитувчи С.Ҳ. география дарсида копток тепиб ўйнаб ўтирган ўқувчи Д.Э.ни дарсга халақит бермаслиги юзасидан бир неча бор огоҳлантирган ва синф хонасидан чиқариб юборган. Шундан сўнг ўқувчи синфга деразадан кириб ўқитувчини сенсираб ҳақорат қилган. Ушбу ҳолатдан кейин ўқитувчи ўзини тўхтата олмай болани калтаклагани айтилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 21-умумтаълим мактаби география фани ўқитувчиси С.Ҳ.га халқ таълим вазирининг 2022 йил 28 июнда қабул қилинган «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари»ни қўпол равишда бузгани учун ҳайфсан интизомий чораси қўлланилган.
Вилоят халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи ўқитувчи ва ўқувчининг онаси билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашган. Суҳбат давомида ўқитувчи бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини ўз ишидан пушаймонлигини билдирган. Ўқувчининг онаси эса боласининг шўхлигини таъкидлаб, ҳеч кимга даъвоси йўқлигини маълум қилган.