Ўқувчининг уй дафтари: у бизга нима беради?

Бугун ота-оналар томонидан фарзанд тарбиясида яна ҳам яхшироқ натижага эришиш мумкинлиги ҳақида саволлар тушмоқда. Шу ўринда мен педагог, депутат, қолаверса, она сифатида айрим мулоҳаза ва таклифларимни билдирмоқчиман.

Таълим-тарбия жараёнида фарзанд учун муҳим бўлган жиҳатлар борки, буни ҳаётда қўллаш яхши самара беради. Масалан, ўқувчи мактабда дарс жадвали асосида дарсда қатнашади. Мактабда унинг вақти беҳуда кетмайди. Дарс, тўгарак, тадбир, танаффус – ҳаммаси жадвалга солинган. Шунинг учун ҳам ўқувчи мактабда бекор қолмайди. Агар ота-оналар уйда ҳам болаларига вақт тақсимотида ана шундай жадвал тузишса, бир қанча ютуқларга эришса бўлади. Биринчидан, бола вақтни қадрлашга ўрганади. Иккинчидан, бажариши керак бўлган ишларига вақтида улгуради. Бундан ташқари, зиммасидаги вазифалар туфайли жисмоний ва руҳий зўриқишларнинг олди олинади. Ҳар дақиқаси маълум мақсадга қаратилган, аниқроғи, бўш вақти бўлмаган боланинг ҳар хил виртуал ўйинларга, беҳуда кўча кезишга имкони қолмайди. Бу эса бугунги куннинг долзарб муаммосига айланган фарзанд тарбиясида жуда асқотади.

Хўш, уй жадвалини қандай тузса бўлади? Қоғозга жадвал чизилиб, ҳафта кунлари бўлиб чиқилади. Кунларини соатларга бўлиб, мактабдаги вақтидан ташқари қилиши керак бўлган ишларни ёзиш керак. Одатда, бошланғич синфда синф раҳбарлари томонидан бу кўникма ўргатилади. Аммо ҳамма ўқувчи ҳам буни ўзлаштирмайди. Шунинг учун ота-она уйда фарзанди билан яқин бўлса ва уй жадвали тузишга ёрдам берса, бу усул яхши самара беради. Ушбу жадвалда қуйидагиларни:

- уйқудан туриш ва ювинишдан бошлаб, эрталабки бадантарбия, овқатланиш ва мактабга бориш, тўгарак машғулотларида қатнашиш, уй ишларига ёрдамлашиш, спорт билан ва севимли машғулоти билан шуғулланиш, дам олиш, дарс тайёрлаш, оила даврасида суҳбатгача киритилиши керак.

Янги ўқув йили бошланишига ҳам оз фурсат қолди. Уч ой таътилни ўйин ва уй ишлари билан ўтказган болаларга вақтни тўғри тақсимлаш ва ундан унумли фойдаланиш ўргатилса, улардан, албатта, буюк инсонлар етишиб чиқади.

Феруза ТОҒАЕВА.