Табиат қўриқчиси нимадан хавотирда?

Қиш. Зарафшон дарёси ўнг қирғоқларида сокин табиат. 2426,4 гектар майдонни эгаллаган “Зарафшон” миллий табиат боғи қирғоқнинг 47 километр масофасигача чўзилган. Дарахтлар, буталар бугун уйқуда. Бир қарашда бу ерда қўриқланадиган нима бор экан, деган савол хаёлингизга келади. Аммо миллий табиат боғи қўриқчиси билан суҳбатлашиб, “Қизил китоб”га киритилган бу ердаги ҳайвонлар, қушлар, дарахтлардан тортиб, ўт-ўланларгача барчаси табиатнинг бир бўлаги ҳамда муҳофазага муҳтож эканлигига гувоҳ бўламиз.

Соат 8.00 да миллий боғга етиб бордик. Бизни доимий ҳамроҳи бўлган от билан Шарофиддин ака кутиб олди. Тор сўқмоқ бўйлаб юриб, Шарофиддин аканинг бугунги юмушлари, вазифаси, хавотири ҳақида суҳбатлашдик.

Ҳар бир дарахт, ўсимликлар менга ёд

- Аслида бизнинг иш вақтимиз чегараланмаган, - дейди Шарофиддин Тошпўлатов. – Тонг отиши билан ўзимга бириктирилган ҳудудга ошиқаман. Бу ердаги ҳар бир дарахт, бута, ўсимликлар ёд бўлиб кетган. Уларга етказилган салгина зарарни ҳам дарров пайқайман. Боғимизга маҳаллалар яқинлиги учун тўрт фаслда ҳам юмушимиз етарли. Баҳорда одамларнинг қорамол боқишидан табиатни ҳимоя қилсак, куз ва қиш ойларида ўтин учун дов-дарахтларга зиён етмаслигининг олдини оламиз. Миллий боғимизнинг ҳайвонот ва ўсимликлар олами жуда хилма-хил. Зарафшон қирғовулини муҳофаза қилиш, доривор ўсимликларни кўпайтириш, ҳудуднинг табиий ландшафтини сақлаш ва қайта тиклаш қўриқхона ходимларининг асосий вазифаси ҳисобланади. Менга бириктирилган 257 гектар майдонда ҳам ноёб ўсимликлар, дарахтлар, қушлар, Бухоро хонгули буғусини учратиш мумкин. Айрим фуқаролар томонидан уларга зарар етказиш ҳолатлари кўплаб учрайди.

Туранғил – Бухоро хонгулининг озуқаси

Шарофиддин ака қўриқхонага яқин Наймантепа маҳалласида яшар экан. Ёшлигидан қўриқхонадаги ҳайвонларни, бетакрор қушлар овозини эшитиб улғайган.

Бу ердаги сокин муҳит, гоҳида қушларнинг сайраши, Бухоро хонгули буғусининг бир мўралаб, кейин дарахтлар ортига бекиниши, баҳордаги гўзаллик, тустовуқнинг кўз илғамас парвози, ҳатто, судралиб юрган илонлар ҳам мени ўзига жалб қилган бўлса ажаб эмас. Тўғри, олий маълумотли эмасман, - дейди у. - Лекин бу ердаги дарахтларнинг, ўсимликларнинг тилини яхши тушунаман. Мана, кўриб турганингиз туранғил дарахти. Бу дарахт фақат миллий боғимизнинг 14 гектар майдонида учрайди. Унинг тангачасимон барглари баҳор келиши билан жилоланиб, ўзига хос гўзаллик касб этади. Бу барглар билан Бухоро хонгули озиқланади. Бугун туранғилни табиий кўпайтириш ишларини олиб боряпмиз. Табиат боғининг ўз хусусияти бор. Дарёга яқинлиги учун бу ерда табиий кўпайишга шароит мавжуд. Дарахтларнинг ёнида ёш новдалар чиқаверади. Бизнинг асосий вазифамиз мана шу ёш новдаларни асраш. Уларнинг кўпайишига замин яратиш.

Кундуз дам олади, кечаси табиат қўйнига ошиқади

Шарофиддин ака фарзандларини мақтагандек, қўриқхонадаги ҳар бир жиҳатга эътиборимизни тортиб, улар ҳақида гапиришдан чарчамасди. Эътиборимизни пўсти арчилиб ётган дарахтлар тортди.

- Худди инсон қўли билан қилингандек, тўғрими? Аммо бу Бухоро хонгулининг иши, - дейди табассум билан. – Хонгулларнинг эркагида шох бўлади. Шохларга қараб уларнинг ёшини аниқлаш мумкин. Шохлар йилда бир бор пўст ташлайди. Бухоро хонгули дарахтларга шохларини қашиб, улардан халос бўлади. Кичик новдаларни синдириб юборади, катталарини эса пўстини арчиб ташлайди. Бугун миллий боғимизда 24 та Бухоро хонгули буғуси чегараланган ҳудудда, 150 дан ортиғи табиат қўйнида боқиляпти. Улар қишда қоронғу тушгач, туранғилларнинг қуриган баргларини ейишга келади. Кундуз куни дам олади.

Бу меваси пишиб етилган қизил қорақат. Улар ҳудудимизда жуда кўп. Уларнинг пишган мевасининг шарбати қон босимини туширади. Аммо биз уларнинг мевасини йиғиб олмаймиз. Қушлар озуқаси учун қолдирамиз. Миллий табиат боғимизда табиий озуқа занжири бор. Шу билан бирга доривор ўсимликлардан бири - чакандани кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Шарофиддин ака ўзига бириктирилган ҳудудни кунига икки бор кўздан кечиришини айтди. Миллий табиат боғининг иқлими ҳам, муҳити ҳам ўзгарувчан экан.

Табиат қўриқчисининг хавотири бор

- Кўриб турганингиздек, кеч кузда ҳудудимиздаги шох-шаббалар қурийди, биргина чўғ табиатни вайрон қилиши мумкин, - дейди Шарофиддин ака. – Шунинг учун ҳар бир келган сайёҳга бу ерда чекиш, олов ёқиш, атрофга чиқинди ташлаш мумкин эмаслигини айтамиз. Афсуски, ҳамма ҳам гапимизга қулоқ солавермайди. Ёш ниҳолларга зиён етказиш, атрофга чиқинди ташлаш ҳолатлари учрайди. Уларнинг ўйламай қилган биргина хатоси миллий табиат боғимиздаги табиий озуқа занжирига шикаст етказишидан хавотир оламан. Чунки бу ерда ҳайвонот ва ўсимлик олами бир-бирига уйғун.

Қиш бўлганлиги учун аксарият жониворлар уйқуда экан.

- Баҳор келиши билан бу ерларни таниб бўлмайди. Сиз кўриб турган хаслар ўрнида баҳорда бойчечаклар бўй чўзади. Меҳнаткаш асаларилар бу ердаги гуллар ширасини йиғишдан чарчамайди ,- дейди табиат қўриқчиси фахр билан. 

Сўқмоқ бўйлаб юрар эканмиз ногоҳ тустовуқнинг парвози, шернинг наъраси хаёлимизни олди.

Миллий табиат боғида ҳайвонот боғи ҳам бор

1975 йилда ташкил этилган “Зарафшон” давлат қўриқхонаси 2018 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Зарафшон” миллий табиат боғига айлантирилди. Бу ерда маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни жалб этиш мақсадида 3 маршрутда экологик сўқмоқлар ташкил этилди.

Шарофиддин аканинг ҳудудида экологик сўқмоқларнинг ташкил этилиши зиммасидаги масъулиятни икки карра оширади.

Шу билан бирга, миллий табиат боғида мўъжазгина ҳайвонот боғи ҳам ташкил этилган. Очилганига 4 ой бўлган ҳайвонот боғида 48 турдаги қуш ва ҳайвонлар сақланмоқда.

- Бетакрор табиатимизга, бу ердаги ҳайвонот оламига қизиқувчи сайёҳлар кўп, - дейди ҳайвонларни кўздан кечириб юрган “Зарафшон” миллий табиат боғи илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Бахтиёр Ражабов. - Айрим олимларимиз бу ерда илмий кузатишлар олиб боради. Ҳозирги кунда миллий табиат боғи ҳудудида 207 хил қушлар, балиқлар, 88 тур ҳашоратлар, Зарафшон қирғовули, Ўрта Осиё қундузи, Бухоро хонгули буғуси, 300 турдан ортиқ ўсимликлар мавжуд. Ўсимликларнинг 80 дан ортиқ тури доривор ҳисобланади. Кўриб турганингиздек, ҳозирда ҳайвонот боғи ҳудудида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Намунали лойиҳа асосида 2 гектар майдонда табиат қўйнида ҳайвонлар учун қафас-уйлар қуряпмиз. Бу ердаги табиат, дарахтлар, сўқмоқлар табиий ҳолда сақлаб қолинади. Имконияти чекланган инсонлар учун ҳам алоҳида йўлаклар қилинади. Ҳайвонлар сонини 70 турдан оширмоқчимиз. Дам олувчилар миллий табиат боғимизда сақланаётган ноёб ҳайвонлар, қушлар, ўсимликлар билан танишиш баробарида ўзига хос ҳайвонот боғини ҳам томоша қилишади.



Ҳайвонот боғида лама, кўп шохли Ҳиндистон эчкиси, оққуш, товус, қирғовул,  бўри, тулки, шер, жайра каби жониворларни учратиш мумкин. Уларни парваришлаётган ходимнинг айиқ билан саломлашиши эътиборимизни тортди. Айиқ ҳам унинг сўзларини тушуниб, бизларга чиройли салом берди.

 Шарофиддин ака билан суҳбатимиз шу ерда якунига етди. Хулосамиз эса талайгина. Табиат боғида бугун кўрганимиз ҳар бир тирик жонда қўриқчиларимизнинг ҳиссаси катта экан. Улар борки, Бухоро хонгули чопқиллайди, улар борки, қушлар хандон сайрайди, улар борки бойчечаклар бўй чўзади. Уларнинг доим сергаклиги она табиатни зиён-заҳматлардан ҳимоя қилади.

Насиба Жонтўраева,

Бахтиёр Мустанов.