Ўрмон хўжалиги бошқармаси ахборот сиёсатини тушунмайдими?
Жорий йилнинг 4 сентябрида Президентимиз раислигида мамлакатимизда ўрмончилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Чунки ўрмончилик соҳаси ривожланган аксар давлатларда иқтисодиётнинг бошқа соҳалари қатори, ёғоч маҳсулотлари саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаси, хусусан, асаларичилик, чорвачилик йўналишлари ривожланган.
Бизда эса бу соҳа неча йилдирки катта зарар билан ишламоқда. Ўрмон соҳасини ривожлантириш юзасидан Президентимизнинг 2020 йил 2 сентябрда “Ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар тўғрисида”ги йиғилиш баёни ва баён ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинганди. Ушбу қарор ижросига кўра, газетамизда соҳадаги муаммолар ва истиқболдаги режалар хусусида вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи билан суҳбат уюштиришимиз лозим эди.
Афсуски, бошқарма мутасаддилари билан телефон орқали боғланиб, мақсадни айтганимизга бир ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да ўрмон хўжалиги раҳбарлари суҳбатлашишдан ўзларини олиб қочишяпти. Хўш, нега? Ўрмон хўжалиги бошқармаси ахборот сиёсатини тушунмайдими ёки бу ерда бирор гап борми? Очиғи, бу муносабатдан кейин биз "Ўрмончилар ниманидир бекитишяпти", деган хулосага келдик...