Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Орнитолог-олим қолдирган илмий мерос

Давраларда профессор-ўқитувчилар ҳақида гап борса, ўзгалар манфаатини ўз манфаатидан устун қўядиган, шогирдлари, ҳамкасблари муваффақиятидан қувонадиган бир инсон кўп эсланади. Бу киши камтар ва тўғрисўз профессор Жаббор Лахановдир. 

Жаббор Лаханов 1936 йил 20 майда Тойлоқ туманининг Галаботир қишлоғида туғилган. 1954 йилда ўрта мактабни олтин медаль билан тугатиб, Ўзбекистон давлат университетининг биология факультетига ҳужжат топширди. У талабалик даврида фанга, билим олишга чанқоқлиги билан курсдошларидан ажралиб турарди. Кафедранинг илмий тўгараклари, талабалар илмий анжуманларида маърузалари билан чиқишлар қиларди. Ёш талабанинг илмга бўлган чанқоғини сезиб, кузатган таниқли зоолог олим, профессор А.Сагитов уни ўзининг илмий экспедицияларига жалб қилади. 1959 йилда таҳсилни тугатган Ж.Лаханов кафедра ассистентлигига қабул қилинди. Тез орада у аспирантурага ўқишга тавсия этилди. 

1961 йилда Ж.Лаханов собиқ СССР Фанлар академияси Ленинград бўлимининг зоология институтининг аспирантурасига ўқишга қабул қилинди. Илмий раҳбари, профессор А.Иванов унга шу вақтгача ҳали ўрганилмаган Қизилқум шароитида қушларнинг биологияси мавзусида илмий иш қилишга рухсат берди. 

Ёш аспирант икки йил давомида чўл шароитида табиат билан яккама-якка ҳолда қушларнинг уя қўйиш биологиясини, адаптация хусусиятларини ўрганди. 1967 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Икки йил ўтиб унга доцент, 1992 йилда профессор илмий унвонлари берилди. 1968 йилдан бошлаб биология факультети декани ўринбосари, декан вазифаларида ишлади. Умуртқалилар зоологияси, орнитология, зоогеография, герпетология каби махсус фанлардан талабаларга сабоқ берди. Домланинг дарслари қизиқарли бўлиб, унинг ҳар бир маърузаси талабаларни ўзига ром қилар эди. У факультет декани сифатида жамоада ижобий муҳит яратиб, ўқитувчи ва талабалар ўртасида ўзаро ҳурмат, таълимга бўлган муносабатни кучайтира олди.

Ж.Лаханов ўзининг илмий-педагогик фаолияти мобайнида юзга яқин илмий мақола ва рисолалар, ўқув-услубий қўлланма ҳамда дарсликларга муаллифлик қилган. Болгария, Чехия, Қозоғистон каби ўнга яқин мамлакатларда сафарда бўлиб, илмий анжуманларда маъруза ўқиган.

Профессорнинг илмий ишлари асосан Қизилқум ва Зарафшон воҳаси қушларининг биологияси, биохилма-хиллигини сақлаш ва табиатни муҳофаза қилишга бағишланган. Унинг педагогик фаолияти ўқув жараёнини ривожлантириш, дарсларнинг сифатини ошириш, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” асосида талабалар учун ўқув қўлланмалар, маъруза матнлари, электрон китоб ва дарсликлар яратишга бағишланди. Устоз республикада биринчилардан бўлиб давлат тилида “Ўзбекистоннинг умуртқали ҳайвонлари аниқлагичи”, “Умуртқали ҳайвонлар зоологияси”, ҳаммуаллифликда “Умуртқалилар зоологияси фанидан лаборатория машғулотлари” ўқув қўлланмалари, шунингдек, лотин алифбосида “Ўзбекистоннинг умуртқали ҳайвонлари аниқлагичи” ўқув қўлланмасини чоп эттирди.  

Домланинг илмий-педагогик ва жамоатчилик ишлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У “Меҳнат фахрийси” медали, “Олий мактабда аъло хизматлари учун”, “Халқ маорифи аълочиси” кўкрак нишонлари соҳиби бўлган.

Таниқли орнитолог-олим 2020 йилда 84 ёшида вафот этди. Аммо устознинг порлоқ хотираси, қолдирган эзгу ишлари асло унутилмайди.

Абдурашид Жабборов, 

биология фанлари доктори, профессори.