Оромгоҳлардаги муаммолар таътилгача ҳал бўладими?

Ҳадемай ўқув йили тугаб, мактаб ўқувчилари таътилга чиқади. Болалар оромгоҳларда дам олади. Айни кунда оромгоҳлар болаларни қабул қилишга тайёрми? Оромгоҳларда болаларнинг дам олиши, таътилни мазмунли ўтказиши учун яратилаётган шарт-шароитлар талабга жавоб берадими? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида вилоятимиздаги айрим оромгоҳларда бўлдик.

Дастлаб Самарқанд тумани Миронқул маҳалласида жойлашган «Учқун» болалар оромгоҳида бўлдик. Бу йил оромгоҳнинг номи «Самарқанд» деб ўзгартирилибди. Оромгоҳга кириладиган йўл тор ва асфальт қилинмаган. Яқинда йўлга тош тўкилган, аммо атрофига ёритиш чироқлари қўйилмаган. Майдони 2 гектар атрофида бўлган ушбу оромгоҳ ҳудуди ўралмаган. Шунингдек, оромгоҳда сув муаммо экан.

«Самарқанд» болалар оромгоҳи 100 ўринли бўлиб, унда учта ётоқхона, иккита ёзги айвонча мавжуд. Ётоқхоналар таъмирга муҳтож, дераза ойналари синган, пол ва шифтлар эскирган. Кроватлар ва матраслар ачинарли ҳолатда.

Оромгоҳда манзарали ва серсоя дарахтлар бўлиб, уларнинг тагидаги ўт-ўланлар ўсиб, ўтган йилги дарахт хазонлари уюлиб ётибди.

- Шу пайтгача болалар оромгоҳлари вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфида бўлган. Республика Президентининг 2022 йил 19 ноябрдаги «Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси ҳамда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ташкил этилди, - деди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличева. – Энди оромгоҳлардаги шарт-шароитлар касаба уюшмалари қошида очилган департаментлар томонидан амалга оширилади. Йиллар давомида оромгоҳларга эътиборсиз ёндашилгани боис бугун ачинарли аҳволга келиб қолган. Аммо бу дегани ҳамма ишни касаба уюшмаси ўз зиммасига олади, дегани эмас. Масалан, оромгоҳлар йўллари, электр энергияси, газ, сув таъминоти, ободонлаштириш ишларининг ўз масъуллари бор. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг 2023 йил 5 мартда қарори қабул қилинган бўлиб, 23 кишидан иборат комиссия таркиби белгиланган. «Самарқанд» болалар оромгоҳида дарахт шохлари ўсиб, электр симларига тегиб қолган, ушбу соҳа ходимлари келиб, бу муаммони бартараф этиши керак. Оромгоҳда йиғилиб қолган чиқиндиларни ободонлаштириш ташкилоти олиб чиқиб кетиши, йўлларни асфальтлаб бериш, оромгоҳга кириш жойида ота-оналар учун кутиш майдони қилиш каби ишларни ҳокимлик бажариши лозим.

Кейинги манзил — «Самарқанд» оромгоҳининг яқинида жойлашган «Ёш астрономлар» болалар оромгоҳи.

Эски номи «Янги Ўзбекистон» бўлган, 1953 йилда қурилган 300 ўринли оромгоҳда таъмирлаш ишлари кетяпти. Бир йилдан бери қаровсиз бўлган оромгоҳда олтита ётоқхона, кутубхона, маданият уйи бор. Ётоқхонадаги кроватлар, дераза ойналари синиб, матраслар йиртилиб кетган. Ҳовлида баргхазонлар тўпланиб турибди, лекин олиб кетилмаган. Ўтинхона яроқсиз ҳолга келган. Бассейн, ошхона, кутубхона, ётоқхоналарнинг барчаси таъмирталаб.

Самарқанд тумани Оҳалик маҳалласидаги «Камалак» болалар оромгоҳидаги аҳвол ҳам юқоридаги сингари ачинарли ҳолатда. Пайариқ тумани ҳокимлигига қарашли ушбу оромгоҳ 100 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанд шаҳар ҳокимлигига қарашли, 1953 йилда қурилган «Алпомиш» оромгоҳи 220 ўринга мўлжалланган. Ошхона ичида 4-5 та тикув машинаси, стол-стул ва идиш-товоқлар тартибсиз равишда қалашиб ётибди. Ушбу оромгоҳ ҳар ҳолда юқоридаги оромгоҳлардан кўра бироз яхшироқ сақланган бўлиб, тиббиёт хонаси, маънавият-маърифат маркази, ётоқхоналар таъмирдан чиқариляпти. Аммо бу ерда ҳам чиқинди тўпланиб қолган.

Оҳаликдаги «Ситора» болалар оромгоҳи ҳам таъмирталаб, ҳожатхоналар яроқсиз аҳволда, ҳовлида ўтлар ўсиб ётибди. Кесилган дарахт шохлари ҳам олиб кетилмаган.

- Вилоятимиздаги 15 та болалар оромгоҳи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгашига ўтказилди, - деди Феруза Қиличева. – Биз шу йилдан бошлаб оромгоҳларни замонавий шарт-шароитларга эга, халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳолатга келтириш ниятида имкониятдан келиб чиқиб, уларни бирма-бир янгидан қурмоқчимиз. Масалан, бу йил Каттақўрғон туманидаги «Ибн Сино» болалар оромгоҳини қайтадан қуриш ишларини бошладик. Ушбу оромгоҳ қаровсиз ҳолатда қолдирилиб, 3-4 йилдан бери фаолият кўрсатмаган. Келгуси йил «Ситора» оромгоҳини қайта қуришни режалаштиряпмиз.

Тоғ ён бағрида жойлашган ушбу оромгоҳлар ҳақиқатда йиллар давомида эътибордан четда қолган. Ҳавоси тоза, манзарали дарахтлари кўзни қувонтиради. Аммо оромгоҳлар ҳудуди ўраб олинмаган. Шу сабабли айримларининг ҳудудини ноқонуний ўзлаштириб олиш ҳолатлари мавжуд. Оромгоҳларнинг деярли барчасига кўприк орқали сойдан ўтиб борилади. Ушбу кўприклар ва йўллар таъмирталаб.

Тойлоқ туманидаги «Амир Темур» болалар оромгоҳига бу йил «Адас» номи берилибди. Оромгоҳда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Ушбу оромгоҳ ҳам чегараланмагани сабабли ёнида жойлашган тутзор эгаси ўзи ва чорва молларини оромгоҳ дарвозасидан олиб ўтар экан. Тадбиркор ўзига тегишли ҳудуддан эшик очишни истамасдан ҳар сафар оромгоҳ масъуллари билан жанжаллашаркан. Ушбу муаммони ҳам туман ҳокимлиги бартараф этади, деган умиддамиз.

Оромгоҳлар ичида Ургут туманида жойлашган «Чор чинор» болалар оромгоҳи гўзал табиати ва шарт-шароитлари билан эътиборни тортади. 1973 йилда қурилган 300 ўринли оромгоҳ 10 гектарга яқин майдонни эгаллаган. Оромгоҳда саккизта ётоқхона бўлиб, шундан олтитаси сендвич панелдан қурилган. Бинолар ва ундаги жиҳозлар яхши сақланган. Манзарали ва мевали дарахтлар тартиб билан экилган.

- Жорий йилдан барча болалар оромгоҳларидаги матрас, чойшаб, идиш-товоқларни янгилаймиз, - деди Ф.Қиличева. – Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, улар талабга жавоб бермайди. Айни кунда касаба уюшмаси қошидаги қурилиш ташкилоти томонидан оромгоҳлар таъмирланмоқда. Болаларнинг ёзги таътили бошлангунга қадар юқоридаги муаммоларни бартараф этамиз. Фақат бошқа масъуллар ҳам ўз вазифасига совуққонлик билан қарамасдан, астойдил бизга ёрдам берса, яхши бўларди.

Оромгоҳлардаги бундай эгасизлик ва қаровсизликнинг олдини олиш, оилавий дам олувчиларга шарт-шароит яратиш мақсадида ушбу оромгоҳларни мавсумий ишлатиш режалаштирилмоқда. Ҳақиқатда ҳам оромгоҳлар май ойининг охиригача тайёр ҳолатга келтириладими? Мавзуга яна қайтамиз.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА,
«Зарафшон» мухбири.
Фотомухбир Ҳусан ЭЛТОЕВ.