Ўша куни Саид Аҳмад ижоди бўйича илк дарсимни ўтишим керак эди...
(эссе)
2007 йилнинг охирлари. Олийгоҳнинг сўнгги босқичида ўқиймиз. Бизни амалиёт ўташ учун мактабларга юборишди. Ўқитувчиларнинг дарсларини кузатамиз, улар имкон беришса минг бир ҳаяжон ва титроқ билан дарс бошлаймиз. Амалиётдаги устозимнинг кўрсатмаси билан "Саид Аҳмад ҳаёти ва ижоди" мавзусида дарс ўтишга тайёрлана бошладим.
Торгина хонада тўрт дугона ижарада яшаймиз. Уй эгасининг алмисоқдан қолган қизил радиоси бўлиб, янгиликлардан ўша беминнат қути ёрдамида хабар топардик. Эрта саҳар уйқудан уйғониб бугунги ҳаёжонли кун сценарийсини хаёлимдан ўтказа бошладим. Кутилмаганда радиодан Саид Аҳмаднинг вафоти тўғрисидаги хабар янгради. Тўрталамиз бир-биримизга қараб қотиб қолганмиз. Тилимиз калимага келмас, кўзларимизда ёш милтиллар, бир сўз айта олмасдик. Эҳтимол, айримлар учун бу ҳол эришдек туюлар, аммо биз, бўлажак она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари учун бу ҳодиса катта қайғу, улкан йўқотиш эди. Севимли адибимиз асарларида илгари сурилган ғоялар ҳақида узоқ баҳслашган пайтларимиз ҳам кўп бўлган. Шунинг учунми билмадим, ўзбек адабиёти том маънодаги шундай ажойиб устоз адибидан айрилганига ишонгимиз келмасди. Лекин начора, ўлим ҳақ. Бу дунёда ҳеч ким ва ҳеч нарса абадий эмас.
Ўша куни дарсни зўрға ўтдим. Ўқувчиларга машъум хабар ҳақида айтарканман, ўзимни жуда-жуда ёмон ҳис қилдим. Худди яқин инсонимни йўқотгандек. Ҳақиқатан ҳам Саид Аҳмад ўзининг бетакрор асарлари билан кўнглимизга яқин бўлишга улгурган. Унинг сатрларидан нажот топган, мириқиб кулган, ҳаётий хулосалар олган пайтларимиз кўп бўлган.
Саид Аҳмад "Йўқотганларим ва топганларим" асарида устозлари, шогирдлари, замондошлари ҳақида ажойиб хотираларни ёзган. Биз юмор билан қоришиб кетган қайноқ сатрларни табассум билан ўқиймиз ва эслаймиз. Аччиқ хотиралар эса беихтиёр нигоҳларимизга кўчади. Ўзбек адабиётининг буюк дарғаси Саид Аҳмад ўзидан ғоят бой ва гўзал адабий мерос қолдириб кетди. Унинг маънавий мероси биз, авлодлар учун ниҳоятда аҳамиятлидир. Устоз бугун орамизда йўқ. Бироқ кўнгилга таскин берадиган бир нарса бор, устознинг асарлари мангу барҳаёт ва ҳамиша биз билан бирга.
Турдигул Абдиева,
Самарқанд шаҳридаги 80-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.