Ўта йирик миқдорда фирибгарлик содир этгани учун қидирувга берилган жиноятчи Латвияда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинди
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан фирибгарлик содир этгани учун халқаро қидирувда бўлган жиноятчи экстрадиция қилинди.
Тошкент ва Ригада фаолият юритувчи Интерпол ММБларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли, икки давлат мазкур ташкилотларининг раҳбарлари ўртасидаги музокаралар натижасида фирибгарликда айбланаётган халқаро қидирувдаги жиноятчи Ўзбекистонга берилган.
Қидирувдаги шахс бир неча йиллар давомида ўзини АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ходими сифатида таништириб АҚШга кетиш истагидаги шахсларга ҳужжатларни расмийлаштириш, хорижга чиқишга рухсат олишда ўз хизматларини таклиф қилади. Хизматлари эса текин бўлмаган, албатта. Шу тариқа, фирибгардан анча инсонлар жабр кўрди.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси хабарига кўра, жиноятчини қўлга олиш осон бўлмаган. Чунки у Ўзбекистондан чиқиб кетганидан кейин шахсий маълумотларини ўзгартириб, хорижий давлатнинг сохта паспортидан фойдаланган ҳолда, жиноий фаолиятини давом эттирган. Ўзини ҳамон элчихона ходими сифатида таништириб, фирибгарлик йўли билан жабрланувчиларнинг пул маблағларини ўзлаштириб олган.
Қидирувда бўлган шахсни аниқлаш бўйича узоқ давом этган жараёнлардан сўнг унинг чет эл паспортини сохта, шахсий маълумотларини эса ҳақиқий эмас деб топилиб, Тошкент ва Рига Интнерполнинг ММБ биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланиб, қўлга олинган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилгандан сўнг жиноятчи Интерпол ММБ ходимлари ҳамкорлигида Ўзбекистонга олиб келинган.