Турмуш чорраҳаларида: БУҚАЛАМУНГИНА ОТАЖОНИМ-А!
Аёли оламдан ўтгандан сўнг Жайнар ота жуфти ҳалолдан жудо бўлиш нима эканлигини билди. Кампири гўё бели букчайган дарахтни суяб келган тиргак экан. У бехосдан ғойиб бўлиб қолгач, юзтубан кетди, хотинига қарам катта ўғлининг қарамоғида қолиб, бетгачопар, шаддод келинининг қўлида тобе бўлди-қолди.
Кейинги ҳаёти шу ҳолда давом этса, аҳволи ҳозиргидан юз бадтар ёмон бўлишини пайқаган чол бениҳоя эҳтиёткор, устамон, айёрликка ўтди. Келинининг яхши муомала, мақтовга, хушомадга суяги йўқлигини сезиб, унга шу хилда лаганбардорлик қила бошлади. Ҳаммамиз ҳам шуку-я, аммо «қаловини топсанг, қор ҳам ёнар».
Чол ўз ўғлини ёмонлайверса, келинига ҳаддан ташқари ёқишини, обрўси, иззат-ҳурмати янаям ортишини англаб, икки гапнинг бирида фарзандини ёмонлаб, қўқимдан олиб, қўқимга тиқаверди.
Келинининг машмашаси ҳаддан ошиб кетса, чол ўзига жанговар қалқон - таянч бўладиган умр йўлдошини хотирлаб, бир панага ўтиб юм-юм йиғларди. «Ҳа, кампирим-а, тиригингда қадрингга етмадим, ўлганингда излаб топмадим…».
Келини эрталаб бир чойнак чой, битта нон, косада ширчойни хонтахта устига «тўқ» этказиб қўяр ва одатий тарзда қайнотасининг бирон камчилигини юзига соларди.
Ҳар гал хонтахта устига коса юлқиниб қўйилишининг ўзи қариянинг юрагига тиғдек санчилар, қўрс айтилган камчилиги миясини пармаларди.
- Чой юқингизни сепманг пойгоҳга, чеккан носингизни бирон идишчага туфланг дегандим-ку кеча!? Қулоғингиз карми? Ҳар куни исқирт йиғиштираверадиган ўнта қўлим йўқ менинг.
Раҳматли кампири тирик бўлганида шу нохушликлар бўлармиди, дейсиз. Шароит кескин тус олганини сезиб, чол дарҳол муросага ўтади. Буқаламундек эшилиб эврилади:
- Э, келин, хафа бўлма, биз эски замоннинг одамларимизда. Ўқимаганмиз.
- Ўғлингиз ҳам шу эди, ҳалиям тартибга олдим. Ҳозир бир ҳўплам чойни пойгоҳга сепиб кўрсин-чи, нима қиларканман уни. Тур десам туради, ўтир десам ўтиради, юр десам юради.
- Ҳа-а, буни биламан, биламан.
- Нос чекканингиз чатоқда. Шуни ташқарига бориб туфласангиз бўлмайдими?
- Қаридимда, болам, ҳолим йўқ.
- Энди гапни эшитинг, мен сизга дўкондан туфдон сотиб олдим. Ялтиллаган, янги туфдон. Носингизни энди авайлабгина ана шунга тупиринг, ота!
- Э, барака топ, қизим, барака топ! Бу ишни зўр қилибсан! «Эрни эр қиладиган ҳам, қора ер қиладиган ҳам хотин», деганлари шу-да. Янаям маҳкамроқ ушла эрингни – тур десанг турсин, ўтир десанг ўтирсин, юр десанг юрсин, эмакла десанг экмакласин. Энг яхши келиним ўзинг бўласан. Тунов куни шим кийганингни кўриб, маймун деворганимга хафа бўлдинг-да! Кечир мени!
- У гапни унутиб юборганман аллақачон, ота. Адоват, кин сақлайдиган одатим йўқ. Ўшандаям сиз ҳақ эдингиз, ҳозир ҳам ҳақсиз.
- Ие, нимага ҳақ бўларканман?
- Сиз энг катта қизим Нозиманинг мактабига кетар чоғи кийинишини бир кўринг, ота, маймун ҳам эмас, шим кийволган калтакесак деб ўйлайсиз. Менинг шим кийгандаги нусхам-а! Илтимос, шуни бир тарбияга чақиринг, ота! Уришиб қўйинг! Қўлида уяли телефон, қулоғида «наушник», кийим-боши очиқ-сочиқ…
- Эрингни қўлга олганингдан кўра олдин қизингни қўлга олсанг бўлмасмиди?
- Йўқ, кучим етмайди қизимга, ота. Тили-забони чатоқ!
- Қуш уясида кўрганини қилибди-да. Шу бугуноқ бунинг олдини оламан. Совға қилган туфдонинг куч берди менга, тозалик, тартибга чорлади. Балли, балли! Ўғлимнинг жиловини қаттиқроқ ушла, болалигида ҳам шунақа ўжар эди. Мен сен тарафдаман, қўрқма!
- Э, нимадан қўрқаман, ота. Бу уйда эрим эмас, мен хўжайинман. Маймун эмиш-а! Ҳали шунақанги ўйнатайки уни, маймун ҳам ип эшолмай қолсин!
- Ҳа, балли, балли, яша! Ана ўзи ҳам келиб қолди… Қалай, ўғлим, ишларинг зўрми? Чарчадингми? Ма, бир пиёла чой ич. Ҳа, болам, балли, яхши йигит бу.
- Ҳа, буқаламунгина отажоним-а!
Муродим УМРЗОҚОВ.