Озарбайжонда ўзбек ижодкорининг китоб тақдимоти ўтказилди

Яқинда Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида Ўзбекистон-Озарбайжон алоқалари мустаҳкамлиги ва мақсадлар муштараклиги яна бир бор намойиш этилди.

Ушбу нуфузли тадбирда тузилган маданий алоқалар самараси ўлароқ, Озарбайжонда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ўлмасбек Хўжаевнинг “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий асарларида коммуникациявийлик хусусиятлар талқини” китобининг тақдимоти ўтказилди.

Ушбу тақдимот тадбирлари Боку давлат университети, А.Карим номидаги Шимғоят ижод уйи, Озарбайжон Миллий Фанлар академияси ҳамда Ганжа регионал маданият идорасида ташкил этилди. Тақдимотда китоб муаллифи Ў.Хўжаев ҳамда Озарбайжон Миллий Фанлар академияси Низомийшунослик шуъбасининг мудири Нушоба Оросли асарнинг тарихий ва бугунги аҳамияти, ўзбек-озарбайжон дўстлиги, ўзаро ижодий алоқаларнинг давом этаётгани ҳақида гапирди.

Тақдимот иштирокчилари Ганжа шаҳрига бориб, улуғ мутафаккир, шайх Низомий Ганжавий қабрини зиёрат қилди. Низомий Ганжавий номидаги уй-музейда бўлишди.