Ўзбекистон ҳиндистонлик янги оилалар учун тўй саёҳати манзилига айланиши мумкин
Ҳиндистонда 24 февраль куни якунланган Жанубий Осиё савдо-туризм кўргазмаси (South Asia Trade Travel Exhibition - SATTE) доирасида уюштирилган муҳокамаларда Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тақдим қилинди.
Мамлакатимиз миллий павильонида дипломатия миссияси, Ўзбекистон туризм қўмитаси, қатор туристик компаниялар ҳамда Ҳиндистон ва бошқа давлатларнинг сайёҳлик ташкилотлари ва компаниялари вакиллари ўртасида музокаралар ўтказилди. Уларда, жумладан, сайёҳликнинг янги турларини биргаликда ўзлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, тўй маросимларини уюштиришга ихтисослашган йирик «WDNE» компанияси катта вице-президенти Вандита Бава билан учрашув чоғида ушбу йўналишда ҳамкорлик қилиш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги урғуланди ҳамда бу борада қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
- Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва сайёҳлик имкониятлари жозибадорлиги билан ажралиб туради, - дейди "Flying Leader" компанияси вакили Ҳамир Сингх. – Тез кунларда бир гуруҳ сайёҳларни Ўзбекистонга олиб бораётганимиздан хурсандмиз. Мамлакатингизнинг гўзаллиги билан яқиндан танишиш ва меҳмондўстлик анъаналарини ҳис қилиш ниятидамиз.
- Ушбу нуфузли кўргазмада Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда мамлакатнинг гўзаллиги ва бой меросини илгари сураётганимиздан мамнунмиз, - дейди "Blink Brand Solutions" компанияси вакили Аниш Маҳажан. - Ҳиндистонлик сайёҳлар орасида Ўзбекистоннинг туризм хилма-хиллиги ҳақида ёрқин тасаввурни шакллантиришга қаратилган туркум тадбирлар ўтказаяпмиз. Жорий йил Ўзбекистонга ўтган йилга нисбатан икки баравар кўп сайёҳларни йўналтиришга эриши жараёнига ўзимизнинг амалий ҳиссамизни қўшамиз.
Ҳиндистонда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини илгари суриш бўйича туркум тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. 27 февраль куни Маҳараштра штатида "Uzbekistan Airways" миллий авиакомпанияси томонидан апрель ойида Тошкент–Мумбай–Тошкент ҳаво қатновини қайта тикланаётгани ҳамда мамлакатимизнинг жозибадор туризм йўналишларига бағишланган йирик тақдимот маросими ўтказилади.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев мамлакатимизнинг жозибадор туризм салоҳияти ҳақида сўзлаб берди. Айтилишича, 2023 йил Ҳиндистондан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими 2022 йилга нисбатан қарийб тўрт марта ошган, дея хабар бермоқда “Дунё” АА.