Ўзбекистон миллий терма жамоасининг биринчи мурабиййи Рустам Акрамов вафот этди
Бугун, 15 февраль куни педагогика фанлари доктори, профессор Рустам Акрамов 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Рустам Акрамович Акрамов 1948 йилда Тошкент вилоятида дунёга келган. У фаолияти давомида ўзбек ва собиқ иттифоқ футболи ривожи учун улкан ҳисса қўшган мутахассис ҳисобланади.
Рустам Акрамов Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг футбол бўйича миллий терма жамоани бошқарган биринчи мураббий ҳисобланади. 1992-1994 йиллар терма жамоа у киши билан Марказий Осиё чемпионати ва 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозонган.
Рустам Акрамович 1995-1997 йиллар Ҳиндистон терма жамоасини бошқарди. Ушбу давлатдаги 2 йиллик фаолияти давомида асосий терма жамоа билан бир қаторда болалар футболини ривожлантириш тизимини шакллантирди. Кейинчалик OFK, FIFA ташкилотларида инструктор бўлиб фаолият олиб борди.
Ўзбек футболи ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун давлатимиз томонидан “Шуҳрат” медали ҳамда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланган.