Осиё кубоги: Бугун Ўзбекистон терма жамоаси майдон эгалари - қатарлик футболчиларга қарши майдонга тушади
Қатарда ўтаётган Осиё кубоги ҳам тобора қизғин паллага кирмоқда. Кеча мусобақанинг чорак финалидан ўрин олган Тожикистон — Иордания баҳси 0:1 ҳисобида, Австралия — Жанубий Корея ўртасидаги ўйин 1:2 ҳисобида якунланди.
Осиё кубогининг бугун, 3 февраль кунги дастурида чорак финал учрашувлари давом эттирилади. Унда Эрон – Япония, Қатар – Ўзбекистон терма жамоалари майдонга тушади.
Ўзбек футбол ихлосмандлари учун ҳар икки ўйин ҳам муҳимлигига шубҳа йўқ. Сабаби, миллий терма жамоамизнинг майдон эгаларига қарши ўйинига ҳар бир ватандошимиз мухлислик қилиши табиий. Эрон – Япония баҳси ғолиби ярим финалда айнан Қатар – Ўзбекистон ўйини ғолибига қарши ўйин ўтказиши маълум. Шу сабаб мазкур учрашув ҳам мухлислар эътибори марказида бўлади.
Қатар бугун ўз мухлислари кўз ўнгида “Ал-Байт” стадионида футболчиларимизга қарши майдонга тушади. Шу сабабдан ҳам учрашувда терма жамоамизга бироз босим бўлиши шубҳасиз. Лекин Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ҳар қандай босимда ҳам ўзлари учун муҳим натижани қўлга киритишга қодир. Айнан Қатарда 2011 йил ўтган Осиё кубогида бунинг гувоҳига айланганмиз. Ўшанда мусобақанинг илк учрашувида мезбонларни 2:0 ҳисобида мағлуб этганмиз. Умид қиламизки, бу йил ҳам ана шундай муваффақиятга эришамиз.
Бироқ, ўтган вақт мобайнида Қатар терма жамоасининг ўйин савияси ўсди. Шунингдек, сўнгги икки йилда ушбу мамлакатда йирик футбол мусобақалари ўтказилмоқда ва футболга бўлган қизиқиш ҳам аввалги йиллардан кўра анча юқори. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, айнан Қатар Осиё кубогининг амалдаги ғолиби ҳисобланади. Шу сабабли, Қатар бугун ўз олдига икки мақсад қўйган ҳолда майдонга тушади. Аниқроғи, бундан 13 йил аввалги аламли мағлубият, мусобақа кубогини яна ўзида сақлаб қолиш учун Ўзбекистонга қарши бор кучи билан ўйнайди.
Нима бўлганда ҳам яна ўша футбол нақлини эслатиб ўтмоқчиман. “Майдон текис, тўп думалоқ!”. Ҳа, футболда енгилмайдиган жамоанинг ўзи йўқ.
Дарвоқе, бугун Сречко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ оқ либосда, дарвозабонимиз эса қора либосда ҳаракатланади. Шунингдек, учрашувни бошқариб борадиган ҳакамлар гуруҳи ҳам маълум. Бош ҳакам Жанубий Корея вакили Ким Ҳи Гон, унга қанотларда ҳамюртлари Юн Жае Еол ва Парк Санг Жун ёрдам беради. Захира ҳаками сифатида эса қувайтлик Абдулла Жамали ишлайди. Учрашув соат 20:30 да “Ал-Байт” стадионида старт олади.
Эрон ва Япония терма жамоалари баҳси эса соат 16:30 да “Education City” стадионида бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев.