"Ўзбекистон учун 100 ғоя"га самарқандлик ёшлар қандай лойиҳаларни тақдим этяпти?
Президент раҳбарлигида 2021 йил 27 январда мамлакатимизда ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган видеоселектор йиғилишида "Ўзбекистон учун 100 ғоя" лойиҳасини амалиётга жорий этиш вазифаси берилган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ёшларининг 170 га яқин ғоя ва таклифлари шакллантирилди.
- Кейинги пайтларда юртимизда қонун ва қонуности ҳужжатларни қабул қилишда ёшларнинг ҳам таклифлари инобатга олиняпти, - дейди Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Д.Исмоилов. - "Ўзбекистон учун 100 ғоя" лойиҳаси ҳам ёшларнинг фикрига таяниб амалга оширмоқда. Самарқандлик ёшлар томонидан ҳам мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган таклифлар келиб тушди. Масалан, Мурод Нормўминовнинг “Жавоб ТОП” стартап лойиҳаси рўйхатга олинди. Ушбу лойиҳа ўқувчилар ва талабалар томонидан берилган мураккаб саволларга жавоб берувчи турли соҳа экспертларини қамраб олган интерактив онлайн платформадир. Лойиҳанинг асосий мақсади билимга эга бўлган талабалар ва мутахассисларни муайян фан ёки соҳани ўрганишда турли муаммо ҳамда қийинчиликларга дуч келаётган ёшлар билан ҳамкорлигини таъминлаш, улар учун қўшимча даромад келтирувчи иш ўринларини яратишдир.
Танлаб олинган шу каби барча ғоялар сараланиб ва умумлаштирилиб, республика аппарати ва бошқа манфаатдор идораларга тақдим қилинди.
Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.