Ўзбекистон юк машиналарини Грузия-Туркия чегараси орқали ўтказиш тикланди

Коронавирус тарқалишини камайтириш борасида кўрилаётган шошилинч чоралар сабабли Туркия ҳудудига миллий юк ташувчиларимизнинг кириши чекланган эди.

Мазкур масалани ҳал этиш борасида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги Туркия ва Грузиянинг масъул вазирлик ва идоралари билан музокаралар олиб борди. Музокаралар якунида ушбу масала ижобий ҳал этилди, деб хабар берди Транспорт вазирлиги.

Туркия томонидан олинган маълумотга кўра, ўзбекистонлик автоташувчилар Туркия ҳудудига Ўзбекистондан чиққан кунларидан бошлаб 14 кунлик муддат тугаганидан кейин киритилади.

Туркия Божхона идораси ва Савдо вазирлиги 2020 йил 30 март кечасидан бошлаб Ўзбекистон юк ташувчи транспорт воситаларини киритиш тикланганлигини тасдиқлади. Бугунга қадар Грузия-Туркия чегарасини 50 дан ортиқ юк транспортлари кесиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Анқара ва Боку шаҳарларидаги элчихоналари вазиятни назоратга олган.