Ўзбекистонда Польша компанияси билан ҳамкорликда қурилиш моллари ишлаб чиқарувчи йирик завод қурилади

Шу мақсадда Ўзбекистон элчиси Баҳром Бобоев Польшадаги «Luba Sohn Holding» компанияси раҳбари Кшиштоф Слаби билан учрашди. Мулоқот чоғида Ўзбекистонда турар-жойлар, бинолар ва саноат иншоотларини  термал модернизациялашда қўлланадиган кўпикли полистирол блоклар (пенопласт) ҳамда бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи завод қурилишига тўғридан-тўғри сармоя киритиш масаласи муҳокама қилинди.

Польша компанияси Ўзбекистон қурилиш саноати эҳтиёжлари учун зарур бўлган ушбу қурилиш маҳсулоти масаласини пухта ўрганиб чиқди. Компания раҳбарининг таъкидлашича, пенопласт замонавий экологик тоза ва бардошли қурилиш материали бўлиб, мукаммал иссиқлик изоляцияси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлайди. Чунки пенопласт таркибида ёнғиндан ҳимоя қилувчи антипирен бирикмалар мавжуд. Фойдаланиш муддати 40 йилдан ортиқ.

Кўпикли полистирол блокларидан фойдаланиш йўналишларидан бири бу иссиқлик модернизациясидир. Қалинлиги 50 дан 200 мм гача бўлган пенопласт билан уйларни изоляциялаш натижасида иссиқлик йўқотилишини бир неча бор камайтиришга эришилади. Энергия сарфи сезиларли даражада тежалади, электр энергияси истеъмол харажатлари 35-40 фоизга камаяди. Мисол учун, Польшада термал модернизация масалалари 90 йилларда кўриб чиқилган ва бугунги кунда мамлакатдаги биноларнинг 90 фоизи пенопласт билан қопланган.

Янги завод қурилиши учун режалаштирилган инвестициялар ҳажми тахминан 7-10 миллион долларни ташкил этади. Завод 300-400 нафар кишини иш билан таъминлаш имкониятига эга бўлади. Маълум қилинишича, завод йилига қалинлиги 30 - 200 мм гача бўлган 300 минг кубометр пенопласт ва келажакда унга қўшимча тўрлар, елим, пойдевор болтлари, илгаклар, акрил сувоқ, моғор ва намланишга қарши воситалар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

5 гектар майдонни ташкил этувчи завод ишлаб чиқариш бўлимлари, логистика маркази, лаборатория, тайёр маҳсулот омборлари ва бошқаларни ўз ичига олади.

Польша томонига Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятлари, хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёз ва енгилликлар, мамлакат ҳудудларида ташкил этилган эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон элчихонаси тез орада инвестиция билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида «Luba Sohn Holding» ва «Ўзқурилишматериаллари» АЖнинг  масъул ходимлари ва мутахассислари иштирокида видеоконференция ташкил этади. Унинг натижасида Польша компанияси делегациясини жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинади.