Ўзбекистонда Telegram’да фирибгарлик схемалари орқали фойдаланувчиларни алдаш ҳолатлари кузатилди

 “Ўзкомназорат” давлат инспекцияси ахборот хизмати хабар беришича, Ўзбекистонда Telegram фойдаланувчиларининг аккаунтларига кириб олиб, шахсий маълумотларни ўғирлаш ёки аккаунтни қайтариб бериш эвазига мўмай пул ишлашга уринаётган мобил фирибгарлар пайдо бўлди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари маълум қилган.

 Фирибгарлик схемасига кўра фойдаланувчига мобил алоқа операторининг расмий рақамидан қўнғироқ қилиниб, COVID-19 коронавирус инфекцияси ҳақида ўта содда ва жавоби осон саволлар бериладиган қисқа викторина ўтказилади. Ғолибга пул ўтказиб бериш ваъда қилинади. “Ўлжа” ютуғини олиши учун Telegram’га келган махфий кодни айтиши лозим. Мессенджерга келган сирли рақам айтиш, фирибгарларнинг аккаунтга кириб олишига шароит яратади.

Блогер ёки канал администраторининг аккаунтига кириб олган фирибгар у ердаги маълумотларни ошкор қилмаслик учун пул талаб қила бошлайди. Оқибатда ўзини викторина ғолиби бўлдим деб ўйлаган фойдаланувчи фирибгарлик қурбонига айланади.

Мутахассислар тавсиясига кўра, бу каби ҳолатларни олдини олиш учун Telegram’да икки томонлама аутентификацияни ўрнатиш зарур. Бу Telegram’дан келган махфий рақамдан ташқари аккаунт паролини ҳам киришни сўрайдиган ҳимоя тизими. 

Юқоридаги ҳолатларга ўхшаш фирибгарлик схемалари МДҲга аъзо бошқа мамлакатлар ҳудудларида ҳам кузатилмоқда. 

Ўзкомназорат” давлат инспекцияси Telegram фойдаланувчиларидан ахборот хавфсизлиги бўйича юқоридаги тавсияларга риоя қилишни, телефон орқали бегона рақамдан қўнғироқлар бўлиб, шубҳали викториналар ўтказилиш ҳолатлари кузатилганида, мессенджер орқали махфий кодлар юборилиб, уларни айтиш сўралганида бегоналарга ушбу маълумотни ошкор этмасликни, фирибгарлик схемаларидан огоҳ бўлишни сўради.