“Bitcoin”чилар 3 миллион АҚШ долларини телеграм орқали ноқонуний айирбошлагани аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро М.А. ноқонуний даромад орттириш мақсадида валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда ўтказиш билан шуғуллангани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуроратура матбуот хизмати хабар берди.

У 2019–2020 йилларда интернет тармоғидаги Telegram каналида фуқароларга 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги криптоактивлар кўринишидаги маблағларни айирбошлаш орқали хорижий давлатлар фуқаролари билан чет эл валютасини ўтказиб келгани, “Bitcoin” олди-сотдиси билан лицензиясиз шуғулланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш)  ва 190-моддаси (фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.