Ўзбекистондаги иккинчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси Самарқандда ишга тушади
Аввал хабар қилганимиздек, Энергетика вазирлиги томонидан Нуробод туманида қурилаётган қуёш фотоэлектр станциясига пресс-тур уюштирилди.
Кейинги пайтда турли вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар томонидан йирик қурилиш объектларига шу каби пресс-турлар ўтказилмоқда. Бу орқали оммавий ахборот воситалари вакиллари янги иншоотлар, уларнинг қурилиш жараёнлари ҳақида маълумотларга эга бўляпти ва бундан халқимизни хабардор этяпти.
Қуёш фотоэлектр станциялари, умуман, қайта тикланувчи энергия манбалари – мамлакатимиз учун энди ўзлаштирилаётган, янги қурилиш объектлари, замонавий иншоотлар. Шунинг учун Энергетика вазирлиги ташкил этган бу галги пресс-турда иштирок этиш истагини билдирганлар кўпчиликни ташкил этди.
Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари Самарқанд шаҳрида жам бўлганида вазирлик матбуот хизмати ходимлари тезроқ йўлга чиқиш зарурлиги, 200 километр масофани босиб ўтиш кераклигини қайта-қайта айтишди. Ҳеч ким “Йўл узоқ экан, боролмайман” демади.
Микроавтобус ва енгил машиналарда ўтириб, йўлга тушдик. М-37 автомагистрали орқали Пахтачи туманига кириб бордик. Шу ердан Қарнаб йўли орқали станция қурилаётган манзилга боришимиз керак экан. Каттақўрғон шаҳрининг Ингичка массиви ва Нуробод тумани орқали ҳам манзилга етиб олиш мумкин, лекин йўлнинг ҳолати яхши эмас, дейишди вазирлик вакиллари. Аммо Қарнаб йўли ҳам биз ўйлагандек, текис ва қулай эмас экан. Дашт оралаб кетган йўлда 40 километрдан ортиқ масофада 1 соатлар юрдик.
“Бунча узоқ экан, бу вақтда бир қанча ишларимни бажариб олардим”, “Бунақалигини билганимда келмасдим”, “Станция очилишига келишни ўйлаб ҳам кўрмайман”, деган гаплар эшитила бошлади.
Ниҳоят, электр станциясининг улкан темир устунлари, тармоқлар кўзга ташланди, панеллар қуёш ёруғида ялтираб кўрина бошлади. Уч соат деганда уловларимиз қурилиш бўлаётган ҳудудга кириб келди.
Объект масъуллари коронавирусга тест топширишимиз ва шундан сўнг қурилиш майдонига киришимиз мумкинлигини айтишди. Албатта, бу ўзимиз ва станцияда меҳнат қилаётган қурувчилар саломатлиги учун жуда муҳим. Ҳеч ким оғринмади, эътироз билдирмади. Қисқа вақтда натижаларни аниқлаб беришди – ҳаммамизга объектга киришга рухсат берилди.
Кенг даштлик, ўзлаштирилмаган ерлар. Йўлни ҳисобга олмаганда, ҳеч қандай коммуникация тизимлари тортилмаган. Шундай бўлса-да, қурувчи ва мутахассислар учун контейнерларда турар жой ва бошқа зарур маиший шароитлар яратилган (400 киши меҳнат қилаётган экан ҳозир бу ерда).
Вазирлик масъулларининг айтишича, мазкур станция Ўзбекистон тарихида қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергияси ишлаб чиқарадиган иккинчи энг йирик қуёш фотоэлектр станцияси ҳисобланади.
– Умумий қуввати 100 мегаваттга тенг бўлган биринчи қуёш фотоэлектр станцияси 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида ишга туширилган эди, – дейди Энергетика вазирлиги қайта тикланувчи энергия манбалари бошқармаси бошлиғи Абдуллажон Отабоев. – Навоийдаги лойиҳа Бирлашган Араб Амирликларининг "Masdar" компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган. Бу эса ушбу йўналишда илк бор Европа компанияси, яъни Франциянинг “Total EREN” компанияси билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мазкур лойиҳанинг пойдевори давлатимиз раҳбарининг 2018 йил октябрь ойида Францияга ташрифи давомида қўйилган эди. Ўшанда “Ўзбекэнерго” ва “Total EREN” компанияси ўртасида ушбу объектни қуриш ва 25 йил давомида электр энергияси сотиб олиш бўйича инвестицион келишувга эришилганди. Шу асосида Нуробод туманидан ҳудуд танланиб, 353 гектар майдонда ўтган йил май ойида станция қурилишига киришилди. Киритилаётган 100 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобидан шу пайтгача асосий подстанцияни қуриш ва жиҳозлаш, инфратузилма яратиш, панеллар ва бошқа зарур техника, технологияларни келтириш ишлари амалга оширилди. Станцияда ўрнатиладиган 295 мингдан ортиқ қуёш панелларининг 50 мингдан ортиғи жойлаштирилди. Ҳозирда бу иш жадал давом эттирилмоқда.
Мутахассиснинг қайд этишича, станция ишга тушгач йилига 260 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Содда қилиб айтганда, ушбу станция орқали 80 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади. Ҳозирда шунча миқдордаги электр энергиясини ишлаб чиқариш учун иссиқлик электр станцияларида 75 миллион куб метр табиий газ сарфланади. Бу шунча миқдорда табиий газ тежалишидан далолат беради. Тежаладиган ушбу ҳажмдаги газ билан республикадаги мавжуд барча аҳоли хонадонларини бир кун давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин экан. Яна бир эътиборли томони, атмосферага 100 минг тонна зарарли чиқиндилар чиқишининг олди олинади.
– Мазкур станция истиқболига ишончимиз жуда катта, – дейди “Total EREN” компаниясининг қурилиш бўйича директори Жорж Диаб. – Чунки, биринчидан, танланган жой қуёш фотоэлектр станцияси учун жуда қулай. Табиий шарт-шароит ва имкониятлари юқори. Шу пайтгача Қозоғистонда иккита шундай лойиҳани амалга оширганмиз, лекин улар билан қиёслаганда, бу ер анча мукаммал. Иккинчидан, энг замонавий панел ва воситалардан фойдаланяпмиз. Қуёш панелларининг икки томони орқали ҳам электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин. Ҳаво булут ва туманли бўлса ҳам озгина ёруғликдан электр энергияси олинади. Шунингдек, панеллар қуёш ҳаракатига қараб, ҳар 15 дақиқада ҳаракатланади. Йил давомида икки марта ювилса, кифоя. Майдонда 18 та кичик подстанция бўлади ва улар ҳам хорижнинг энг сўнгги русумдаги технологиялари ҳисобаланади. Ишлаб чиқарилган электр энергияси бу подстанциялар орқали асосий юқори кучланишли станцияга етказиб берилади ва ундан умумий тармоққа ўтказилади.
Вазирлик ва компания масъуларининг билдиришича, станциядаги барча жараёнлар замонавий технологиялар ва автоматик тизим асосида бошқарилади. Шунча катта объектни бошқариш учун 25 нафар ишчи-ходим меҳнат қилар экан.
Самарқанддаги биринчи қуёш фотоэлектр станциясини жорий йилнинг апрель ойига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Келгуси йилда эса Каттақўрғон туманида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан қуввати 220 мегаватт бўлган вилоятдаги иккинчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади.
Ҳа, дарвоқе, олис Нурободдаги станция қурилиши билан танишиш учун бир кун вақтимиз кетган бўлса-да, жуда кўп маълумотларга эга бўлдик ва бой таассурот билан қайтдик. Шунинг учун ҳам йўл узоқ ва машаққатли бўлганига қарамай, пресс-тур қатнашчилари объект очилишида қатнашишни ният қилиб, буни вазирлик матбуот хизматига ҳам билдириб қўйишди.
Ғолиб Ҳасанов,
Алишер Исроилов (сурат).