Ўзбекистондан Ҳиндистонга кислород концентраторлари, дори воситалари етказиб берилди

Маълумки, шу кунларда дунёнинг айрим минтақаларида коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини авж олмоқда. Хусусан, сўнгги кунларда Ҳиндистонда эпидемиологик вазият кескин тус олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Ҳиндистон учун мураккаб ва синовли кунларда жорий йил 1 май куни Деҳли шаҳрига инсонпарварлик кўмаги етказиб берилди.

Мобил кислород концентраторлари тўпламлари, эҳтиёж юқори бўлган турли дори воситаларидан таркиб топган инсонпарварлик юкларини Деҳли аэропортида мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов мазкур мамлакат Қизил Хоч жамияти ва Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилларига топширди.

Маросимда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Евроосиё департаменти директори ўринбосари Бандару Вилсонбабу Ҳиндистонда санитария-эпидемиологик вазият оғирлашган ҳозирги вақтда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан биринчилардан бўлиб инсонпарварлик ёрдами юбориш ҳақида қарор қабул қилингани мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият олдида фаол ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилларига содиқ эканидан ҳамда Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шерикчилик алоқаларининг амалдаги яққол исботидан далолат эканини таъкидлади.

– Биз дўст ва биродар Ўзбекистон Республикасидан жўнатилган инсонпарварлик юкларини қабул қилиб олдик. Ўзбекистон ва Ҳиндистон азалдан синалган дўст ва яқин ҳамкорлар ҳисобланади. Мамлакатларимиз анъанавий равишда турли масалаларда бир-бирини доимо қўллаб-қувватлаб келган. Бугун ўзбекистонлик дўстларимиз томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами халқларимизнинг самимий дўстлиги, бир-бирига бўлган ишончи ва ҳурматидан далолат беради. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбариятига ушбу мураккаб ва оғир дамларда ҳинд халқига кўрсатган олижаноб кўмаги учун самимий миннатдорлик билдирамиз, – деди Ҳиндистон вакили.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами Ҳиндистоннинг қатор етакчи ОАВлари, хусусан, “Times of India”, “ANINews”, “ZeeNews” ва бошқа нашрларда кенг ёритилмоқда.

ЎзА.