Ўзбекистонлик фуқаро ўзи сувга итариб юборган аёлни қутқараман деб чўкиб ўлди (видео)

Санкт-Петербургда ўзбекистонлик бир аёлни дарёга итариб юборди, сўнгра уни қутқараман деб чўкиб кетди. Бу ҳақда РИА Новости шаҳар ФВВ ББ маълумотларига таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Ҳодиса тунда Адмиралтейский туманидаги Фонтанка дарёси соҳилида рўй берган.

Тергов маълумотларига кўра, 63 ёшли Ўзбекистон фуқароси аёлни тўсиқдан ошириб, отиб юборган. Эркак маст ҳолатда бўлганлиги тахмин қилинмоқда.

Бу пайт у нима иш қилиб қўйганини англаган ва чўкиб бораётган аёлга турли воситалар билан ёрдам беришга уринган. Сўнгра ўзи ҳам сувга сакраган.

Аёлни ФВВ етиб келгунга қадар сувдан олиб чиқишган. У Мариинск касалхонасига ҳаддан ташқари совқатиш ташхиси билан олиб кетилган.

Эркакни сувда бир соат қидиришган. Уни қидириш учун ғаввослар жалб қилинган. Бироқ қутқаришга муваффақ бўлишмаган.

“Фонтанка” нашри хабарига кўра, ҳалок бўлган ва жабрланувчи таниш бўлишган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, ўзбекистонлик шу туманда ҳовли тозалигига қаровчи бўлиб ишлаган.