“Ўздонмаҳсулот” ноннинг нархи ошишига муносабат билдирди

Бугунги кунда нон нархининг эркинлаштирилиши натижасида айрим ҳудудларда қолипли нон маҳсулотлари 1700 сўмдан 1900 сўмгача нархда сотилаётганлиги хусусидаги фикр-мулоҳазалар аҳоли ўртасида кенг тарқалиб, ижтимоий тармоқлар орқали турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган қолипли нон маҳсулотлари бугунги кун ҳолатида 1400-1500 сўмдан барча турдаги истеъмолчиларга пул кўчириш ва турғун савдо шохобчалари орқали етказиб берилмоқда ва ушбу нархлар ишлаб чиқариш харажатларидан келиб чиқиб шакллантирилган.

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги нон ишлаб чиқарувчи цехларда тайёрланган маҳсулотлар корхона номи ва логотипи мавжуд махсус дўконлар ва бозорлар, савдо комплекслари, аҳоли гавжум жойлардаги шохобчалар орқали белгиланган тартиб ва стандартлар асосида сотилиши ташкил этилган ва бу борадаги ҳаракатлар устидан қатъий назорат мунтазам равишда олиб борилаётгани ҳақида маълум қилди.

Биламизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги 866-сонли “Дон ва ун етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дон, ун, нон ва нон маҳсулотлари нархларининг эркинлаштирилиши соҳани янада ривожлантириш, унда эркин бозор механизмини жорий этиш эвазига янги, замонавий технологияларни кенг жалб қилиш орқали маҳсулот сифатини янада яхшилаш, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва асосийси – бозорда маҳсулот камайиши ва етишмовчилигининг олдини олишга қаратилган.