Ўзгаларнинг айби билан жавобгарликка тортилган собиқ ИИБ ходими оқланди

Оқдарё тумани ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакили бўлган бу йигит жиноятни яширганликда айбланган. Муҳокама қилинган ҳолатда иштихонлик фуқаро машинасидан пул ва бошқа буюмлар йўқолгани тўғрисида мурожаат қилган. Мурожаати тегишли тартибда рўйхатга олинмагани учун бу ҳақда юқори идораларга арз қилишга мажбур бўлган.

Самарқанд вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2021 йил 3 ноябрь куни ўтказган аппеляция инстанциясида бу ҳолатда тезкор ходим айбли эмас, деб топди. Фуқаронинг аризаси юзасидан иш ҳужжатлари алоҳида иш юритувга ажратилиб, вилоят прокурори орқали тегишли тергов органига юборилган. Нега?

Чунки, 2017 йил 2 июль кунги фуқаронинг автомашинасидан нарсалари ўғирлаб кетилгани ҳақидаги аризасини қабул қилиш ва ҳодиса содир бўлган жойга тергов-тезкор гуруҳини чиқариш Ж.Расулов (исм, фамилиялар шартли) нинг хизмат вазифаларига кирмайди. Бироқ у фуқаронинг ариза ёзмасдан кетганлиги ҳолати бўйича тузилган далолатнома ҳамда ҳолат бўйича суриштирув ўтказишни сўраб ёзган билдиргисини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ва тегишли чора кўриш учун топшириши лозим эди. Аммо у билдиргини ўзида 3 кун сақлаб келганлиги оқибатида ИИВнинг 2016 йил 30 май кунидаги 82-сонли буйруғи, 10-банди (Ички ишлар органлари ходимлари қуйидагиларга мажбур: ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш) талабларини бузган.

Бу ҳолат юзасидан тезкор ходимга нисбатан вилоят ИИБнинг 2017 йил 30 августдаги хизмат текшируви хулосаси ва 2017 йил 5 октябрь кунги шахсий таркиб бўйича буйруғи билан “эгаллаб турган лавозимдан озод этиш” жазоси тайинланган.

Хизмат текшируви хулосасида, ўша пайтда Оқдарё тумани ИИБ ташкилий бўлинма навбатчилик қисми катта инспектор навбатчиси вазифасида ишлаган ходим ўзига юклатилган вазифаларига совуққонлик билан қараб, навбатчилик қисмига келган фуқаро билан учрашиб, суҳбатлашган бўлса-да, нима мақсадда туман ИИБга келганлиги ҳолатига ойдинлик киритмаган ва ўрнатилган тартибда қайд қилмаган. 

Яъни, жабрланган фуқарони ЖҚБ ходимларига учрашишликни кўрсатиб қўйган. Бунинг учун унга “Хайфсан” интизомий жазоси берилган.

Жиноят процессуал кодексининг 464-моддасига мувофиқ, судланувчи содир этган қилмишда жиноят таркиби бўлмаса, шунингдек, жиноят бошқа шахс томонидан содир этилганлиги аниқланса ҳамда судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд ЖПКнинг 83-моддаси 3-бандида назарда тутилган асосга кўра, судланувчини оқлашлиги кўрсатилган.

Ушбу асосга ва судланувчининг аризасида қайд этилганлардан келиб чиқиб, суд ҳукми билан Оқдарё тумани ИИБнинг тезкор вакили айбсиз деб топилган ва оқланган.

Унга реабилитация қилиниши муносабати билан мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида белгиланган тартибда даъво талаби билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилган.

Эслатиб ўтамиз, биринчи инстанция суди 2 йил айбланувчини ички

ишлар идораларида ҳамда мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаган.