Ўзингизда касаллик сезсангиз, шифокорлар тавсиясига амал қилинг
Айни кунларда дунё мамлакатлари аҳолиси синовли кунларни бошдан ўтказмоқда. Коронавирус пандемияси глобал фожиага айланиб улгурди.
Юртимизда “COVID-19” коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида барча таълим муассасаларида карантин жорий қилиниб, таълим жараёни масофавий онлайн тарзда давом эттирилди.
Олиб борилган кенг қамровли ислоҳотларга қарамасдан ушбу касаллик тизим ходимларини ҳам четлаб ўтмади. Самарқанд қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи директори Соли Базаров COVID-19'ни юқтириб олгани ва касалликдан даволаниб чиққанини маълум қилди.
Суҳбат жараёнида Соли Базаров касалликни бошидан қандай кечиргани ҳақида сўзлаб бериб, ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда айрим маслаҳатларни бериб ўтди:
- Энг аввало, ҳар қандай касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш маъқул, деган гап бор халқимизда. Хасталикнинг олдини олишда тозалик-озодалик, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш асосий талаб ҳисобланади. Менда ҳарорат кўтарилиши ва ҳолсизлик сезилди, баданимда оғриқлар пайдо бўлди. Тест топшириб кўрсам, менда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланди. Шундан сўнг шифокорларга мурожаат қилдим. Шифокорлар енгил шаклдаги коронавирус кечаётганини айтишди ва мен уйда, оила аъзоларимдан алоҳида бўлган шароитда, улардан изоляцияда бўлган ҳолда ушбу касалликни бошимдан ўтказдим.
У шифокорлар тавсиясига асосан ҳар икки соатда ҳароратини ўлчаб тургани, кунига 5-6 литргача сув ичгани, ҳарорати 39 даражадан ошгандагина иситмани туширувчи дори ичгани, бурун-томоғини чайиб тургани, уч кунда иситмаси ўтиб кетгач, қисқа йўтал бошланиб, шифокорлар унга антибиотик ёзиб бергани ва 5 кун давомида антибиотик қабул қилгани, маълум вақт ҳид билиш қобилияти йўқолганини таъкидлади.
- Кўпчилик шамолладим деб ўйлаб, коронавирусга чалинганини билмай қоляпти. Мен ана шундай ҳамюртларимизга, аввало, ваҳимага тушмасликка ва албатта шифокор кўригидан ўтишни тавсия қиламан, – деди у. - Шунинг билан биргаликда шифокор билан маслаҳатлашмай турли дорилар қабул қилмаслик керак. Ҳозирги кунда ўзимни яхши ҳис қилаяпман. Йўтал, бурним битиши тўхтади. Касалликни енгишимда шифокорларимизнинг меҳнати беқиёс бўлди. Самарқанд шаҳар 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси бош врач ўринбосари Ҳасан Искандаровичга ҳамда катта ҳамшира Додарой Джумаевага ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Улуғбек Эшбутаев.