Пандемия билан курашиш улкан масъулият, қатъий интизом ва сабр-тоқатни талаб қилади
Коронавирус пандемияси фуқароларимиз соғлиғига хавф солиш билан бирга давлатимиз бошқаруви самарадорлигини, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлигини ҳамда жамиятимиз етуклиги даражасини жиддий синовдан ўтказмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан бундай мураккаб вазиятда, барча йўналишда ишлар ўз вақтида ва тўғри ташкил қилинмоқда, коронавирус пандемияси тарқалишига қарши курашиш масаласига комплекс тарзда ёндашилмоқда.
Жумладан, шу йил 3 апрель куни Президентимиз томонидан «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармоннинг қабул қилиниши ҳам пандемия билан курашиш борасида муҳим қадам бўлди.
Мазкур фармон билан иқтисодиётимизни барқарор ишлашини таъминлаш, ушбу қийин вазиятда тадбиркорлар, ҳунарманд, фермерлар ва корхоналарни фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли аниқ чоралар белгиланди. Хўш, булар нималарда акс этмоқда?
Аввало, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида уларга солиқдан қатор имтиёзлар, ижара тўловлари ва банк кредитларини тўлашда катта енгилликлар берилмоқда. Шубҳасиз, ушбу чоралар иқтисодиётимизни барқарор ишлашини таъминлашга хизмат қилади.
Иккинчидан, фармонда аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланди. Жумладан, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги белгиланди. Ушбу чоралар, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол товарларининг нархларини ошиб кетмаслигига хизмат қилади.
Учинчидан, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмасдан, 6 ойдан 1 йилгача узайтирилди. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади. Бу давлатнинг фуқароларига ғамхўрлигининг яққол намунаси. Таъкидлаш лозимки, ушбу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилалар қамраб олиниб, уларнинг сони 720 мингдан ошади.
Тўртинчидан, карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб бериш вазифалари белгилаб берилди.
Бугунги мураккаб шароитимизда, ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли бу - аҳолининг бандлигини таъминлашдан иборат. Айниқса, карантин муносабати билан иқтисодий фаоллик пасайган пайтда аҳоли бандлиги масаласи алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис фармонда карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турларини янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, мамлакатимизда фаолият юритаётган ҳунармандлар учун 50 миллион доллар маблағ ажратилмоқда. Ушбу маблағлар, албатта, ҳунармандларга ўз фаолиятини самарали ташкил қилиш, кенгайтириш ва янги шогирдлар тайёрлаш учун катта имконият яратади.
Бугунги кунда пандемия билан курашиш, мамлакатимизда тиббий чораларни кўриш билан бир қаторда, жамиятимизнинг барча аъзоларидан улкан масъулиятни, қатъий интизомни ва сабр-тоқатни талаб этмоқда. Демак, тадбиркор ҳам, ҳунарманд ҳам, оддий фуқаро ҳам яратилган имкониятни имтиёз деб эмас, масъулият деб қабул қилса ва шу мақсад-муддао билан ҳаракат ва меҳнат қилса, пандемия келтирадиган иқтисодий зарарларни юмшатишга эришамиз.
Улуғбек Вафоев,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси.