Паст Дарғом тумани “сариқ”дан “яшил” тоифадаги ҳудудга қандай ўтади?

Жорий йилда илк марта ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг рейтинг баҳолаш тизими асосида туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилиб, “яхши’, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилди.

Рейтинг натижаларига кўра, Паст Дарғом туманидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати “ўрта” деб топилган. Яъни, туман 2019 йил якунлари бўйича 15,62 балл билан баҳоланиб, вилоятда 8-ўринни, республикада 54-ўринни эгаллаган.

Хусусан, ўтган йилда туманнинг экспорт ҳажми (13,9 миллион доллар) аҳоли жон бошига 40 доллардан тўғри келган. Мазкур йўналишда вилоят миқёсида 11-ўринни эгаллаган. Шунингдек, кичик (бизнес) тадбиркорлик субъектларида маҳсулот (хизмат)лар ҳажми 0,20 балл (максимал 1,25 балл) билан баҳоланган.

Айрим кўрсаткичлар ўтган йилларга нисбатан бирмунча яхшиланганига қарамай, Паст Дарғом тумани вилоятнинг бошқа ҳудудларига нисбатан орқада эканлиги ойдинлашмоқда. Мисол учун, тадбиркорлик субъектларининг яшовчанлиги ҳисобланганда 2143 тадбиркорлик субъектининг 1001 таси ёки 47 фоизи 3 йилдан ортиқ давр мобайнида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланган. Бу кўрсаткич билан туман вилоятда 5-ўринни эгаллаган.

- Албатта, ўтган йилги кўрсаткичларда ҳам ижобий натижалар бор, - дейди туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Умид Назаров. - Жумладан, 2019 йилда мол-мулк ва ер солиқлари тушумининг ўзгариши 2016 йилнинг тушум режасига нисбатан 239 фоизга ўсиб, вилоятда 2-ўринда қайд этилган. Яъни, ўтган йилда ҳисобланган 261,836 миллиард сўмлик солиқ тўловларининг 259,024 миллиард сўми ёки 99 фоизи ундирилган.

Жорий йилда туманинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун бошқа кўрсаткичларни яхшилаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Мисол учун, 22 та асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни йил якуни билан барча манбалар ҳисобидан амалга ошириш, статистикада акс эттирилишини таъминлаш, банкдан ташқари пул айланмаларини камайтириш чораларини кўриш учун мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ҳар бир йўналишга мутасадди раҳбарлар бириктирилди.

Шу билан бирга туманда жорий йилда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда янада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2020-2021 йилларга мўлжалланган ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига мувофиқ, қиймати 750,4 миллиард сўмлик 42 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 1028 та иш ўринлари яратилади.

Бу борада амалга оширилган ишлар натижасида туман маҳаллий бюджетига январь-сентябрь ойлари учун 53,7 миллиард сўм прогноз тушум режаси белгиланган бўлиб, амалда бу кўрсаткич 60,8 миллиард сўмга ёки 113 фоизга бажарилган.

Бундан ташқари, бандликни таъминлаш орқали аҳолининг доимий даромад манбаини шаклантириш орқали январь-сентябрь ойларида 5 минг 495 нафар норасмий фаолият кўрсатаётган фуқароларни легаллаштириш режалаштирилган бўлиб, ҳақиқатда норасмий фаолият юритиб келаётган 5 минг 596 нафар фуқаролар расмийлаштирилди. Яъни, белгиланган режа 101,8 фоизга бажарилди.

Жорий йилнинг тўққиз ойида аҳолида тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш орқали 529 та янги корхона ташкил этиш режалаштирилган эди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида амалда 536 та янги корхона ташкил этилди. Йил бошидан буён 640 та якка тартибдаги тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтди.

Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 250 та ўрнига 260 та ер майдони бўйича лойиҳалар тайёрланиб, “YER-ELEKTRON” тизими орқали сотилди.

Аҳолининг бозорда талаб бўлган касб-ҳунар кўникмаларини эгаллашига кўмаклашиш бўйича режадаги 208 ўринга 217 нафар фуқаролар касбга ўқитилди.

Меҳнат бозорида рақобатбардош бўлмаган аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсадида 990 нафар фуқарони ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш режалаштирилганди. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 3896 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар ушбу ишларга жалб қилинди. Шунингдек, 67 фаолият (ишлар, хизматлар) турлари бўйича 4967 нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилишига эришилди.

Камбағал оилалар сонини қисқартириш бўйича ишчи гуруҳ ва сектор аъзолари билан биргаликда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида уйма-уй юриб, муҳтож ва эҳтиёжманд оилалар ўрганилганда, 4596 та камбағал оила аниқланган. Бугунги кунда қайта ўтказилган мониторинг натижасига кўра, 771 та оила доимий даромад манбаига эга, моддий жиҳатдан барқарор эканлиги, томорқасидан самарали фойдаланаётганлиги аниқланиб, камбағаллик рўйхатидан чиқарилган.

Туманда “ўрта” даражадан яхши даражага ўтиши учун зарур ишлар амалга оширилмоқда. Муҳими, амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида туман кўрсаткичлари бошқа ҳудудларга нисбатан яхшиланиб бормоқда.

Мисол учун, маҳаллий бюджетнинг даромадларини орттириб бажариш бўйича Паст Дарғом тумани вилоятда энг яхши кўрсаткичга эга. Жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра, туман бюджети қарийб 7 миллиард сўмга орттириб бажарилиши кўзда тутилмоқда. Йил якунига қадар бу маблағ “яшил” ҳудуд – Самарқанд шаҳридагидан 3 миллиард сўм кўпроқ, 10 миллиард 779 миллион сўм бўлиши кутиляпти. Демак, катта ўзгаришлар, ижобий янгиликлар қилиш учун етарли имконият пайдо бўлади.

Ёқубжон Марқаев.