Паст Дарғом туманида Foton автомобиллари йиғилади

Паст Дарғом туманининг Балхиён маҳалласида автосаноат соҳасида янги лойиҳа ишга туширилиши арафасида. “Central Asia automative factor” МЧЖ томонидан ташкил этилаётган қўшма корхонада Foton бренди остида пикаплар, юк автомобиллари ва микроавтобуслар йиғиш режалаштирилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллион долларни ташкил этади. Шундан 2 миллион доллари хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади. Дастлабки босқичда корхонада 50 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Қурилиш ишларининг бориши билан яқинда туман ҳокими Ж. Пардаев танишди. У тадбиркор томонидан билдирилган таклиф ва муаммоларни ўрганиб, лойиҳани самарали амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.

Мазкур йўналишга қизиқиш бежиз эмас. Ўзбекистонда автомобилсозлик саноати жадал ривожланаётган тармоқлардан бири бўлиб қолмоқда. Йирик ишлаб чиқарувчилар билан бир қаторда хусусий лойиҳалар ва хорижий брендларни маҳаллийлаштириш ташаббусларининг аҳамияти ҳам ортиб бормоқда.

Foton бренди асосан тижорат транспорти — юк машиналари, пикаплар, фургонлар, микроавтобуслар ва автобуслар ишлаб чиқариши билан танилган. Шу боис Пастдарғомда ушбу техникаларни йиғиш йўлга қўйилиши нафақат туманнинг янги саноат объектига, балки мамлакатда тижорат транспорти бозорини ривожлантиришга ҳам хизмат қилиши мумкин.