Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Паст Дарғомда ГАЗОБЛОК ишлаб чиқарилмоқда

Кўриб, гувоҳи бўляпмиз: юртимизда қурилиш-бунёдкорлик ишларига ҳамоҳанг қурилиш моллари бозори ҳам жадал ривожланяпти. Маълумотларга кўра, айни пайтда тармоқда фаолият юритаётган 10,5 мингдан зиёд корхона томонидан 185 турдаги қурилиш ашёлари ишлаб чиқариляпти ва бундай маҳсулотларга талаб йил сайин ортмоқда. Паст Дарғом туманидаги «Жума таъмирлаш механика» заводи таркибида ўз фаолиятини бошлаган «GOLD BRIDGE» масъулияти чекланган жамияти ҳам замонавий маҳсулот ишлаб чиқараётган ана шундай корхоналардан бири.

- «Жума таъмирлаш механика» заводи республикамиздаги кўплаб пахта тайёрлаш заводлари учун эҳтиёт қисмлар етказиб берар эди, - дейди корхона таъсисчиси Собир Абдураимов. – Пахтачилик тармоғи бозор талаблари асосида такомиллаштирилгач, корхонага буюртма кескин камайиб кетди. Оқибатда завод инқироз кўчасига кириб қолди. Бу ердаги ҳолат ва имкониятлар билан танишган туман ҳокими бошқа ишлаб чиқариш йўналишини ташкил этиш таклифини билдирди ҳамда бу борада чет эл инвестицияси киритилишида кўмак беришини айтди. Шу таклифга кўра, имкониятларимизни чамалаб, замонавий қурилиш маҳсулоти – газоблок ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойи­ҳа тайёрладик. Натижада туман ҳокимлиги кўмагида шу йилнинг апрель ойида 1 миллиард 100 миллион сўмлик чет эл инвестицияси киритилди. Тузилган шартномага кўра, корхона цехларига Россиянинг Алтай шаҳридан замонавий технология олиб келиб, ўрнатилди. Май ойидан маҳсулот ишлаб чиқара бошладик. Бундай қурилиш маҳсулоти тайёрлайдиган корхона вилоятимизда ягона саналади.

Газоблок қандай қурилиш маҳсулоти? У қандай кўриниш ва ўлчамда тайёрланади? Унинг афзаллиги нимада? Кўпчиликни қизиқтирган бу каби саволларга жавоб олиш учун корхона раҳбари Худойқул Хўжаевга юзландик.

- Газоблок - цемент, алюмин кукуни, каустик сода, натрий сульфат каби элементлар қўшилиб, замонавий печларда пишириладиган қурилиш маҳсулоти, - дейди Х.Хўжаев. – Газоблок одатда ҳар донаси 18 килограмни ташкил этадиган - эни 20, узунлиги 60, баландлиги 30 сантиметр ҳажмда тайёрланади. Бу - ўртача 20-22 та пишиқ ғишт ҳажмига тенг. Бироқ буюртмачи талабига қараб, 8 хил ўлчамда маҳсулот тайёрлаб бериш имконимиз бор.

Бугунги кунда аксарият давлатларда қурилишда ғишт ўрнига газоблокдан фойдаланиляпти. Боиси, газоблок ўзининг енгиллиги, табиий газни саккиз марта кам сарфлаши, энергия тежамкорлиги ва унумдор тупроқнинг ишлатилмаслиги билан пишиқ ғиштдан бир неча маротаба афзал.

Шунингдек, газоблок иссиқ-совуқни бир хилда сақлайди. Кўп қаватли уй барпо этишда бошқа қурилиш материалларига нисбатан бино вазни енгиллигини таъминлаб, ортиқча оғирликнинг олдини олади. Девор тиклаш, пардозлаш ишларига талаб қилинадиган қум, цемент ва бошқа қоришмаларга эҳтиёж қолдирмайди. Чунки газоблокларни теришда улар орасига махсус елим суртишнинг ўзи кифоя. Девор сатҳи сувоқ қилинмайди, фақат эҳтиёжга қараб, енгилгина пардозланади. Шулар ҳисобига газоблок иморатни тез ва арзон ҳолда тиклаш имконини беради.

Корхонада кечаётган иш жараёнлари билан танишамиз. Бу ерда ишлаётган 15 нафар ишчининг ўз вазифаси бор. Ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган, фақат қоришма тайёрлаш, кесиш ва қуритишда меъёрларга амал қилинса бўлгани, қолганини замонавий техниканинг ўзи бошқаради.

- Ғишт қуйиш технологиямизнинг ишлаб чиқариш қуввати суткасига 50 куб/метр маҳсулот тайёрлашга тенг, - дейди Худойқул ака. – Аммо бугунги кунда буюртмага қараб, ҳар куни 25 куб/метргача газоблок тайёрланяпти. Бу 700-750 тагача газоблок дегани. Ўтган 5 ой ичида 550 миллион сўмлик 1000 куб/метр ёки турли ўлчамда 40 минг дона маҳсулот тайёрлаб, унинг асосий қисмини Тошкент шаҳрига, шунингдек, вилоятимизнинг қатор ҳудудларига сотдик. Очиғи, қурилиш ишларида газоблокнинг имконият ва афзалликларини ҳали кўпчилик билмайди. Шу боис маҳаллий қурилиш корхоналаридан буюртмалар кам бўляпти. Ваҳоланки, газоблок маҳсулотларига Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон бозорларида талаб ортиб бормоқда.

Дарҳақиқат, корхонанинг қисқа вақт ичидаги фаолиятига назар ташласангиз, бу ерда тилга олса арзигулик иқтисодий ўсиш бўлганлигини кўрасиз. Жумладан, корхона май ойида 35 миллион сўмлик, июлда 60 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган бўлса, сентябрь ойида 310 миллион сўмлик маҳсулот тайёрлашга эришди. Ишчилар сони ҳам ортди: май ойида 10 нафар ёшлар ишлаган бўлса, бугунга келиб улар сафи 5 нафарга кўпайди. Шунингдек, ишчилар учун бепул тушлик, дам олишлари учун шарт-шароит яратилди, узоқдан қатнайдиганлар ётоқхона билан таъминланди.

Корхона фаолияти билан танишгач, инвестор Акбар Абдураимов Худойқул аканинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ишлар қандай ташкил этилаётгани билан қизиқди. Шу фурсатда биз ҳам инвестор билан қисқача суҳбатлашдик.

- Корхонанинг келажаги истиқболли, негаки газоблокка бўлган талаб тобора ортмоқда, - дейди инвестор. – Шунинг учун корхонага яна сармоя киритишни режалаштиряпмиз. Келгусида корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотни мижозларга етказиб бериш, бинони қуриш, безаш ишларини ҳам ўзимиз амалга оширамиз. Шу билан бирга яқинда корхонада Украина давлати билан ҳамкорликда электрод ишлаб чиқариш цехини барпо этишни ҳам мўлжаллаяпмиз.

Акрам ҲАЙДАРОВ.

Маҳсулот сертификатланган.
Реклама ҳуқуқи асосида.