Пастдарғомлик Диёра Кедиёрова жаҳон чемпионатида олтин медалга эга чиқди

Парижда давом этаётган дзюдо бўйича ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг биринчи кунги беллашувлари вакилларимиз учун муваффақиятли кечди.

Токио олимпиадаси иштирокчиси Диёра Келдиёрова 52 килограмм вазн тоифасида ярим финалда Франция вакиласи Чейенне Муниерни, финалда эса яна бир француз дзюдочиси Жулие Вейлл Дит Морейни енгиб, олтин медалга эга чиқди.

Чемпионатнинг эркаклар ўртасидаги баҳснинг 60 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Дилшодбек Баратов ҳам Парижга бекорга келмаганлигини намойиш этди. Саралаш беллашувларида австриялик Даниэль Леутгеб, эронлик Муҳаммад Ҳусейнни тамошабинлар сафига кузатиб қўйишга эришди. Олтин медаль учун ўтказилган муросасиз курашда франциялик Жолан Флоримонтдан устун келди ва ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпиони номига сазовор бўлди.

Ҳар иккала спортчимизнинг ғалабаси шарафига Париж спорт майдонида Ўзбекистон мадҳияси янграб, байроғимиз баланд кўтарилди.

Мусобақанинг навбатдаги баҳсларида ўз вазнларида қатнашган Шавкат Саитқулов, Артём Штурбабин, Обидхон Нўмонов ҳамда Шукуржон Аминовага Париж татамиларида омад кулиб боқмади. Шундай бўлса-да, уларнинг халқаро мусобақалар кўникмаси шаклланганлиги муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, бугун, 31 октябрь кунги беллашувларда Ўзбекистон дзюдо спорт турининг ёрқин вакили, Токио олимпиадаси совриндори Давлат Бобонов ҳам жаҳон чемпионатидаги иштирокини бошлайди.

ЎзА.