Пахтачи туман ҳокими Воҳид Раҳимов: “Одамларда боқимандалик кайфияти ўрнига яратиш, тадбиркор бўлиш истаги уйғонмоқда” (Аудио)
Вилоят телерадиокомпаниясининг "Очиқ мулоқот" кўрсатувида Пахтачи тумани ҳокими ва тумандаги секторлар раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
- Аввалги мулоқотларимизда саволларнинг аксарияти моддий ёрдам ёки маҳалладан нафақа пули олиш, саломатликни тиклаш ва уй-жойни таъмирлашда ёрдам сўраш билан боғлиқ бўлганди, - дейди туман ҳокими В.Раҳимов. - Бу масалада вилоят ҳокимининг ёрдами билан уй-жойи йўқ ёки уни таъмирлашга муҳтож кишиларга ёрдам берилди. Жойларда ўтказилган сайёр қабулларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш орқали даромад топиш борасида тушунчалар бердик, одамларнинг ҳам фикри ўзгарди. Натижада бугунги мулоқотимизда моддий ёки нафақа олиш, уй-жойни таъмирлаш борасида бирорта ҳам савол бўлмади.
Мулоқот давомида аҳолидан тушаётган саволларнинг аксарияти йўлларни таъмирлаш, уй-жой ва савдо дўконларининг бузилиши, банкдан кредит олиш, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, Зиёвуддин шаҳарчасида олиб борилаётган ишлар хусусида бўлди. Жумладан, Тадбиркор маҳалласидан Зафар Холиқулов ички йўлларни таъмирлаш, Шарофиддин Эргашев ишга жойлашиш, Сардоба маҳалласидан Музаффар Ҳамроев имтиёзли кредит олишда ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Ўтказилган мулоқот чоғида туман ҳокими ва сектор раҳбарларига 56 та мурожаат бўлди, тўғридан-тўғри эфир орқали жавоб қайтаришнинг имкони бўлмаган саволлар тумандаги тегишли мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилади.
Туман ҳокими Воҳид Раҳимов мулоқот сўнгида газетамиз учун ўз фикрларини билдирди.
- Берилаётган саволлардан кўриниб турибдики, одамларда боқимандалик кайфияти ўрнига яратиш, тадбиркор бўлиш истаги уйғонмоқда ва туманда олиб борилаётган ўзгаришларга бефарқ эмас, - дейди туман ҳокими. - Зиёвуддин шаҳарчасида архитектура қиёфасини ўзгартириш, янги бинолар ва кўп қаватли уйлар қуриш лойиҳалари амалга оширилади. Асосийси, туманда 2 йил давомида 17 миллиард сўм маблағ эвазига канализация тармоғи қуриш ишлари олиб борилади. Бу эса 26 та икки қаватли уйларни тармоққа улаш ва алоҳида иситиш тизими ўрнатиш имконини беради.
Энг устувор йўналишлардан бўлган ишсизликни бартараф этиш мақсадида пахта тўқимачилик кластерларида 4-5 мингта иш ўринлари яратилмоқда. Саноатни ривожлантириш учун туманда темир йўл, халқаро автомобиль йўли бор, қурилиш материаллари учун бой хомашё ресурсига эгамиз.
Бундан ташқари, туманимиздаги 28 минг 453 хонадон тасарруфида 1835 гектар томорқа ери бор. Бу майдонда икки экинда ўртача 60-65 миллион сўм даромад олиш мумкин ва бунинг учун имтиёзли кредитлар бериб боряпмиз.