Пахтачида яширин цех ташкил этиб, тошдан олтин ва кумуш ажратиб олиш билан шуғулланган шахс ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пахтачи тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Қ.Э. ноқонуний даромад орттириш мақсадида тумандаги “Қорақўтон” тоғ тизмаси ҳудуддан яширин равишда, таркибида қимматбаҳо олтин моддаси бўлган тош хомашёсини ўғирлик йўли билан ковлаб олиб, ўзи томонидан яширин ташкил қилинган цехда қайта ишлаб, олтин моддасини ажратиш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиб келганлиги аниқланди. Яширин цехдаги 9440 килограмм тошда 189,6 грамм олтин моддаси ва 257,8 грамм кумуш моддаси мавжудлиги ҳамда уларнинг умумий қиймати 113,7 миллион сўмни ташкил қилиши маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Қ.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.