Пайариқ тумани ва Каттақўрғон шаҳрида амалга оширилиши кутилаётган янги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди
Қарийб икки ой давом этаётган карантин шароити барчага, аввало, давлат бошқаруви идоралари раҳбарлари учун синов ва тажриба бўлмоқда. Пандемиянинг аҳоли турмуш тарзига, тадбиркорлар фаолиятига ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича аниқ вазифалар белгиланиб, уларнинг ижроси таъминлаб борилмоқда.
Самарқандда ҳам бу борада ҳудудлар кесимида мавжуд ресурслар ва имкониятлардан келиб чиққан ҳолда манзилли режалар, лойиҳалар тузилиб, уларни тезкор амалга ошириш бўйича ишлар изчил олиб борилмоқда.
Кеча вилоятимизда фаолият олиб бораётган давлат ва тижорат банкларининг кўмаги асосида Пайариқ тумани ва Каттақўрғон шаҳрида амалга оширилиши кутилаётган янги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Тадбирда тадбиркорлар томонидан 40 дан ортиқ лойиҳалар тақдим этилиб, мавжуд муаммолар, уларнинг ечими мутасаддилар иштирокида бирма-бир муҳокама қилинди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида қурилиш ишларини давом эттиришга рухсат берилганлигини инобатга олиб, мазкур объектларда белгиланган ишларни карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Масъул ходимларга ҳали бошланмаган, узоқ муддатли лойиҳаларни аниқлаб, уларни 2020 йилнинг ўзида самара беришни бошлайдиган янги лойиҳаларга алмаштириш зарурлиги, маблағларни устувор равишда кичик бизнес субъектларига янги иш ўринлари яратиш учун йўналтириш тавсия этилди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.