Пайариқда “Обод қишлоқ”даги объектлар қачон битади?
“Обод қишлоқ” дастурининг 2019 йилга мўлжалланган режасига кўра, Пайариқ туманидаги 2360 хонадон истиқомат қилувчи Туркибола, Бирлашув ва Янгиҳаёт қишлоқларида ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, ичимлик сув тармоғи тортиш каби ишларни бажариш белгиланганди. Бироқ Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишларда туманнинг Туркибола қишлоғидаги 240 ўринли 100-сонли мактаб қурилиши ва 34-боғча реконструкцияси ва бошқа белгиланган қурилишлар якунига етмаганлиги аниқланди.
2019 йил бошида 100-мактаб қурилиши учун “Уста Камол қурувчи”, 34-боғча реконструкцияси учун “Шоҳруҳ қурувчи дизайн” масъулияти чекланган жамиятлари тендер ғолиби бўлиб, қурилиш-таъмирлашни бошлаган бўлса-да, ишлар якунига етказилмади. Хўш, сабаб нимада?
Пайариқ туманида 2019 йил бошида эркин қолдиқ маблағ миқдори 2,1 миллиард сўмни ташкил этган. Бу маблағ халқ депутатлари Пайариқ тумани Кенгашининг 2019 йил 5 февралдаги қарори билан ижтимоий соҳа объектлари бўйича қарздорликлар мавжуд бўлса-да, “Ёшлар маркази” биносини таъмирлашда юзага келган кредитор қарздорликни қоплашга 658, туман давлат солиқ инспекцияси биносини жорий таъмирлашга 300, тумандаги ижтимоий ва коммунал соҳа муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга 940, жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга 211,1 миллион сўм йўналтирилган.
- 240 ўринли мактаб қурилиши учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2 миллиард 101 миллион сўм ажратилиши белгиланганди, - дейди “Уста Камол қурувчи” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Ойбек Эшмаматов. – Биз эса бошқа объектлардаги маблағ ва автомобилларимизни сотиш ҳисобидан мактаб қурилишини 90 фоизга етказиб, 1 миллиард 396 миллион сўмлик иш бажардик. Натижада, том ёпилди, объектнинг бир қисмига эшик-ромлар ўрнатилди. Лекин бизга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бор-йўғи 472 миллион сўм ўтказилди. Шу боис ишлар тўхтаб қолди.
Янги мактаб қурилаётган манзилда кўп қаватли ва намунавий лойиҳадаги уйлар қурилган. Мактаб қурилишини ўрганаётганимизни кўрган аҳоли фарзандларини узоқдаги мактабга юборишдан кўра шу ердаги мактабни тезроқ ишга туширишда ёрдам сўраб мурожаат қилишди.
Шу қишлоқдаги 100 ўринли 34-мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш ишларида ҳам шундай ҳолат юз берган. 2019 йил 1 сентябргача ишга тушириш мақсадида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 2 миллиард 639 миллион сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Аммо “Шоҳруҳ қурувчи дизайн” масъулияти чекланган жамияти томонидан муассасада бажарилган 2 миллиард 23 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари учун 649,4 миллион сўм маблағ ажратилган ва қурилиш ишлари тўхтаб қолган.
Тумандаги Бирлашув қишлоғида ҳам 160 ўринли 23-мактабни мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Қурувчи корхона томонидан 1 миллиард 171 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса-да, унга 556 миллион сўм маблағ ўтказилган холос.
- “Обод қишлоқ” дастурига асосан туманимиздаги 100-мактаб қурилиши, 23- мактабни мукаммал таъмирлаш ва 34-мактабгача таълим ташкилоти реконструкцияси учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 5 миллиард 554,6 миллион сўмлик лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрланганди, - дейди туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Шерзод Маҳаматов. – Ҳозиргача мазкур объектларда 4 миллиард 454 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Қурилиш корхоналарига 1 миллиард 720 миллион сўм маблағ тўлангани ҳолда қарздорлик 2 миллиард 734 миллион сўмни ташкил этмоқда. Мазкур қарздорликни туманнинг маҳаллий бюджети даромад режасини ошириб бажарилган қисми ҳисобидан қоплаш режалаштирилган.
Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни комплекс ўрганиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тузилган “Йўл харитаси”да Пайариқ туманидаги якунига етказилмаган қурилиш ишларини тугаллаш бўйича соҳа масъулларига бир қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, вилоят молия бошқармасига 2020 йил 1 июлгача мазкур объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишларини якунлаш учун зарур маблағни ажратиш, вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси ва Пайариқ тумани ҳокимлигига 2020 йил 1 августгача Туркибола маҳалласидаги янги мактаб ва 34-мактабгача таълим ташкилоти биносида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва қурилиш ишларини якунлаб фойдаланишга топшириш, вилоят ҳокими ўринбосарига 2020 йил 1 августгача реконструкцияга тушган 8 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини жадаллаштириш ва фойдаланишга топшириш вазифаси қўйилганди. Белгиланган муддат ҳам яқинлашмоқда. Хўш, масъуллар томонидан қандай амалий ишлар бажарилди?
Афсуски, вилоят ҳокими ўринбосаридан Сенатнинг «Йўл харитаси»да белгиланган топшириқлар бўйича қилинган ишлар бўйича расмий хатимизга жавоб ҳам ололмадик.
Вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси директори Ж.Шамсиевнинг имзоси билан тақдим этилган маълумотда қайд этилишича, вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси буюртмаси асосида 2019 йил 25 апрелда Пайариқ туманида “Обод қишлоқ” дастурига киритилган Туркибола маҳалласидаги 34-мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш учун “Шоҳруҳ қурилиш дизайн” масъулияти чекланган жамият билан 2383,5 миллион сўмлик пудрат шартномаси тузилиб, ишлар бошланган. Объектда ҳозиргача 1945,3 миллион сўмлик ишлар бажарилган бўлса-да, туман маҳаллий бюджетидан 2019 йил якунигача 649,4 миллион сўм молиялаштирилганлиги туфайли қурилиш ишлари тўхтаб қолган. Компания томонидан объектларни молиялаштиришни сўраб туман ҳокимлиги, вилоят молия бошқармасига расмий мурожаат қилинган лекин 1734,1 миллион сўмлик маблағ тўланмаган. Объектларни молиялаштириш манбаига аниқлик киритилгач белгиланган тартибда фойдаланишга топширилади, деб якунланган бизга тақдим этилган маълумот.
Ишнинг якуни яна айланиб маблағга бориб тақалмоқда. Вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев имзоси билан тақдим этилган маълумотга кўра, Туркибола қишлоғидаги 34-боғчани таъмирлашдан 1859,2 миллион сўм қарздорлик мавжуд. Шаҳар ва туман маҳаллий бюджетлари қўшимча манбалари маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида қолдирилаётганлигини инобатга олиб, 2019 йил 9 декабрдаги “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга асосан тумандаги қурилишлардан юзага келган қарздорликни қоплаш учун Пайариқ тумани ҳокимлиги томонидан туман маҳаллий бюджетининг ички имкониятлари ҳисобидан маблағ ажратиш бўйича халқ депутатлари туман Кенгашига таклиф киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Демак, бу борада вилоят ташкилотлари ҳам бирор амалий иш ўрнига хат бериш билан чекланган. Унда ўз ҳисобидан қурилиш ишларини катта қисмини бажарган қурувчининг ҳоли нима кечади? Янги бинода таълим-тарбия олишни истаётган болаларнинг орзуси-чи? Бу кимни ташвишлантиради?
Афсуски, бундай ҳолни фақат Пайариқ туманида эмас, вилоятнинг бошқа туманларида ҳам учратиш мумкин. Нега унда қурилиш бошланмасдан аввал, етарли маблағнинг манбаси аниқланмасдан қурилишга танлов эълон қилинган, ишлар бошланган? Ахир бу йилга тузилган режалар кейинги йилга ўтиб кетаверса, кейинги йилги режаларнинг ижроси қандай таъминланади?
Асосий савол эса ҳамон жавобсиз қолмоқда: Сенатнинг «Йўл харитаси» ижроси таъминланадими ёки қоғозлигича қоладими?
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.