Пайариқдаги мактабларда бола сони кўп, синфхоналар етишмайди: Таълим сифатининг пасайиб кетишига яна нималар сабаб бўлмоқда?

Мактаблардаги таълим сифати, яратилган шарт-шароит, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ўрганиш мақсадида бу галги сафаримиз Пайариқ туманида бўлди. Тумандаги 99 та умумий ўрта таълим мактабини 2019-2020 ўқув йилида 3841 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг 419 нафари, яъни 10,9 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Ўтган 2018-2019 ўқув йилида бу кўрсаткич 4,4 фоиз бўлиб, туман мактаблари республика миқёсида ҳам қуйи ўринлардан жой олганди. Бу йилги кўрсаткич бироз ошган бўлсада, 16 та мактаб битирувчиларининг бирортаси ҳам олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмагани афсусланарли.

Туман мактабларида меҳнат қилаётган 4813 нафар ўқитувчининг 3799 нафари олий маълумотли бўлса, 208 нафари тугалланмаган олий, 806 нафари ўрта махсус маълумотга эга.

- Таълим сифатини ошириш борасида биринчи галда педагоглар таркибини ўрганаяпмиз, - дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Шокир Уралбоев. - Улар ҳақиқатда ҳам ўз мутахассислиги бўйича ишлаяптими ёки таниш-билишлик орқали бошқа фанлардан ҳам дарс бераяптими? Ҳақиқатни тан оладиган бўлсак, айрим мактаб раҳбарлари қатор йиллар ўз қариндош(лар)ини қўллаб-қувватлаб келиши ортидан ҳам таълим самарадорлиги оқсади. Бугун мева бермаган дарахт каби битирувчилари олий таълим даргоҳларига кира олмаётган мактабларнинг аксариятида мутахассис кадрлар етишмайди.

Шунингдек, ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қила олмайдиган, айрим мактабларда электрон журнал ташкил қилинган бир пайтда туман мактабларининг атиги 20 таси оптик толали интернетга уланган. Мактаблардаги жами 2316 та компьютернинг 366 таси яроқсиз ҳолда.

Мактабда синфхоналардан ташқари фақат директор хонаси бор

Дўстлик маҳалласида жойлашган 49-умумий ўрта таълим мактаби 2015 йилда 96 ўринга мўлжаллаб қурилган. Атиги 20 сотихдан зиёдроқ майдонга эга бўлган мактабда спорт зали қурилмаган. Кутубхона, ўқитувчилар хонаси, фаоллар зали, тиббиёт хонаси йўқ. Хуллас, мактабда синфхоналардан ташқари фақат директор хонаси бор. Бор-йўғи 125 нафар ўқувчига эга бўлган мактабда синфхоналар етишмагани боис дарслар 2 навбатда ўтилади. Мактаб даштли ҳудудда жойлашган бўлиб, унга 4 та қишлоқ болалари узоқ масофадан қатнаб ўқийди.

- Мактабимиз 11 йиллик бўлганига атиги 2 йил бўлди, - деди директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Хайрулло Тангириев. – Битирувчиларимизнинг бирортаси ҳам олий ўқув юртларига киролмаганининг сабаби яқин йилларгача олий маълумотли мутахассислар етишмай сифат кўрсаткичимиз пасайиб кетди.

Кўмирни элакдан ўтказмасдан ишлатиб бўлмайди

Жовшарота маҳалласида жойлашган 4-умумий ўрта таълим мактабининг янги биноси 2017 йилда қурилган. Аммо мактаб биноси ўралмаган, режада қурилиши керак бўлган спорт зали қурилмаган. 180 ўринли мактабда 310 нафар бола таҳсил олмоқда. Синфлар етишмагани сабабли янги бинода фақат дарс ўтилади. Директор хонасидан тортиб, кутубхона, маънавият хонаси, тиббиёт хонаси, кўмирхона мактабнинг ёнидаги эски, совуқ бинода жойлашган. Эски бино бир вақтлар ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

- Бу йил мактабни 13 нафар ўқувчи битирди, уларнинг 2 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди, - деди директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Зиёмиддин Эшмирзаев. – Мактабимизда фақат рус тили фани ўқитувчиси етишмайди, қолган фанлардан педагоглар етарли.

Мактабга куз-қиш мавсуми учун 8 тонна кўмир берилган, аммо брикет берилмаган. Кўмирнинг кукуни кўплиги боис элакдан ўтказиб ишлатишяпти.

Туман халқ таълими бўлимининг маълумотига кўра, куз-қиш мавсуми учун мактабларга 2528,0 тонна кўмир ва 163,0 тонна брикет (аслида 1918,0 тонна берилиши керак) тарқатилган ва гўёки режа бажарилган. Бироқ, мактаб раҳбарлари берилган кўмир қишдан чиқишга етмаслигини айтишди.

Мактаб электрон кундаликка уланган, бироқ интернет йўқ...

Тумандаги намунали мактаблардан бири Алишер Навоий маҳалласида жойлашган 6-умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, унда 1910 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Аммо мактаб биноси 840 ўринли, бу ерда ҳам синфхоналар етишмайди. Шунинг учун мактабга қўшимча фойдаланиш учун тумандаги 1-касб-ҳунар мактабининг 6 та хонаси берилган. У ерга юқори синф ўқувчилари қатнаб ўқимоқда. Мактабга 5 та маҳалла болалари келиб ўқийди. Бу йил мактабни 144 нафар ўқувчи битириб, улардан 30 нафари олий таълим даргоҳларига ўқишга кирган.

- Мактабимизда барча педагоглар ўз касбини астойдил севади ва жамоада соғлом муҳит бор, - деди мактаб директори Зебинисо Юсупова. – Мактабда 130 нафар ўқитувчи бўлиб, уларнинг 14 нафари олий тоифа, 28 нафари 1-тоифали ўқитувчилардир. Ўқув даргоҳимиз туманда намунали мактаб сифатида ном қозонишига бу ерга тажрибали, фидойи ўқитувчиларнинг тўпланганидан деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳам мактабимиз таянч мактаби бўлиб, бошқа мактаб ўқитувчиларига бизнинг ўқитувчиларимиз маҳорат дарслари ўтади.

Намунали мактабнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Мактаб электрон кундаликка уланган, бироқ оптик толали интернетга уланган бўлсада, интернет ишламайди. Масъул идораларга қилган мурожаатлари бесамар кетгани боис мактаб раҳбарияти ўз ҳисобидан тўртта wi-fi сотиб олиб, муаммони ҳал этмоқчи.

Бундан ташқари, ўтган ўқув йилида мактаб капитал таъмирланиши керак эди. Пандемия сабаб мактаб таъмири қолдирилган.

850 ўринли мактабда 1892 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда

Яссавий маҳалласида жойлашган 79-умумий ўрта таълим мактаби ҳам намунали мактаблардан ҳисобланади. 850 ўринли мактабда 1892 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Афсуски, бу мактабда ҳам ўқувчилар 2 навбатда ўқиса ҳам синфхоналар етишмайди. Шунинг учун мактабдан 2,5 километр узоқликда жойлашган коллеж биноси филиал сифатида берилган.

2019-2020 ўқув йилида мактабни 144 нафар ўқувчи битирган бўлиб, улардан 23 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

- Ўқитувчи ва ўқувчиларимни рағбатлантириб тураман, - деди мактаб директори Асатулло Джураев. – Яқинда фан олимпиадалари туман босқичида 8 нафар ўқувчим 1-ўринни эгаллади. Уларни ва ўқитувчисини мактаб жамоаси олдида фахрий ёрлиқ билан табрикладим. Ўқитувчига ҳам, ўқувчига ҳам қимматбаҳо совға эмас, рағбат керак. Директор педагогларни руҳлантириб турса, улар ўқувчиларга мотивация беради. Ўқувчилар дарсни қизиқиб тинглайди, ўқиш, ўрганишга иштиёқи ошади.

Мактаб оптик толали интернетга уланган, иситиш тизими яхши. Мактаб кутубхонасида 2,5 мингдан ортиқ бадиий китоблар бор. Фақат мактабнинг 1976 йилда қурилган биноси капитал таъмирга муҳтож. Шунингдек, мактаб ҳовлисидан қўшимча бино қуриш керак.

  Ўтган ўқув йилида вилоятда атиги битта мактаб қурилди

Суриштирувимиз жараёнида шу нарса маълум бўлдики, туман мактабларидаги асосий муаммо синфхоналар етишмаслиги экан. Шу боис айрим мактабларда ўқитувчилар хонаси йўқ. Ўқитувчи дарсдан кейин ёзув ишларини қаерда бажаради? Биз юқорида бўлган мактабларнинг барчасига қўшимча бинолар қуриш керак. Бошқа мактабларда аҳвол бундан ҳам оғирдир?

Бугун айрим синфларда 40 тагача бола таҳсил олмоқда. Аслида ўқувчилар сони 25 тадан ошмаслиги керак. 2019-2020 ўқув йилида вилоят бўйича атиги битта мактаб қурилгани ҳам фикримизнинг исботидир. Янги мактаб Самарқанд шаҳри, Қорасув массивида қад ростлади, бироқ ҳали ишга тушган эмас. Йилдан йилга аҳоли сонининг ортишини ҳисобга оладиган бўлсак, 3 миллион 930 мингга яқин аҳоли яшайдиган Самарқанд вилоятида бир йилда битта мактаб барпо этиш камлик қилади, албатта. Ушбу муаммо бугун республика миқёсида ўрганилиши ҳамда таълим соҳасига бюджетдан етарлича маблағ ажратилиши лозим.

Ҳар ойда ўқитувчилардан имтиҳон олинади

Туман халқ таълими бўлимида бир янгиликни эшитиб, хурсанд бўлдик. Мактаб ўқитувчиларининг билим савиясини баҳолаш мақсадида улардан тест олиш йўлга қўйилибди. Тест саволлари дарслик асосида тузилган бўлиб, ҳар бир фан ўқитувчисига ўзининг фанидан саволлар берилади. Натижалар ҳар бир мактабнинг эълонлар тахтасига жойлаштирилади. Бир ойдан сўнг ўқитувчилардан яна тест саволлари асосида имтиҳон олинади. Бу уларнинг ўз устида ишлашига хизмат қилади.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ҳам авваллардагидек осон эмас, таниш-билишчилик йўқолган. Вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида айрим ўқитувчилар малака имтиҳонидан ўтолмаяпти. Бу ҳам адолатли, шаффоф тизим ўрнатилганидан далолатдир.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото),
“Зарафшон” мухбирлари.