Пайариқдан сакларнинг икки минг йиллик бронза қозони топилди
Аслида ушбу ноёб ашё бундан 29 йил олдин топилган. Фақат уни топиб олганлар унинг ноёблигини билишмаган ва уй-рўзғор буюми сифатида фойдаланиб келган.
Яқинда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси илмий ходимлари музей тўпламларини бойитиш мақсадида вилоятимиз бўйлаб экспедицияга чиқди. Экспедиция давомида аниқланган бир қатор ашёлар ичида сакларнинг бронза қозони айниқса диққатга сазовордир. Қозоннинг баландлиги 37, оғиз қисмининг диаметри 52 сантиметрни ташкил этади. Қозон Еттисув воҳаси сак қабилаларига тегишли бўлиб, милоддан аввалги II-I асрларга оиддир.
Ушбу қозон 1993 йилда Пайариқ тумани Муҳаммади қишлоғи фуқароси, ўша вақтда мактабда директор бўлиб фаолият юритган Анвар Шоғдоров томонидан Қароқчи тоғи ва Тешиктепа археологик ёдгорлиги оралиғидаги адирдан канал қазиш вақтида топиб олинган.
Ушбу ҳудудда бронза қозонларнинг аниқланиши биринчи марта эмас. Қароқчи тоғининг Қўшработ туманидан ўтган қисми ёнбағрида жойлашган Сирлибойтепадан, Пайариқ туманидаги Кўктепа археологик ёдгорлигидан ҳам сакларга оид бронза қозонлар топилган. Шунингдек, 2017 йилда Каттақўрғон туманининг Оқтов тоғларига туташ Йилқиҳайдар қишлоғидан ҳам маҳаллий аҳоли томонидан топилган сакларнинг бронза қозони музей-қўриқхонага топширилган.
Бронза қозонлар бугунга қадар Шимолий Хитойдан Дунай дарёси бўйигача бўлган ҳудудларнинг деярли барча ерида топиб ўрганилган бўлиб, қозонларни саклар, скифлар, сармат ва савроматлар каби кўчманчи қабилаларнинг дегрез усталари минг йиллар давомида қуйиб келишган ва қимматбаҳо буюм сифатида қадрлашган.
Бронза қозонларнинг қўлланилиш борасида бир қатор мутахассислар ўз фикрларини билдирган бўлиб, айрим тадқиқотчилар бундай идишларда ичимлик тайёрлаш билан бир қаторда суюқ маҳсулотлар учун ишлатилганлигини қайд этади. Хусусан, милоддан аввалги V асрда яшаган юнон тарихчиси Геродот ўзининг 9 томли “Тарих” китобида скифлар бундай қозонлардан гўшт пиширишда, диний маросимларда, қурбонлик келтиришда фойдаланганлигини қайд этади. Кичик бронза қозонларидан эса исириқдон сифатида ҳам фойдаланилганлиги Олтойдаги Пазириқ қўрғонидан топилган ашёларда ўз аксини топган.
Географик нуқтаи назардан Йилқиҳайдар қишлоғи, Сирлибойтепа, Кўктепа қўрғонлари ва Муҳаммади қишлоғининг Қароқчи тоғига туташ ҳудудлари ягона Нурота тоғ тизмаларида жойлашган бўлиб, ушбу ҳудуд қадимдан чорвачилик учун доим қулай бўлганлиги сабабли бу ерда чорвадор аҳоли асрлар давомида яшаб келганлигини, бу ерда аниқланаётган кўплаб ашёлар мисолида кўришимиз мумкин. Хусусан, Самарқанд давлат музей-қўриқхонасининг катта жамланмасида сақланаётган кўчманчи қабилаларга мансуб найза ва камон учлари, жанговар бош кийим-шлем ва бошқа ашёлар топилиши, илк темир даврига оид кўплаб қоятош суратларнинг кузатилиши тасодифий эмас. Лекин, уларнинг аксарият ҳолларда тасодифан топилиши, топилган жойини аниқ бир ёдгорлик, маданий қатлам билан боғлаш қийин эканлиги ушбу ашёларни келиб чиқиши, уларнинг ўзига хос хусусиятлари борасида аниқ, тўлақонли фикр айтиш имконини бермайди. Шу жиҳатдан, қадимий ашёлар аниқланган ҳудудларда кенг қамровли археологик изланишлар олиб бориш, аниқланган ашёларни нафақат морфологик, балки замонавий усуллар ёрдамида таҳлил қилиш ўтроқ ва чорвадор аҳоли ўртасидаги муносабатлар, уларнинг моддий маданияти ва бошқа масалалари борасида бир қатор янги, илмий асосланган маълумотларни қўлга киритиш имконини беради.
Маҳмудхон Юнусов, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.